Шўролар мустабид тузуми жамияти ўтмишида қозоқ тарихини янги йўналишда ўрганадиган жиҳатлари кўп. Улардан бири – Сталин таъқибига учраб, қамалган, махсус лагерларда жазосини ўтаган қозоқ аёлларининг тақдири, улар “ватан хоини” оиласи аъзоси сифатида қатағон қилинган.
ХХ асрнинг 20-30 йилларида қозоқ халқи озодлиги учун курашда миллат манфаатларини ўз манфаатларидан устун қўя олган тараққийпарвар қозоқ зиёлилари ва сиёсий элита вакиллари етакчилик қилди. Улар маърифий ва ижтимоий-сиёсий фаолият билан бир қаторда, қозоқ давлатининг кўп тармоқли иқтисодиётини юксалтириш, маориф ва маданиятини миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ривожлантиришга ўз ҳаётини бағишладилар. Минг афсуски, мустабид тузум сиёсати улуғ мақсадларимизга эришишга тўсқинлик қилди ва кўплаб юртдошларимиз Сталин даври қатағони қурбони сифатида ноҳақ жазоландилар. Уларнинг оила аъзолари ва қариндошлари ҳисбга олиниб, қамалди.
1930- йилларда СССРда 3 миллионга яқин киши Ички Ишлар Халқ комиссарлиги (ИИХК) томонидан сиёсий қатағонга учради. Ҳозирча бу сўнгги аниқ маълумот эмас. Қозоғистонда бу давр мобайнида 103 минг киши қатағон қилинди, 25 мингдан зиёди отишга ҳукм қилинди. Жанубий Қозоғистон вилоятида эса 7 минг киши ҳисбга олиниб, 2,5 минг нафари отиб ўлдирилди.
Афсуски, бу рўйхат бугунги кунгача давом этиб, бедарак йўқолганларнинг ҳужжатлари ҳамон топилмоқда.
1930-йилларнинг ўрталаригача аёллар лагерлари йўқ эди. Қозоғистондаги “халқ душманлари”нинг аёллари учун АЛЖИР (рус. Акмолинский Лагерь Жён Изменников Родины) 1937 йилда НКВД (Ички ишлар халқ комиссариати)нинг махсус буйруғи билан бундай аёллар учун Ақмўла лагери очилиб, кейинчалик халқ орасида АЛЖИР деб аталиб кетди.
“Халқ душмани” сифатида қамоққа олинган партия аъзоларининг рафиқалари, қизлари, опа-сингиллари, совет амалдорлари, таниқли олим ва ёзувчиларининг оила аъзолари шу тарзда ҳуқуқларидан ноҳақ маҳрум қилинди. АЛЖИР 1937 йил август ойида Қарағанди лагери, 17-бўлимнинг 26-манзили сифатида ҳозирги Нур-Султан шаҳрининг жануби-ғарбидаги Тўнкерис (Малиновка) қишлоғида ташкил этилган. Сотқинлар учун Ақмўла лагери ҚАРЛАГнинг фақат бир қисми. 30 минг гектар майдонни эгаллайди. Аёллар учун 1 йилдан 8 йилгача қамоқ жазосини ўташ белгиланган эди. Ақмўла аёллар лагери ҚАРЛАГ тасарруфида бўлган. Қарағанди лагери бевосита ГУЛАГ қарамоғида бўлган. ГУЛАГнинг маркази эса Москва эди...
“Халқ душмани” сифатида ўлимга маҳкум этилган зиёлилар ва таниқли арбобларнинг хотинлари РСФСР Жиноят кодексининг 58-моддаси, 17-банди билан айбланиб, 8 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Лагерларда жазосини ўтаётганларнинг хотинлари 3,5 йил озодликдан маҳрум этилган. Турар Рисқуловнинг аёли – Азиза Рисқулова, Султанбек Қўжановнинг аёли – Куландам Қўжанова, Сейитқали Мендешовнинг аёли – Разия Мендешова, Темирбек Жургеновнинг аёли – Дамеш Ермекова-Жүргенова, Санжар Асфендияровнинг аёли – Рабиға Асфендиярова, Жанайдар Садуақасовнинг аёли – Елизавета Садуақасова, Бейимбет Майлиннинг аёли – Кунжамал Майлина, Сулеймен Есқараевнинг аёли – Мариям Есқараева, Ғаббас Тўғжановнинг аёли – Мариям Тўғжанова, Сакен Сейфуллиннинг аёли – Гулбахрам Сейфуллина, Узақбай Қулимбетовнинг аёли – Айиш Қулимбетова, Ниғмет Сирғабековнинг аёли – Бибижамал Сирғабекова, Қайсар Таштитовнинг аёли – Сағадат Таштитова, Мухаметқали Татимовнинг аёли – Шакитай Татимова, Илияс Қабиловнинг аёли – Айша Қабилова, Жумат Шаниннинг аёли – Жанбике Шанина, Зарап Темирбековнинг аёли – Сақипжамал Назарова, Атилаш Қалменовнинг аёли – Баршин Қалменова, Қабилбек Сармўлдаевнинг аёли – Майнур Сармўлдаева, Айтеке Мусиннинг аёли – Хадиша Мусина, Даулет Ўразовнинг аёли – Мадина Ўразова ва бошқаларнинг бошига жабру ситам солинади.
