26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Давлат тараққиётининг асоси – сифатли таълим

Президент Қасим-Жўмарт Тўқаев Август анжуманининг умумий мажлисида нутқ сўзлади

Янги ўқув йили бошланиши арафасида Астанада устоз-мураббийларнинг анъанавий Август анжумани ўтди. Одатга кўра, ушбу учрашувга бутун Қозоғистоннинг энг илғор ўқитувчилари йиғилиб, таълим соҳасидаги замонавий муаммо ва йўналишлар, таълим сифатини ошириш масалаларини касбий мулоқот давомида муҳокама қилдилар. 

Бу йил ўқитувчилар анжумани “Инсон капитали, билим ва тараққиёт – Халқ Конституциясининг асосий қадриятлари” мавзуига бағишланди. 

Анжуманда Президент Қасим-Жўмарт Тўқаев иштирок этди. Давлат раҳбарининг нутқи аслида ўқитувчилар жамиятига мурожаати бўлиб, унда мамлакатимиз таълим тизими олдида турган асосий вазифа ва устувор йўналишлар белгиланди.

Кенг кўламли ислоҳотлар даври

Давлат раҳбари таъкидлаганидек, кучли ўқитувчи – бунёдкор миллатнинг ишончли таянчидир ва бу – ҳақиқат. 

“Ўқитувчи ҳурматга сазовор бўлган мамлакатни порлоқ келажак кутмоқда”, деди Қасим-Жўмарт Тўқаев тадбир иштирокчиларига мурожаат қилиб. “Буюк Абай ўзининг 38-насиҳатида инсондаги шахсият яхши устоз туфайли шаклланади, деган эди. Сизлар билимли, фикрловчи, тараққийпарвар-ватанпарвар ёш авлодни тарбиялашга залворли ҳисса қўшмоқдасиз, рақобатбардош миллатни шакллантиришда фаол иштирок этмоқдасиз”.

У Август анжумани мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар даврида ўтаётганини таъкидлади: март ойида ўтган умумхалқ референдуми якунларига кўра, 1 июлдан кучга кирган янги Халқ Конституцияси қабул қилинди. Мамлакатнинг Асосий Қонунида биринчи марта таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, инсон капитали, таълим, фан ва инновациялар тараққиёти стратегик йўналиш сифатида белгиланди. 

Конституциявий ва бутун сиёсий тизим бўйича ишлар давом этмоқда: вилоят ва шаҳарларда Қурултойга сайловлар ўтказилди, бу мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида чуқур ўзгаришларга сабаб бўлди. 

“Партиялар тақдим этган рўйхатларда тажрибали мутахассислар билан бир қаторда сиёсат йўлини энди бошлаётган фуқаролар ҳам бор. Улар орасида иқтидорли ёшлар, жумладан, Президент кадрлар захираси аъзолари ҳам мавжуд. Янги авлод вакиллари, албатта, қонунчилик фаолиятига янги руҳ бағишлайди”, деди Давлат раҳбари.

Миллат мураббийлари

Анжуман иштирокчиларига мурожаат қиларкан, Қасим-Жўмарт Тўқаев миллат келажагини белгиловчи тарихий ўзгаришлар муваффақиятли бўлиши учун, энг аввало, жамоат онгини янгилаш зарурлигини қайд этди. Ва бу ишда олижаноб касб эгалари – ўқитувчиларнинг алоҳида ўрни мавжудлигини таъкидлади. 

“Энг илғор технологиялар дунёни ўзгартириши мумкин, аммо инсонни, унинг дунёқарашини фақат ҳақиқий устоз ўзгартира олади. Шунинг учун давлат таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда”, деди Президент. 

Масалан, сўнгги 7 йилда бу соҳани молиялаштириш 3 баравар ошиб, 6,4 триллион тенгега етди. Сўнгги 5 йилда 1 миллиондан ортиқ ўқувчига мўлжалланган 1120та мактаб қурилди. 5 мингдан ортиқ қишлоқ мактабларининг моддий-техника базаси янгиланди, ўқув муассасаларида 7 мингдан ортиқ замонавий фан кабинетлари жиҳозланди. 

