26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Туркистоннинг тарихи Култўбедан бошланади

Култўбе – замонавий Туркистоннинг бешигидир. Тарих сирларини пинҳон тутган ушбу муқаддас даргоҳга нафақат қозоғистонлик, балки жаҳон олимлари ҳамжамияти қизиқиш билдирмоқда.
Ҳозирги кунда ушбу қадимий харобани ўрганиш ишлари Евроосиё гуруҳи (ERG) молиявий кўмагида Қозоғистон илмий-тадқиқот маданият институти ходимлари томонидан олиб борилмоқда. Алкей Марғулан номидаги археология институти директори, Миллий Фанлар академиясининг академиги Бауржан Байтанаев билан “Казинформ” мухбири К. Павлов суҳбати ушбу Култўбенинг махсус археологик ёдгорлик мақоми билан ҳам боғлиқ эди.
– Бауржан Абишўғли, саволимизни ҳозирда Қозоғистонда олиб борилаётган археологик тадқиқотлар жойлари ҳақидаги суҳбатдан бошласак...
– Умуман олганда, бундай тадқиқотлар Қозоғистоннинг деярли барча ҳудудини қамраб олади. Ҳар йили баҳорда экспедициялар Жанубий, Шарқий, Шимолий, Ғарбий ва Марказий Қозоғистонга юборилади. Жанубда археологлар Туркистоннинг Култўбе қалъаси каби муҳим археологик жойда, шунингдек, Ўтирор ва Исфижоб сингари муҳим археологик жойларда кенг қамровли ишлар олиб боришмоқда. Қоратов тоғи ёнбағирларидаги турли тепаликлар, харобалар ва қадимий аҳоли манзиллари ўрганилмоқда. Марказий Қозоғистонда Тасмола ва Андронов маданияти ёдгорликлари, Ғарбда Сармат тамаддуни ёдгорликлари ўрганилмоқда. Археологлар Берел маданияти (Алтайнинг дастлабки кўчманчилари), турклар ва Саклар тамаддуни ёдгорликларига ҳам эътибор қаратишди. Фақатгина кенг археологик тадқиқотлар натижасида биз ўтмишимиз сирларини очиб бера оламиз.
– Хўш, ўрганилаётган ушбу тарихий жойлардан қайси бирини алоҳида таъкидлаган бўлардингиз?
– Албатта, ҳар бир археологик майдоннинг ўзига хос хусусиятлари бор. Шу билан бирга, мен Култўбе харобасидаги кенг кўламли археологик қазилма ишларини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу – ҳозирги кунда Қозоғистондаги пастки қатламлари тўлиқ ўрганилган ягона археологик жой. Шу туфайли биз унинг икки минг йил муқаддам қандай бўлганлиги ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлдик. Култўбеда очилган янгиликлар ўша пайтдаги меъморчилик, хусусан, диний биноларда янгича нуқтаи назар яратади. Таниқли қозоқ археологи, Ербўлат Смағулов (марҳум) хоч шаклидаги тузилмани топиб ўрганган эди. Шундай қилиб, тузилмаларнинг бундай жойлашуви қадимги даврлардан бошланганлиги аниқланди. Бир пайтлар Сирдарёнинг қуйи оқимида милоддан аввалги III-II асрларда қадимий шаҳар маданияти мавжуд эди. Агар Амударё бўйида Юнон – Бақтрия давлати ва Буюк Александрнинг авлодлари – Селевкийлар давлати ҳукмронлик қилган бўлса, Сирдарё бўйида массагетлар, даис, дахс ва бошқа қабилалар яшаган. Милоддан аввалги II асрда Сирдарёнинг пастки қисмидаги оқим юқорига кўтарилди. Натижада, унинг бўйидаги шаҳарларнинг ҳаёти тўхтади ва аҳоли Сирдарёнинг юқори оқимига ўтиб, яшаш ва деҳқончилик қилиш учун мос жойларни излай бошладилар. Қадимги меъморчилик хусусиятларига эга бўлган шаҳарларнинг режаси шу тарзда пайдо бўлди. Хусусан, Туркистонда бошланган Култўбе шаҳарчаси худди шу тарзда пайдо бўлган, деб тахмин қилишимиз мумкин. Лекин, менимча, Туркистоннинг илдизи бундан ҳам қадимги даврларга бориб тақалади. Милоддан аввалги иккинчи минг йилликнинг ўрталаридан бошлаб бу ерда Андроново маданияти қабилалари муқим яшаган. Бунинг исботи – Туркистон ҳудудида ушбу маданиятга тегишли қабристонлар бўлган. Шу сабабли, шаҳарда қадимий аҳоли манзилларининг асосларини топишгина қолади.
– Сиз айтаётган археологик ёдгорлик қанчалик муҳим? Унинг аҳамияти нимада?
– Култўбе харобасини ўрганиш – Туркистон тарихи биз ўйлагандан ҳам теран эканлиги тўғрисида аниқ хулоса чиқаришга имкон берди. Умуман олганда, Туркистоннинг ёши тўғрисида сўралганда собиқ Шўролар давридаги маълумотлардан фойдаланилганлиги маълум. Шу билан бирга, Ербўлат Смағулов илмий тўпламда «Туркистон неча ёшда?» деган мақола чоп этган эди. Олим қазилма ишларида топилган сопол буюмлар ва турли ёзма маълумотларни таҳлил қилди. Сўнг Туркистон V асрда пайдо бўлди, демак шаҳар 1500 ёшда эканлигини англатади дея эълон қилди. Шунга асосланиб, 2000 йилда Туркистон ўзининг 1500 йиллигини нишонлади. Таъкидлаш жоизки, бу шўролар давридаги тадқиқот хулосаларига асосланган, жиддий изланишларсиз эълон қилинган сана эди. Туркистоннинг юбилейидан сўнг, 2004 йилда Элбоши ташаббуси билан «Маданий мерос» дастури доирасида тадқиқот ўтказилди. Харобани ўрганиш натижасида Туркистон шаҳрининг ёшига муносабат ўзгарди ва энди биз унинг камида 2200 ёшда эканлигини ишонч билан айтишимиз мумкин. Шаҳарнинг пойдевори бундан ҳам олдинроқ қўйилган бўлиши мумкин.