Жанубий Қозоғистон вилояти бўйича ҚАРЛАГ, АЛЖИР маҳбуслари бўлган аёллар: Алтинбаева Хабиба, Алдабергенова Албусина, Алтибаева Балақиз, Ахмедова Кулжан, Бағизбаева Сулухан, Бобоева Хоной, Бушуева Наталья, Ерубаева Зейне, Зеленская Наталья, Ибрагимова Амина, Иноғомова Ҳабиба, Лисина Акулжан, Қабулова Абиша Курбанбековна, Макина Иниш, Малдибаева Сара, Садиқова Сулукул, Сарсенбаева Фатима, Флейшер Ксения, Эрнст Мария ва бошқалар.
АЛЖИРдаги машъум йилларда оналар таҳқирланиб, кўп қийинчиликларни бошдан кечирдилар.
Улар чорвачилик билан шуғулланишди, заводлар қуришди, ер қазиб, боғлар барпо этишди ва ҳоказо оғир ишларни қилишди. Лагердаги кўплаб аёллар руҳий хасталикка учраган.
Бағизбаева Сулухан 1905 йили 14 февралда Шимкент шаҳрида дунёга келган. Рус тилини яхши билган отаси Еспўл Қўлдасбеков (1895 йили туғилган) таржимон бўлиб ишлаган. Сулухан оиланинг каттаси эди. Ундан кейин беш ука ва тўрт сингил бор эди. Сулуханнинг турмуш ўртоғи Мамбетали Бағизбаев 1893 йилда Жанубий Қозоғистон вилоятининг Тулкибош туманидаги Кемербастау қишлоғида туғилган. Жанубда биринчи бўлиб, пахтачилик хўжалигини ташкил этган, Шимкентда вилоят партия қўмитаси қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи бўлган. Мамбетали Бағизбаев 1937 йил 25 августда ҳибсга олинган. 1938 йил февралда СССР Олий суди Ҳарбий ҳайъатининг ҳукми билан РСФСР Жиноят кодексининг 58-7, 58-8, 58-11-моддалари билан айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган.
Ҳукм ўша куниёқ ижро этилади. Аёли Сулухан 1937 йил 10 ноябрда “халқ душманининг хотини” сифатида ҳибсга олиниб, 1938 йил 21 июлда РСФСР ЖКнинг 58-2, 58-8, 58-9, 58-11- моддалари билан 5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Қамоқ жазосини Қарағанди меҳнат лагерида ўтказган. Икки қиз ва ёлғиз ўғли болалар уйига ўтказиб юборилади. Кичик қизи Мая (1929 йилда туғилган) Орск шаҳридаги Сорочинск болалар уйида тарбияланган, отаси Мамбетали Михаилга ўзгартирилиб, Мая Михайловна бўлган. Катта қизи Зоя (1927 йилда туғилган) ва Султанбек бошқа болалар уйига топширилади. Султанбек 1943 йилда урушга кетиб, бедарак йўқолади...
Кейинчалик ҚозМУнинг профессори, миллат фидойиси, ҚозМУ ректори Ўмирбек Жўлдасбековнинг умр йўлдоши Мая Бағисбаева шундай ёзади: “Ҳали кўз олдимда, эндигина 32 ёшга келган онамни ҳам қамашди... Султанбек “халқ душмани” деган тавқи лаънатдан қутулиш учун 16 ёшида урушга боришни сўради. Онамга ёзган бир хатини эслайман. Унда: “Отамнинг ва бутун оиламнинг шаънига тушган доғни қон билан юваман” деган сўзлар бор эди... У 19 ёшга тўлмай жанг майдонида ҳалок бўлди”.
