26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Давлат тили – миллатлар тотувлигининг рамзи

Шимолий Қозоғистон вилоятининг маркази – Петропавл шаҳрида қозоқ тилида эркин гаплаша оладиган Қозоғистон халқи Ассамблеяси аъзолари, Ассамблеядан сайланган депутатлар, ушбу тадбирдан манфаатдор давлат органларининг вакиллари, илм ва ижод аҳли, этномаданият бирлашмалари, фуқаролик жамияти ёшлари, қозоқ тили услубиятчилари, Дўстлик уйлари, ОАВ вакиллари иштирокида “Буюк Даштнинг миллатлараро тили” республика анжумани ўтди.

Қозоғистон халқи Ассамблеяси фаолияти давомида давлат тили мақомининг мустаҳкамланиши, тил тараққиётига асосий эътиборни қаратиб келган. Ўтган тадбир жамоат тотувлиги, бирлигини таъминлашга йўналтирилган. Мақсад-муддао шу асосда давлат тилининг қўлланиш доирасини кенгайтириш, оммалаштириш ва уни мукаммал ўрганиш имкониятларини намойиш этишдан иборат.

Давлат тили жипслаштирувчи аҳамиятга эга ва у барча қозоғистонликларда умумфуқаровий тенглик ҳамда қозоғистонча ватанпарварликни шакллантиради. 

Шимолий Қозоғистонда ўтган анжуман – “Буюк Даштнинг миллатлараро тили” давлат тилининг оммавийлашуви борасидаги муваффақиятли лойиҳалардан бири бўлди, десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Зеро, Давлат раҳбари Қозоғистонда муқим яшашни ихтиёр айлаган ҳар қандай миллат вакили келажагини порлоқ ва зафарли ҳолда кўрмоқ истаса, бор куч-ғайратини давлат тилини ўрганмоққа йўналтириши керак, деб кўп бор таъкидлаган.

Вилоят ҳокимлигининг мажлислар залида ўтган тадбир муқаддимасида давлат тилини ўқитиш, ўргатишга мўлжалланган услубий қўлланмалар кўргазмаси, бой адабиёт жамғармаси намойиш этилди.

Анжуманни ҚР Ахборот ва жамоат тараққиёти вазирлиги “Жамоат тотувлиги” РДК директори Қ. Мангелдинов очиб, олиб борди. Қозоғистон халқи Ассамблеяси раисининг ўринбосари Т. Каримов, Шимолий Қозоғистон вилояти ҳокимининг биринчи муовини М. Тасмағанбетов давлат сиёсати, миллатлараро тотувлик ва бирликни ривожлантиришдаги давлат тилининг турфа этнос вакилларини жипслаштирувчи аҳамияти хусусида гапирдилар. “Қозоқ тили” халқаро жамияти президентининг ўринбосари М. Рожин “Тил ўрганиш – миллатнинг табиатига яқинлашиш омили”, Шимолий Қозоғистон вилояти ҚХА раисининг жамоатчи муовини А. Витченко “Вилоятдаги этнослар ўртасида давлат тилининг аҳволи ва ривожланиши тўғрисида”, ҚР Президенти ҳузуридаги Миллий қурултой аъзоси, Астана шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Ш. Пўлатов давлат тилининг жамиятимиздаги ўрни, ОЎЮ талабаларининг тил ўрганишдаги тажриба ва ютуқлари тўғрисида атрофлича фикр юритдилар.

“Давлат тили – Мустақиллик пойдевори”, “Келажагимиз қозоқ тили билан чамбарчас боғлиқ”, “Қозоқ тилидан бой тил йўқ”, “Бошланғич синфларда қозоқ тилига устуворлик бериш жоиз” каби кўплаб мавзуларда қизиқарли маърузалар давом этди.

ҚР “Дўстлик” ҳамжамияти раиси И. Ҳошимжонов давлат тилининг мақомини юксалтириш борасида гапирар экан, аниқ ва кўпларга ибрат бўладиган мисолларга таянди:

– “Давлат тилини билиш – фарзинг!”, “Давлат тили – дўстлик кўприги”, “Мемлекеттік тіл – достықтың дәнекері” мавзуидаги кўрик-танловлар республика миқёсида ўтказиб келинмоқда. 2004 йили жамоат арбоби Р. Холмуродов ташаббуси билан бошланган “Давлат тилини билиш – фарзинг!” танлови йил сайин ўтказилмоқда. Фақат пандемия давридаги чекловли йиллар бундан мустасно. Танлов ғолибларига ОЎЮларда бепул, грант асосида таълим олишлари учун сертификатлар тақдим этилди. Ўтган йиллар мобайнида фарзанди талабалик бахтига муяссар бўлган ота-оналарнинг чўнтагида йил сайин ўрта ҳисобда 250-300 минг тенге атрофидаги маблағ қолди. Ана шу танловлар ғолиби бўлиб, олий маълумот соҳиби бўлганларнинг кўпчилиги бугун муаллим, биз билан алоқага чиқиб, миннатдорчилик билдириб туришади.

Айни дамда ҳам қозоқ халқининг урф-одатлари, тили ва маданиятини ўрганиб, танловда иштирок этаётганлар сафи кенгаймоқда. Улар юқори ўринларга сазовор бўлишмоқда. Боиси, ўзбек этномаданият бирлашмалари давлат тили, анъанаю урф-одатларнинг таълим масканларида пухта ўрганилишига камарбаста бўлишмоқда.

Шу ўринда “Буюк Даштнинг миллатлараро тили” республика анжуманида иштирок этган вакиллар – Қарноқ қишлоғидан “Жанубий Қозоғистон” газетасининг фаол обуначиси, устоз-муаллим Достон Абдалиев ҳамда республика “Ассамблея жастары” жамоат бирлашмасининг Манғистов вилояти бўйича ваколатхонаси раиси ўринбосари Дилноз Рўзиметова, Ақтов шаҳридаги коллеж талабаси Достон Дилшод ўғли ҳам давлат тилининг мавқеи, унинг фаолият доираси бунданда кенгроқ бўлиши, миллатлараро тилга айланиши жамият равнақига хизмат қилишини таъкидлашди.

Республика анжумани муваффақиятли ўтди. ҚХАнинг этномаданият бирлашмалари билан алоқалар бошқармаси раҳбари Абдумўмин Асилов ва унинг ёрдамчиларининг саъй-ҳаракатлари бесамар кетмади.

Анжуман иштирокчилари тадбир поёнида вилоят марказидаги тарихий ўлкашунослик музейига саёҳат уюштиришди. Ўлка тарихига оид қизиқарли маълумотлар билан танишиш, табиий ер ости бойликлари нималардан иборатлиги ҳақида маълумотга эга бўлишди.

М. АБУБАКИРОВ. Шимкент–Петропавл–Шимкент, 2022-11-05, 03:09 299
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.