Давлат раҳбарининг бевосита топшириғи билан 2024 йилда “Бадастир мактаб” лойиҳаси амалга оширила бошланди – унинг доирасида 460 минг ўқувчига мўлжалланган 217та мактаб барпо этилди. Замонавий янги мактаблар қурилиши давом этади: сифатли ўқув муассасалари барча ҳудудларда, энг аввало ўқувчи ўринларига эҳтиёж бўлган туманларда пайдо бўлади. Президент бу давлат аҳамиятидаги долзарб вазифа эканлигини таъкидлади. 

Ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан ҳам залворли ишлар олиб борилмоқда. “Педагог мақоми тўғрисида” махсус Қонун қабул қилинди, жорий йилда унга фаолият юритаётган ўқитувчилар учун қўшимча ҳуқуқий ва ижтимоий кафолатларни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди. 5 октябрь ўқитувчиларнинг касб байрами сифатида белгиланди. Биринчилар қаторида “Қозоғистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи” унвони жорий қилинди – бу унвонга ҳозиргача 100га яқин киши сазовор бўлди. Шунингдек, сўнгги уч йилда олий давлат мукофоти – “Қозоғистон меҳнат қаҳрамони” унвони уч нафар педагогга берилди. Бу ўқитувчи меҳнатига берилган ҳурмат белгисидир. 

“TALIS-2024 тадқиқотлари маълумотларига кўра, Қозоғистон ўқитувчилар обрўсини ошириш кўрсаткичи бўйича дунёда 2-ўринда. Шунингдек, ўқитувчиларнинг иш ҳақидан мамнунлик даражаси бўйича мамлакатимиз дунёдаги бешликка киради. Хусусан, тадқиқот шуни кўрсатдики, иш ҳақидан норози ўқитувчилар фақат 8%, 80% эса шу касбни танлаганидан мамнунлигини маълум қилган”, деди Давлат раҳбари. 

Қасим-Жўмарт Тўқаев ўқитувчига ҳурмат – айнан тамаддунли жамиятга хос белги эканини, мабодо давлат миллат сифатини оширишни истаса, ўқитувчиларни имкон қадар қўллаб-қувватлаши керак, деб таъкидлади.

Давлат тараққиётининг асоси – сифатли таълим

Таълим соҳасига жалб этилган сармоялар ўз самарасини бермоқда. Масалан, ўтган йили қозоғистонлик мактаб ўқувчилари 30 дан ортиқ нуфузли халқаро олимпиада ва илмий танловларда иштирок этиб, мингдан ортиқ медалларни қўлга киритишди. 

Шунингдек, юқори натижа қайд этган мактаб ўқувчилари сони рекорд даражада ошди ва шаҳар ҳамда қишлоқ мактаблари ўртасидаги таълим сифатидаги тафовут 30 бараварга қисқарди. 

Бироқ, Президент таъкидлаганидек, олдинда бажарилиши лозим ишлар бисёр. У Август анжуманидаги нутқида қатор устувор ва муҳим йўналишларни белгилаб берди.

Ўқитувчилар сафи янада кенгайиши даркор 

Давлат раҳбари биринчи навбатда таълим тизимида кадрлар танқислигини бартараф этиш ва ўқитувчилар малакасини ошириш муҳимлигига эътибор қаратди. 

“Бу йўналишда тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда, аниқ ишлар олиб борилмоқда, натижада муаллим касбини танлаётган ёшлар сафи кенгаймоқда. Бу ижобий йўналиш. Фақат жорий йилнинг ўзида педагогика йўналиши бўйича 12 мингдан ортиқ мактаб битирувчиси давлат гранти соҳиби бўлди, улардан 2 мингдан ортиғи “Алтын белгі” эгалари” деди у. 

Шундай эсада мамлакатда 5 мингдан зиёд ўқитувчи етишмайди. Қозоғистон аҳолисининг ўсиши ва мактаблар қурилишининг юқори суръати устозларга бўлган талабни оширмоқда. Президент мутасадди вазирликка муаммони ҳал этишнинг янги ёндашувларини ишлаб чиқишни топширди. Ўқитувчилар малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш керак. 

