26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Таълим сармояси – миллат юксалишининг омили

Билимли ва истиқболли ёшларимизни саралайдиган танлов карантин давридан сўнг фаолиятини тиклади. Мактаб битирувчилари ўртасида ўтказилган “Тест билимдони – 2023” танлови давлат имтиҳонлари – ЯМТ ўтказиладиган  Шимкент олий коллежи қошидаги тест маркази ўқувчиларга ҳақиқий имтиҳон руҳиятини сийлади – саноқли кунлардан сўнг давлат таълим грантлари учун талабгор бўладиган  ўқувчиларга имтиҳондаги  сингари туйғуларни ҳис этишига имкон берди. 

Сайрам тумани  мактабларининг юқори синфларида таълим олаётган аксар ўқувчилар ЯМТ синовларига тайёргарлик имтиҳонларига қатнашиб, анча кўникма олишган. Ваҳоланки, ўқувчилар  Nik ҳамда Access ўқув марказларида тестга мунтазам тайёрланиш босқичида. Таълим грантларини қўлга киритаман, олий маълумотли бўлиб, севган касбимнинг мутахассиси бўламан” деган ўқувчи борки, ўқув марказларида ҳамда устоз-муаллимлари билан мунтазам шуғулланиб, синовларга  йиллар давомида тайёрланиб келишаётгани ҳамда  грант соҳиблари бўлишга муваффақ бўлишаётгани келажагимиз  илмли ёшлар қўлида эканлигидан далолат. 

Таниқли ишбилармон, доимий изланишда ҳамда комилликка интилаётган ва миллатининг зукко ўғил-қизлари сафини кенгайтириш орзусида фаолият юритиб, ушбу йўналишга шахсий маблағини сарфлаётган Туркистон вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Бадритдин Нишонқулов мақсадига эришяпти. Таълим гранти соҳиблари сафи кенгаймоқда. Яқинда ўтган мазкур йўналишдаги танлов ҳам истиқболи порлоқ, билимли ёшларнинг анчагинасини саралади.

– Айни дамда ўтказилаётган  мазкур танлов келажагимиз истиқболи йўлида қилинаётгани айни муддао, – дейди биз билан суҳбатда Туркистон вилояти ўзбек этномаданият бирлашмаси қошидаги таълим кенгаши аъзоси Жуманқул Тошпўлатов. – Бу галги синовда туманимиздаги 45та мактабдан  272 нафар ўқувчи тестда иштирок этиб, худди  ЯМТ – давлат синовларини топширишгани сингари  ҳис қилишди ўзларини ҳамда энг муҳими, юқори кўрсаткичга эришишди. Ўқувчига фақат “дарсда тинч ўтиргани” ва умуман “сабоқда иштирок этгани” учунгина “беш” баҳо қўйилмай, ҳақиқий билими билан ЯМТда иштирок этса, юксак баллни эгаллаши мумкин. Ўқитувчилар билан қўшимча машғулотлар ўтказиш ва ўқув курсларида билим олиш орқали бир йилда тестнинг тайёрлов босқичидан юқори балл олиш мумкин. Масалан, Қорабулоқ қишлоғи мактабларида деярли ҳар ҳафта тест жараёни ўтказилиб, билимлар сараланади. Бу эса ўз навбатида йигит-қизларимизда ЯМТга руҳий ва маънавий кўникмани шакллантиради, уларнинг илмий салоҳиятини оширади. 

Фурсатдан фойдаланиб, тестдан кўтаринки кайфиятда чиққан иштирокчиларни суҳбатга чорладим. 

– Жамбил номидаги 41-сонли ўрта мактабида ўқийман. Тестга тайёргарликни 10-синфдан бошладим. Мана, иккинчи йилдирки, ЯМТ синовларига тайёрланяпман. Ота-онамнинг дуолари ила пухта тайёргарликка ҳам кўп нарса боғлиқ, ўз касбининг етук устаси бўлган  устозларимизнинг ёрдами билан изланиш натижасида ажойиб кўрсаткичларга эришиш мумкин, деб ўйлайман, – дейди суҳбатдошим Элёр Неъматуллаев.

– Бугунги тестдан қанча балл олдингиз?

– Жудаям хурсанд бўлдим, 140 балл олдим. Ҳар ойда тестга тайёргарлик кўриб, туман марказига бориб, у ерда синовлардан ўтардик. Ой сайинги тайёргарлик, ўз натижасини берди, деб ўйлайман. 

