26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Дунё олийгоҳлари Шимкент ёшларига мунтазир

Мамлакатимизнинг учинчи мегаполисида истиқомат қиладиган ҳамда айни пайтда  Дулати номидаги 8-мактаб-гимназиясининг 11-синфида ўқиётган, дунёдаги энг нуфузли 8та олий таълим  муассасаларидан таклифнома олган Алексей Кимнинг ютуқлари нафақат шимкентликлар, изланувчан, қалби илмга ошуфта қозоғистонликларнинг қувончига қувонч қўшди. 

 Алексейдан мусоҳаба олиш ниятида уни таҳририятимизга таклиф қилдик. Ўқувчидан  мусоҳаба учун аниқ бир вақт белгилаш, турли тўгараклар, курслар, машғулотлар ва энг муҳими, мактабдаги дарслари туфайли жадвалидан бўш вақтни топиш осон бўлмади. Табиийки, вақтини унумли сарфлаган ҳамда устуворликларига кўра оқилона тақсимлаган ўқувчи хорижий давлатларнинг  нуфузли олийгоҳлари талабалари сафидан ўрин олаётгани ҳам бежиз эмас.

Бувисининг ардоқли невараси суҳбатимизга бувиси билан келишга ҳарчанд ҳаракат қилмасин, ўқувчининг  қўшимча машғулотлари, афсуски бунга панд берди. Телефон орқали унинг  қадрли бувисини невараси ютуқлари билан табрикладик.

– Алексей,  нуфузли 8 университет сизнинг ўқувчилик чоғингиздаёқ талабаликка таклиф қилишаётганидан хурсандмиз. Бу натижаларга қандай эришдингиз?

–Яқинларимнинг  маънавий, моддий  кўмаги  менга  катта ёрдам берди, қанот бағишлади. Катта бувим Агафья Афанасьевна, айтганча, сизларнинг “Жанубий Қозоғистон” газетасини ўқий олса керак.  Қатағон  йилларида Тошкентга бадарға қилинган, ўзбек оилаларида яшаган, хойнаҳой, ўзбек тилини тушунса керак, бувим Людмила Григорьевна, Татьяна холам, отам ва онам изланишим, турли  қўшимча машғулотларга қатнашишимга ёрдамчи бўлишди. Ўзингизга яхши маълум, турли курсларда қўшимча дарсларни олиш арзон эмас ва йиллар мобайнида ҳақ тўлаб ўқиш учун ҳам етарлича маблағ талаб қилинади. Бувим ва холам  барча моддий харажатларимни йиллар мобайнида қоплаб келишди, мен улардан бениҳоя миннатдорман. Фурсати келганда бу ишда менга бош-қош бўлган барча устозларим, шу жумладан, синф раҳбарим Елена Павленко, математика  ўқитувчиси Марина Макроусова, биология муаллимим Юлия Антоновна, мактаб директори Айнур Сахова, директор ўринбосари Кунсулу Қидирбаевалар ва барча устозларимга катта раҳмат. Улар менда  илм олишга рағбат уйғотишди, бошланғич синфлардаёқ турли танловлар, олимпиадаларда иштирок этишимни қўллаб-қувватлашди. Кун тартибига қатъий риоя қилиш,  устозларим ўргатганидек аниқ мақсад белгилаш  яхши натижаларга олиб келди. Ва бундан бениҳоя хурсандман. Ўқувчилар тайёргарликни қанча аввалроқ бошласа, шунча яхши натижаларни қўлга киритиш имконияти ҳам ошади.

Кун тартибини нафақат билим олиш, балки спортга ҳам алоҳида вақтларини ажратган ўқувчи соғлом турмуш тарзига риоя қилиб яшаса, истқиболга етаклайдиган ҳар қандай кўникмаларнинг  шаклланишига имкон яратишини алоҳида таъкидлади.

5 ёшдан 10 ёшгача теннис билан шуғулланган, кейин 13 ёшга қадар футбол билан шуғулланиб келган, айни дамда эса волейбол ўйнашни хуш кўрадиган суҳбатдошим  work out, яъни турникда турли машғулотларни бажаришдан завланяпти. Бўш вақтларида Агата Кристи асарларидан завқланаётган ўқувчи инглиз тили курсларида анча йилдан буён шуғулланмоқда. Ўқиш, изланиш, жисмоний машғулотлардан ташқари  кўнгиллилалр қаторида ишлашга ҳам имкон топди. Шаҳримиздаги йирик корхоналарда IT соҳасида малакасини оширди. Ўтган йили Жанубий Кореяга ўқувчилар алмашиш дастурида иштирок этди.

Алексейни АҚШдаги 4та ОТМ – Stony Brook University (New-York), Baruch College (New-York), City College of New-York (New-York), Brooklyn College (New-York), Канададаги 3та илм даргоҳи – Seneca College (Toronto), University of Winnipeg (Winnipeg), Thompson Rivers University (Kamloops) ҳамда Буюкбританиядаги University of South Wales (Cardiff) таниқли олийгоҳларидан талабаликка  таклиф қилишди. 

Айни кунда суҳбатдошимнинг айтишича, танлов қилиб улгурган. Ўқувчи Stony Brook University (New-York)да таҳсил олади. У IT соҳасини танлади. 

– Инсоният келажагини белгилайдиган мазкур соҳада келажак учун катта ишлар қилинишига амнман. Шундай дастурлар яратсамки, инсониятни исканжасига олаётган саратон касалликларига қарши курашишда беморларга ёрдам берса. Ишонаман, танлаган касбимнинг  етук мутахассиси бўламан, мени доим қўллаб келган яқинларимнинг  умидларини оқлашим керак.

Мактабни тугатмай жаҳондаги энг яхши университетлари сафига кирадиган ОТМ талабаси бўлиб улгурган 11-синф ўқувчиси олдида “аъло” баҳоларга мактабни тамомлаш ва янги ўқув йилига – талабалик ҳаётига ҳам маънан, ҳам руҳан тайёрланиш масаласи турибди. Алексейга муваффақиятлар тиларканмиз, у сингари   изланувчан, шижоатли ёшларимиз кўпайишига тилакдошмиз.

М. САЪДУЛЛАЕВА суҳбатлашди., 2024-02-29, 03:08 1022
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.