Лекин бу соҳада навбатдаги йирик ислоҳотни ўтказишга уриниб, қисқа вақтда педагог тайёрлаш тизимини тубдан ўзгартириш мумкин эмас.  

“Ислоҳот учун ислоҳот амалиётини тўхтатиш керак. Яъни ислоҳотлар, албатта, зарур, лекин улар ўқитувчиларни таҳликага солиши мумкин эмас. Ҳар бир ислоҳотни, айниқса, таълим соҳасида амалга оширишдан аввал, ҳар томонлама таҳлил қилиш ва унинг самарадорлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилиш зарур. Ислоҳот – бу оддий синов ёки тажриба эмас, бу масъулиятли қарор ва чора-тадбирлар мажмуи. Ҳукумат муаллимлар олий ўқув юртлари фаолиятини қайта кўриб чиқишда бу омилни инобатга олиши шарт”, деб таъкидлади Давлат раҳбари. 

У шунингдек, малака ошириш дастурига янги Конституцияда мустаҳкамланган қадриятлар ҳамда “Қонун ва Интизом” – “Адолатпарвар фуқаро”, “Тоза Қозоғистон” концепциялари ғояларини киритиш мақсадга мувофиқлигини қайд этди.

Тафовутларни бартараф этиш зарур

Навбатдаги вазифа – таълим сифатидаги ҳудудий номутаносибликни бартараф этиш. 

“Бу масалада жорий йилги Ягона миллий тест натижаларига алоҳида тўхталмоқчиман. Хусусан, Қизилўрда, Шимолий Қозоғистон, Павлодар, Қўстанай вилоятлари ҳамда Астана ва Алмати шаҳарлари битирувчилари юқори натижа кўрсатди. Шу билан бирга, Туркистон, Атиров, Ақтўбе, Алмати вилоятлари ва Улитов вилоятидаги ЯМТ натижаларини ижобий деб бўлмайди. Туркистон вилоятидаги вазият масъул вазирлик ва ҳокимликнинг энг жиддий эътиборини талаб қилади. PISA тадқиқоти натижалари Туркистон вилоятида таълим сифати пастлигини кўрсатди”, деди Давлат раҳбари. 

Унинг сўзларига кўра, асосий муаммо – Туркистон вилояти ўқувчиларининг 75%га яқини қишлоқларда истиқомат қилиши туфайли. Шу боис, олис аҳоли манзилларда базавий инфратузилмани шакллантириш ва юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш жуда муҳим. Президент Ҳукумат ва ҳокимликлар зиммасига ушбу вазифани биринчи даражали деб белгилади.

Сунъий идрок ёрдамга шай

Ўрта таълим тизимига сунъий идрокни жорий этиш муҳим ва долзарб вазифа. 

Президент янги рақамли давр шароитида инсон капитали тараққиётнинг энг муҳим омилига айланаётганини таъкидлади. Бу Қозоғистоннинг кучли томони: болаларимиз истеъдодли ва жаҳон саҳнида рақобатбардош. Давлат истеъдодли болаларнинг ривожланиши учун рағбатлантириш дастакларини жорий этади. Масалан, пул мукофотлари нафақат олимпиададаги ютуқлар, балки илмий лойиҳалар танловидаги ғалаба учун ҳам тўланади. 

Май ойида Президент таълим тизимига сунъий идрокни жорий этиш тўғрисидаги махсус Фармонни имзолади. Аммо янги ўқув йили арафасида унинг ижроси етарлича таъминланмади. 

– Технологияларнинг тезкор ривожланиши шароитида бунга йўл қўйиб бўлмайди, – деди Давлат раҳбари. 

Ҳукуматга ўрта ва касб-ҳунар таълими тизимида ҳам сунъий идрокни қўллашнинг ахлоқий, ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатларини ҳисобга олувчи халқаро андазани жорий этиш топширилди. 