– Демак, турли тест вариантлари билан ишлайсиз, ўша топшириқларни ечишга ҳаракат қиласиз ва бу каби ёндашув сизнингча самарали бўлдими?

– Йўқ, иложи борича, тестлар билан чекланиб қолмасликка ҳаракат қиламан. Улар билан чеклансангиз, натижа сизни қониқтирмаслиги ва ўша  топшириқлар доирасидан чиқа олмай қолишингиз мумкин. Кутилган натижага эришмасангиз сизга тушкунлик ҳолати таъминланган. Мавзуга оид материаллар билан тайёрланган маъқул ва уларга асосланиб, тестларда кутилмаган мисолларга ҳам дуч келишингиз эҳтимол ва сиз мавзуга тайёрланганлигингиз учун ҳам  уларни осонгина еча оласиз.

Руҳшона Абдупаттоева Улуғбек номидаги 81-сонли ўрта мактабнинг 11-синф ўқувчиси. Руҳшона ҳам ўша кунги тест синовларида иштирок этиб, яхши натижаларни қўлга киритганлигидан мамнун. Келгусида Алмати шаҳридаги олийгоҳда инглиз тили мутахассислигини эгаллаш ниятида. Йил бошида ўтган давлат тест синовларида 86 балл олган, ҳозирги синовда 140 балл  эгаллади. Руҳшона тест саволларига тайёргарлик баробарида, албатта, мавзулар бўйича ўқиб, ўрганиш муҳимлигига ҳамда унинг самарадорлигига амин бўлди.  

– Мавзуни тушунган яхшику-я, бироқ тест билан ҳам шуғулланишимиз зарур, яъни англаганларимизни амалда қўллаб кўришимиз даркор, – дейди Руҳшона.

– Демак, юқори баллни қўлга киритиш мумкин?

– Аввал 124, ҳозир эса 140 балл тўпладим. 

– Ҳа, 140 балл эришиш мумкин бўлган марра ва бунга бугунги кунда эришдим. Албатта, осон бўлмади.  “Access”  ва Nik ўқув марказларидаги сабоқлардан ташқари ҳар куни  эрталабдан кечгача ўқитувчиларимиз билан  ЯМТ синовларига тайёргарлик кўрамиз. 

Синовда иштирок этган Насиба Мадазизова 81-сонли Улуғбек номидаги умумий ўрта мактабнинг математика фани ўқитувчиси. Жорий йилги ЯМТда иштирок этиш учун ўқувчиларни тестга тайёрлаш учун масъул муаллималардан. Ўқув йили аввалида 32 нафар ўқувчи ЯМТ топшириш ниятини билдирган, уларнинг 18 нафари жиддий шуғулланишяпти, айримлари эса таълим грантларини қўлга киритишга улгуришди. Қизиғи шундаки, олийгоҳларда таълим олишни мақсад қилган, таълим грантларини қўлга киритмоқчи бўлган ёшлар билан нафақат фан муаллимлари, балки мактаб руҳшунослари ҳам ҳамкорликда иш юритиб, уларга маънавий ва руҳий далда беришмоқда. Муаллимлар шогирдларини ЯМТга тайёрлаш борасида жадвалга кўра иш олиб боришади ва шу билан бирга мазкур йўналишда ўқув марказлари билан ҳамкорликда тадбир юритишади. 

Тадбирнинг поёни турли номинациялар ҳамда рағбатлантирувчи мукофотлар билан истиқболли ўғил-қизларимизни янада рағбатлантирди. Энг юқори баллга сазовор бўлган 10 нафар ўқувчига пул мукофотлари топширилди. Ва улар ўзлари эгаллаган билимларининг вилоят, туман босқичида қандай кўрсаткичга эга эканликларини аниқлаб олишди, рақобатни ҳис қилишди. 

Тадбирнинг бош ҳомийси – Туркистон вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Бадритдин Нишонқуловнинг бошқа ишбилармонларга ўрнак бўладиган саъй-ҳаракатлари таҳсинга сазовор. Зеро, таълимга йўлланган сармоя асрлар бўйи миллат тараққиёти учун хизмат қилишига тарих гувоҳ.

Мунира САЪДУЛЛАЕВА, 2023-04-01, 02:42 1688
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.