– Уч йилдан буён Култўбе қалъасидаги илмий тадқиқотларни Қозоғистон илмий-тадқиқот маданият институти олимлари олиб боришмоқда. Улар археологик тадқиқотлар доирасида қисман тиклаш, этно-ижтимоий ва маданий тадқиқотларни ўз ичига олган мажмуавий тадбирларни ҳам амалга оширишмоқда. Уларнинг фаолиятини қандай баҳолайсиз?
– Ҳамкасбларим томонидан амалга оширилаётган лойиҳа хусусий сармоядор томонидан молиялаштирилганлигини таъкидлашни истардим. Иккинчидан, илм-фан нафақат давлат томонидан, балки йирик бизнес томонидан ҳам қўллаб-қувватланаётганидан жуда хурсандман. Бу Қозоғистонда илмга ажратилган биринчи сармоядир. Умуман олганда, Қозоғистон илм-фан ва археологиясини ривожлантиришга кўпроқ ишбилармонларни жалб қилиш керак деб ўйлайман. Лойиҳага келсак, унинг ўзига хослиги бу мустақил Қозоғистон тарихидаги дастлабки йирик археологик қазилмадир. Илгари, жуда кўп куч ва маблағ талаб этадиган бундай экспедициялар фақат Совет Иттифоқи даврида бўлган. Тўғри. Муболаға қилмайман. Ҳатто уни Тожикистонда археологик тадқиқотлар олиб борган Панжикент экспедицияси ва шўролар давридаги кенг кўламли Ўтрор экспедицияси билан таққослаш мумкин. Култўбеда 30 гектардан зиёд ерлар қазиб олинмоқда ва биз шаҳарнинг асрлар муқаддам қандай қиёфага эга бўлганлигидан воқиф бўлдик. Тарихий жойларни сақлаш ва қисман илмий қайта тиклаш каби муҳим ишлар ҳам олиб борилмоқда. Барча археологик тадбирлар ЮНЕСКО андазаларига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Андазаларга мувофиқ, агар тарихий жойнинг сақланиш даражаси 70 фоиздан кам бўлса ва унинг тасвири туширилган фотосуратлар ва чизмалар бўлмаса, у тикланмайди, аксинча сақланиб қолади. Агар тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлса, бу жойда илмий қайта тиклаш тадбирлари амалга оширилади. Бу ерда Туркистондаги Верещагин ва Приоровнинг фотосуратлари ва Вележевнинг XIX асрдаги шаҳар тасвирланган расмлари мавжуд. Шу сабабли, мутахассислар ушбу ҳужжатлар ёрдамида ўша даврдаги тарихий жойларни тиклашлари мумкин. Менимча, бу зарур. Сайёҳлар ўша пайтдаги кўчаларда сайр қилишни ва шаҳар аҳолиси қандай яшаганлигини билишни истайди.
– Култўбеда амалга оширилган илмий-тадқиқот лойиҳасининг асосий мақсади – очиқ ҳавода «Култўбе шаҳарчаси» археологик паркини барпо этиш. Унинг имкониятларини қандай баҳолайсиз?
– Менимча, бу сайёҳлар учун жуда қизиқарли жой бўлиши мумкин. Замонавий сайёҳлик учун ҳар қандай тарихий жойнинг пайдо бўлиши ҳақидаги қуруқ сўзлар етарли эмас. Сайёҳлар ҳақиқий археологик далилларни кўришга, қадимий кўчаларда юришга, қадимий уйлар ва ибодатхоналарга ташриф буюришга қизиқишмоқда. Бу Култўбедаги сайёҳларга берилган имконият. Элбоши Нурсултан Назарбаев “Шаҳар тарихи бутун қозоқ халқи учун муҳим қарорлар қабул қилинган Култўбедан бошланди”, деган эди. Дарҳақиқат, Култўбеда ўтказилган илмий тадқиқотлар жуда муҳимдир. Бу улкан Евроосиё халқлари маданиятларининг уйғунлашуви ва ўзаро таъсир жараёнларини ўрганишнинг асосий ёдгорлиги бўлган Туркистоннинг мавқеини янада мустаҳкамлайди ва кўпроқ сайёҳларни жалб қилиш имконини беради. Мухтасар қилиб айтганда, тарихий жойларни уларни сақлаб қолиш муҳимдир. Култўбенинг меъморчилиги тажовузкор муҳитга дош беролмайди, шунинг учун парк доимий ғамхўрликка муҳтожлиги аниқ. Шу муносабат билан Қозоғистон илмий-тадқиқот институти Култўбедаги илмий-тадқиқот ишлари билан бир қаторда тарихий ёдгорликларни сақлаш ва қисман илмий қайта тиклаш билан шуғулланаётгани қувонарлидир. Очиқ осмон остидаги паркни ободонлаштиришда маҳаллий ижро органлари иштирок этмоқда. Илгари сайёҳлар ва зиёратчилар Туркистонга фақат Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилиш учун ташриф буюришган, аммо келажакда улар Қозоғистоннинг энг қадимги шаҳри жойлашган жойни кўриш имконига эга бўлишади.
– Суҳбат учун ташаккур!

Казинформ, 2021-04-10, 01:12 256
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.