Президент сентябрда Сунъий идрок университети эшиги очилишини айтди, шунингдек, Астанада Қозоғистон-Хитой сунъий идрок мактабини очиш масаласини кўриб чиқишни топширди.

Болалар ҳимоясини таъминлаш – муҳим!

 Муҳим вазифа – болаларни ҳимоя қилиш ва уларнинг уйғун ривожланиши учун қулай шарт-шароит яратиш. 

2024 йилдан “Миллий жамғарма – болаларга” дастури доирасида 7 миллионга яқин ёш қозоғистонликларнинг махсус ҳисоб-рақамларига пул маблағлари ўтказилди. 

2026 йил бошидан “Қозоғистон болалари” концепцияси амалга оширилмоқда. Барча ҳудудларда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармалари ва руҳий ёрдам марказлари ташкил этилди. 

Президент болаларга зарар етказадиган ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги 2018 йилги Қонунни қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Ҳукумат 16 ёшгача бўлган фойдаланувчиларнинг ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтишини тақиқловчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. 

 Тарбияга эътибор 

Давлат раҳбари ёш авлод тарбиясига алоҳида эътибор беришга чақирди. 

“Бугунги кунда Қозоғистонда 1 миллионга яқин бола бор. Ёшлар мамлакат аҳолисининг деярли ярмини ташкил қилади. Давлатимизнинг келажаги юксак ахлоқли авлодни тарбиялашга бевосита боғлиқ. Ёшларга ватанпарварлик, билим, меҳнатсеварлик қадриятларини сингдиришимиз керак”, деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.

Болалар ва ўсмирларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор берилиши лозим. Президент топшириғига мувофиқ, янги ўқув йилидан эътиборан мактабларда “Ҳуқуқ асослари” фани ўқитила бошланади, шунингдек ўқув дастурига “Конституция асослари” ва “Қонун ва Интизом” курслари ҳам киритилади. 

Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг таъкидлашича, ушбу қадамнинг асосий мақсади – қонунга бўйсунувчи ва Конституцияни ҳурмат қилувчи ёш авлодни тарбиялаш. Чунки ана шундай фуқароларгина намунали жамият қуриши ва шахсий фаровонликка эришиши мумкин. Аксинча, ҳуқуқий меъёрларни менсимай, қонунни бузадиган ёшларни муқаррар равишда таназзул қарши олади. 

“Афсуски, кўпчилик бу оддий ҳақиқатни англаб ҳам етмайди. Бизнинг вазифамиз – ушбу ҳаётий аксиомани уларга етказиш”, деди Давлат раҳбари. “Умуман олганда, дарсликлар мазмуни замонавий талабларга, шунингдек, янги Конституцияда мустаҳкамланган ғояларга мувофиқ бўлиши жуда муҳим. Ҳукумат ва масъул вазирлик зиммасига бу вазифани сифатли ва ўз вақтида адо этиш юзасидан бевосита масъулият юкланади”. 

Шу билан бирга ёш авлод онгига атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш зарурлигини сингдириш даркор. Ҳукуматга жорий йил охиригача мактаб ва университетларда экологик таълимнинг ягона андазаларини жорий этиш ишларини якунлаш топширилди. 

Президент “Адолатпарвар фуқаро” мажмуавий тарбия дастурини кенг ёйиш ҳам муҳимлигини қайд этди. 

“Ёш авлодда қадриятларни шакллантириш – жуда муҳим вазифа. Мамлакатимиз келажаги бевосита унинг ечимига боғлиқ. Лекин бу масалада барча масъулиятни фақат мактаблар зиммасига юклаш нотўғри. Биз биргаликда болалар учун хавфсиз ва қулай муҳит яратишимиз керак. Конституцияда мустаҳкамланган асосий устуворликлар миллий ўзлигимизнинг ажралмас қисмига айланиши шарт. Ёшлар Асосий қонунимизни яхши билиши лозим. Шундагина жамиятимиз тараққий этади, Қозоғистон эса юқори даражада ривожланган илғор давлатга айланади”, деди Давлат раҳбари.