Сулухан Бағизбаева жазо муддатини ўтагач, Марказий Қозоғистонда қолиб, қора меҳнат билан кун кечиради. Мая 1945 йилда, орадан етти йил ўтгач, йўқолган онаси билан Долинка қишлоғида топишади. 1946 йили Шимкентга қайтиб келади. У 1996 йилда 91 ёшида вафот этди. Унинг эри Мамбетали Бағизбаев 1990 йил 30 октябрда Шимкент вилоят прокуратураси қарори билан оқланган.
Сейилханова Балайим 1914 йилда Сўзоқ туманида кўчманчи оилада туғилган, кўчманчи оилада яшаб, вояга етган. Болалик чоғидан янги ҳаётга фаол аралашиб, 16 ёшида саҳнага чиққан. Илк роли Мухтар Ауэзовнинг “Эскилик соясида” пьесасидаги Жамал образи эди. У ўқиш ва ёзишни яхши билган, комсомолнинг биринчи қалдирғочлари сифатида туман комсомол қўмитасида ишлаган. Шимкентга ўқиш учун келади. Лекин хасталикка чалингач, ўқишни ташлаб, уйига қайтади. Даволаниб, оёққа тургач, мактабда ишлай бошлайди. Шу орада “Ачисайполиметалл” комбинати ҳарбий хавфсизлик хизмати бошлиғи Султан Жакенов билан топишиб, турмуш қуради. Ўша пайтда у 20 ёшли қиз эди. Ўқишга иштиёқи туфайли 1935 йилда Алматидаги КомВУЗда икки йиллик ўқишга киради. 1937 йилда ҳам ўқишдан, ҳам комсомолдан, ҳам партияга аъзоликка номзодликдан, ҳам ётоқхонадан ҳайдалади. Унинг турмуш ўртоғи Султан Жакенов 1937 йил 3 сентябрда ҳибсга олиниб, “халқ душмани” сифатида туҳмат билан қамалади. Балайим Сейилхановага нисбатан эса суд 30 декабрь куни 10 йилга қамоқ жазосига ҳукм чиқаради. С. Жакенов Шимкентда отилади. Жасади “Ҳасрат” мемориали остидадир.
Маҳбусларнинг 3 мингга яқини Россияга ҳайдаб олиб кетилади. Балайим 10 йил давомида Россиянинг Архангельск, Вологда, Ярослав, Калинин заминларида оғир меҳнат қилиб, кўп азоб чекади. 1943 йилда оғир дардга чалинган аёлни қамоқхона аҳлига мўлжалланган касалхонага жойлаштиришади. У ерда хаста аёл қўлини оғзига ҳам олиб боришга мадори етмай, 6 ой ҳаракатсиз ётади.
Уни рус жарроҳ-шифокори Евгения Ильинична Самореч даволайди. У ҳам Балайим каби “халқ душмани”нинг аёли эди...
Уруш тугагач, 10 йиллик жазо муддати ҳам тугайди ва Балайим 1947 йилда озодликка чиқиб, юртига қайтади.
1972 йилгача “Ачисайполиметалл” заводида турли вазифаларда, шу жумладан, 14 йил ошхона директори бўлиб ишлайди. Иккинчи марта турмуш қуриб, бола-чақали бўлади.
Кўриб турганингиздек, ўтган 30-йилларда сиёсий қатағонга учраган аёллар ҳаётини ўрганиш, айниқса, қозоқ аёлларини тадқиқ қилиш, уларнинг ноҳақлигини исботлаш миллий маънавиятни мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Турмуш ўртоғи ноҳақ бадном қилинганида, беихтиёр ўзлари ҳам изтироб ва азобларга чидаган, қатағон қилинган эркакларининг ортидан излаб бориб, таянч бўлган, ўзи лагерларда қамалса ҳам фарзандлари ва оиласини ўйлаб яшаган, озодликка чиққандан сўнг боласини излаб топиб, оиласини бутлаган, авлодини сақлаб қолган аёлларнинг, айниқса, қозоқ аёлларининг куч-ғайрати, сабр-бардоши ва матонати келажак авлод учун унутилмас ва ўчмас ибратдир.
Биз сиёсий қатағон даврида ўзини мардонавор тутиб, ҳақиқатдан юз ўгирмай, ғанимларга бош эгмай жасорат кўрсатган оналаримизга чуқур ҳурмат ва эътирофимизни билдирамиз. Уларнинг қаҳрамон руҳи ҳеч қачон унутилмайди. Биз улар билан фахрланамиз, уларнинг жасорати, сабр-бардоши, ақл-заковати ва бошқа сифатларини тарғиб қилиб, ёш авлодга етказиш бурчимиздир.