Nur Otan партияси Туркистон вилоят филиалининг мажлислар залида ишчи кучи тақчил Шимолий минтақаларга аҳоли зич жойлашган Жанубдан аҳолини кўчириш масаласи муҳокама қилинган мажлис ўтди.
Zoom дастури ёрдамида ўтган тадбирда Туркистон, Шимолий Қозоғистон, Шарқий Қозоғистон, Қўстанай ва Павлодар вилоят бандлик ва ижтимоий дастурларни мувофиқлаштириш бошқармалари раҳбарлари, масъул мутахассислар, Туркистон вилоят маслаҳати депутатлари, бандлик бўлимлари етакчилари қатнашди. Мажлис модератори – Nur Otan партияси Туркистон вилоят филиали раисининг биринчи ўринбосари, вилоят маслаҳати депутати Бейсен Тажибаев миграция стратегик аҳамиятга эга масала эканлигини таъкидлади.
– Nur Otan партиясининг “Ўзгаришлар йўли: ҳар бир фуқарога муносиб ҳаёт!” сайловолди дастурида вилоят аҳолисининг фаровонлигини ошириш кўзланган. Бу борада минтақа аҳолисини иш ўринлари кўп Шимолий минтақаларга кўчишига ёрдам кўрсатиш орқали меҳнат захираларидан унумли фойдаланиш мумкин. “Бандликнинг йўл харитаси-2020” дастури амалга ошган 5 йилда Шимолий Қозоғистон, Шарқий Қозоғистон, Павлодар ва Қўстанай вилоятларига 20 мингдан зиёд одам кўчган бўлса, ундан 6 минг нафари ёки 1700га яқин оила Туркистон вилояти аҳолиси. Биз кўчиш истагини билдирган фуқароларга ёрдам бериш, шу йўналишда ахборий ва тушунтириш ишларини юритишни жонлантиришимиз зарур. Ҳар бир фуқаро Шимолга кўчишида нималарга эътибор қаратиш зарурлигини, уларга давлат томонидан қандай ёрдам беришини билиши шарт, – деди Б. Тажибаев.
Миграция соҳасига улкан ҳисса қўшиб келаётган фаол фуқаро, “Евроремонт сервис” МЧБ директори Жанабай Ағабеков “Кўчиб борувчиларнинг насияларига 6 ойгача танаффус берилса, минтақаларнинг ўзига хослиги билан таништирадиган марказлар очилса, ҳар бир қишлоққа камида 5-10 оила бирга кўчирилса, ишимиз янада жонланар эди. Ҳозирги кунда ҳам янги жойда янги ҳаёт бошлашга қарор қилганлар етарли”, деди.
Вилоят бандлик ва ижтимоий дастурлар бошқармаси раҳбарининг ўринбосари Нуржан Нурашов “Меҳнат” дастури доирасида кўчиб борганларнинг 30 фоизи Туркистон вилояти аҳолиси эканлигини таъкидлади. Унинг мавълумотларига кўра, бажарилган ишлар натижасида йил бошидан буён Туркистон вилоятидан 36та оила, 117 киши кўчган. 5 йилда вилоятдан кўчиб борганларнинг 2286 нафари ишга яроқли бўлиб, ундан 1545 нафари доимий иш билан таъминланган.
Агар Шимолга кўчиб борсангиз, “Меҳнат” дастури доирасида оиланинг ҳар бир фуқаросига 35 ОҲК (102095 тенге) миқдорида моддий ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, ўн икки ой давомида уйни ижарага олиш харажатларини ўташга субсидия берилади. Шаҳарга кўчиб борган бир одам 20 ОҲК (58340 тенге) миқдорида моддий ёрдам олса, оила аъзоларининг сони иккитадан тўрттагача бўлса, 25 ОҲК (72925 тенге) миқдорида ижара ҳақи берилади. Қишлоқ жойларга кўчиб борган бир одам учун 15 ОҲК (43755 тенге) миқдорида ижара ҳақи берилади. Оила аъзоларининг сони иккитадан тўрттагача бўлса – 18 ОҲК (52506 тенге) миқдорида моддий ёрдам олади.
Шу ва бошқа маълумотлар муҳокама қилинган учрашувда 5та вилоятнинг ижтимоий соҳаларига масъул бошқарма раҳбарлари ўз фикр ва таклифларини билдиришди. Шимолий Қозоғистон вилоят бандлик ва ижтимоий дастурлар бошқармаси раҳбарининг ўринбосари Ринат Елжасов минтақада мингдан зиёд бўш иш ўринлари мавжуд эканлигини айтди. Павлодар вилоят бандлик ва ижтимоий дастурлар бошқармаси бўлим мудири Меруерт Есенбаева кўчиб борганларнинг 78 фоизи доимий иш билан таъминланганини таъкидлади. Улар бошпана билан таъминлаш масаласида ҚР Парламенти депутатларига мурожаат қилишларини айтишди.
Мажлис якунида яқин вақт ичида туман, шаҳар “Бандлик марказлари”да “Меҳнат” дастури орқали кўчишни истаганларга маслаҳат берадиган бўлим очиш, уларнинг кўчишига ёрдам берадиган ҳомийларни топиш ва оилалар рўйхатини аниқлаш, ташвиқот ишларини кучайтириш юзасидан қарор қабул қилинди. Шунингдек, Интернетда Туркистон вилоятининг кўчишни истаган фуқаролари учун махсус сайт очиш таклиф қилинди.
Бугунги кунда Шимолий минтақаларга кўчганлар сони бўйича Туркистон вилоятининг Жетисай, Мақтаарал, Сариоғоч, Келес, Қазиғурт, Сайрам туманлари ва Арис шаҳри пешқадамлик қилмоқда.
Қозоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги қондошлар ва кўчиб борувчиларни қабул қилишнинг минтақавий квотасини тасдиқлади. Шунга мувофиқ, 2021 йили Ақмўла, Шарқий Қозоғистон, Қўстанай, Павлодар, Шимолий Қозоғистон вилоятларига кўчиш учун 6039та квота ажратилган.