У ўз нутқида китобхонлик маданиятини оммалаштириш зарурлигига ҳам эътибор қаратди. Болаларда фанга қизиқиш уйғотиш муҳимлигини таъкидлади. Бу ерда музей ва илмий марказларга ташрифлар юксак аҳамият касб этади, Астана, Алмати, Қарағандидаги Президент кутубхоналари эшикларини болалар учун очишни таклиф қилди. 

Ўқитувчилар энг аввало, пок ниятли, улуғ мақсадли ва порлоқ келажакка ишончи мустаҳкам бўлган жасур фуқароларни тарбиялаши керак. 

“Вазифа – ғамгин, тушкун кайфиятдаги, ўзига ишонмайдиганларни эмас, балки оптимистлар авлодини тарбиялаш. Ўзига ишонч – бу катта куч”, деди Президент. “Биз – ҳар қандай қийинчилик ва таҳдидларни енгиб ўтишга тайёр, фақат олға ишонч билан интилувчи, порлоқ келажакка ишонувчи ғолиб миллатмиз. Биз мағлубиятлар, муваффақиятсизликлар сабабларини, шунингдек, руҳий ҳолатларни тарихий ўтмишда ёки бошқа давлат ва халқлардан изламаймиз. Айнан ватанпарвар, билимли, тараққийпарвар ва меҳнатсевар фуқаролар мамлакатимиз фаровонлигини таъминловчи асосий куч. Ўқитувчилар ва ўқувчилар олға ҳаракат қилиши керак. Ҳар бир касб муҳим, меҳнатнинг ёмони бўлмайди, ҳар қандай меҳнат миллатга фойда келтиради. Яратувчан меҳнат – инсоннинг ўзини рўёбга чиқаришнинг олий шакли, давлатнинг бурчи эса фуқаролар меҳнатини муҳофаза қилиш ва уларнинг фаолиятини адолатли баҳолашдир. Қаерда ғамгинлик, тушкунлик ҳукмрон бўлса, у ерда ҳеч қачон тараққиёт бўлмайди. Буюк Абай айтганидек: “Дунёдаги энг бахтсиз инсон – бу орзуси йўқ инсон”. Маърифат соҳаси миллатни тараққиёт сари етакловчи машъал бўлмоғи керак”, деб таъкидлади у. 

Анжуман иштирокчиларига мурожаат қиларкан, Президент малакали устозлар, истеъдодли ёшлар ва ҳамжиҳатлигимиз туфайли мамлакатимиз ҳар қандай чақириқларни енгиб ўтишига ишонч билдирди. 

Анжуман поёнида Давлат раҳбари ўқитувчиларнинг фидокорона меҳнати алоҳида эътирофга лойиқлигини яна бир бор таъкидлаб, қатор устоз-мураббийларга олий давлат мукофотларини бериш тўғрисидаги Фармонни имзолаганини маълум қилди. Мукофотларни топшириш маросими ҳам Август анжумани доирасида бўлиб ўтди – ўқитувчилар Президент қўлидан мукофотларни олдилар. 

“Таълим келажаги” кўргазмаси 

Республика Август ўқитувчилар анжумани доирасида Давлат раҳбари Қозоғистон таълим тизимини ривожлантиришга бағишланган кўргазмани ҳам кўздан кечирди. 

Президент “Таҳлил маркази” фаолияти ва сунъий идрок қўлланилган таҳлилий воситалар билан танишди. Хусусан, Қасим-Жўмарт Тўқаевга ўқитувчига дарсга тайёрланишда ёрдам берадиган AI-ёрдамчи WONK тақдим этилди. 

Сўнгра унга Qalam AI, Beyim AI, TopIQ ва E-OQULIQ рақамли ечимлари ёрдамида 3-синф математика дарсидан парча намойиш қилинди. 

Шунингдек, Президент замонавий болалар нашрлари, жумладан, жаҳон адабиётининг қозоқ тилига таржималари, мамлакатимиз мактаб ўқувчиларининг фан, муҳандислик, робототехника ва инновациялар соҳасидаги ютуқлари билан танишди.

“Казахстанская правда” газетасидан, 2026-08-28, 23:43 19
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.