26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Орзулари қаноти – меҳнат

Раҳматли қорабулоқлик бувим Гулшамой тикувчи эди. Онам шол хасталигига чалиниб, тўшакка михланиб қолганди. Биз фарзандлар ҳали жуда ёш эдик. Бувам раҳматли бизни ёзги таътилда ўзлари билан Қорабулоққа олиб кетарди. Бувим бизга кўйлаклар тикиб берар ва “тикувчилик – ўлмас касб, айниқса, қиз бола учун жуда зарур”, дердилар.
Дарҳақиқат, бугун “ўлмас касб”нинг ҳаётимизда нақадар муҳимлигига яна бир бор иқрор бўлдим. Инсонга умр бир марта берилади. Ана шу имкониятдан унумли фойдаланиб, уни самарали, хайрли, мазмунли ўтказиш ҳар биримизнинг бурчимиз. Журналистлик фаолиятим давомида ўз олдига тўғри мақсад қўйиб, энг аввало ўзига, оиласига, сўнг ён-атрофи, туғилган маскани ва ниҳоят, она Ватанига фойдаси тегаётган инсонлар билан мулоқотда бўляпман. Бугунги кунда атрофимизда жуда кўплаб хотин-қизлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида мустақил тадбиркорликни йўлга қўйиб, ишбилармонликларини намоён этмоқда.

Мақолам қаҳрамони “Дилбаржон” корхнаси раҳбари Дилбар Мирёқубова 10 йилдирки, айнан шундай меҳнат бозорида ўз ўрнини топган меҳнаткаш, тадбиркор аёл. У ҳалол меҳнати, тиришқоқлиги, оиласининг қўллаб-қувватлаши билан кўплаб маҳалладошларини иш билан таъминлаб, замоннинг ишбилармон тадбиркорига айланган.
– Дилбархон ўзингиз ҳақида гапириб беринг.
– 1964 йилда Маҳкамбой ота ва Ойбегим ая оиласининг саккизинчи фарзанди бўлиб туғилганман. 1981 йили З. Ҳусанов номли мактабни тамомлаб, Чимкентдаги 26-сонли касб-ҳунар билим юртида тикувчилик касбини мукаммал эгалладим. Марҳума онам тикувчи эди. Шу боис, менда бу касбга ҳавас эрта уйғонди. У бошлаб, тугатмаган ишларини онамга билдирмай, ўзим тикиб қўярдим. Турмушга чиққунга қадар ҳам қизларнинг келинлик либослари – сепини тикардим. Менинг  “Дилбар чевар” бўлишимда ҳам қайнонам, ҳам холам Ирисбуви ойижоним, раҳматли турмуш ўртоғим Бобиржон Мирёқубовнинг ёрдами катта бўлди. Дастлаб, раҳматли Раҳимбой Турғунбоев (жойлари жаннатда бўлсин) бошқарган Сайрам марказидаги ательеда ишладим. 30 йил тикувчилик қилдим. Маҳалладошларим, қариндошларимга кўйлаклар тикардим. Касалхона ва шифохоналардаги тиббиёт ходимларига 50-100 талаб халатлар тикиб берардим. Турмушнинг оғир ва синовли дамлари оиламизни четлаб ўтмади. Анча йилгача фарзанд кўрмадик. Шу йилларда ўзимни фақат иш билан овутардим. Худога шукр, у кунлар ортда қолди. Тўнғичим Тоҳиржон, сўнг Муроджон дунёга келди. Янги ишни бошлаганимизда анча қийинчиликларга учрадик. Турмуш ўртоғим, ўғилларим ёрдамлашди. Иккала фарзандим ёнимда юриб, менинг касбимга қизиқиши ортди. Муроджон 3-синфдаёқ машинада бемалол тикарди. Ҳозирги кунда Тоҳиржон автомашина устаси бўлиб алоҳида касбини очган. Келиним Динора ўқитувчи. Кичик ўғлим Муроджон эса менинг ўнг қўлим, бугунда барча ишларни ўзи бошқаради. Ҳуснора келиним ҳам тикувчи. Ҳозир цехдаги хотин-қизларга раҳбарлик қилади.
– Келажакдаги режаларингиз билан ўртоқлашсангиз?
– Қўшни қишлоқда иш очдик. Қорамурт қишлоғи ҳокимига раҳмат, бизга бино топиб берди. Ҳозир у ерда 10-15 нафар маҳаллий хотин-қизлар иш бошлашди. Келажакда уйдаги цехни янада кенгайтириб, қишлоқ ёшларини иш билан таъминлашни режалаштирганмиз. Қишлоқдаги аграр-техника коллежи билан шартнома тузганмиз. Тикувчилик факультети қизлари шу ерда амалиётдан ўтади.
Дилбар Мирёқубова ва ўғли Муроджон Мирсодиқов ўзлари яшаётган ҳудудда кучли ишбилармонлар билан рақобатлашиш салоҳиятини намоён этаётгани маълум. Қувонарлиси, бундай уддабурро аёлнинг хотин-қизларни қўллаб-қувватлаши давлат сиёсатининг амалий натижасидир.
– Бугун мен шунга аминманки, ҳалол меҳнат қилган одам, албатта унинг роҳатини кўради. Мустақиллик мендек оддий тикувчининг тадбиркор сифатида фаолият юритишимга катта имконият яратди. Давлатимиз ҳам ишбилармонларни ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий томондан қўллаб-қувватламоқда. Айни пайтда 50га яқин ишчи меҳнат қилаётган тикувчилик цехига масъулман. Эътиборли жиҳати шундаки, бизнинг хотин-қизларимиз тиккан ранг-баранг либосларни соғликни сақлаш, маиший хизмат, спорт, қўриқлаш ва бошқа кўплаб соҳа вакиллари кийишади, – дейди Дилбар.
Шинамгина ҳовлида қад кўтарган икки қаватли цехга кўтарилар эканман, биринчи қаватдаги саранжом-саришта ошхона, кийим алмаштириш хонаси, омборхона эътиборимдан четда қолмади. Иккинчи қаватда замонавий тикув машиналарида ишлаётган хотин-қизларнинг қўли-қўлига тегмай, қишки махсус кийимларни тикишмоқда. Кўп йиллардан буён ишлаётган Малика Эрметова, Малоҳат Бўроновалар устози Дилбар опадан миннатдор. Касбнинг сир-асрорларини ўрганган, вақтида маошини олишяпти, ҳар томонлама қулай шароитларда меҳнат қилишаётир. Азиза 8-синфда ўқиркан. Тикувчиликка қизиқиши туфайли ҳар куни шу ерга келиб, тикувчиликни ўрганяпман, дейди. Коллежнинг 3-курс талабаси Жамила Норметова уч йилдан буён амалиётни шу ерда ўташини ва ишлаётганига бир йил бўлганини айтди. Келини Ҳуснора ҳам маҳалла хотин-қизларини иш билан таъминлаётган меҳрибон ойижонисига, турмуш ўртоғи Муроджонга яқиндан ёрдами тегаётганидан мамнунлигини яширмади.
Дилбарнниг қайнонаси 85 ёшли Ирисбуви ая билан учрашганимда, оила соҳиби, ишонган тоғи Бобиржон 6 йил аввал оламдан ўтганини кўзида ёш билан ёдга олди. Ўғил-қиз, келинлари ва набираларининг бугунги ютуқлари билан фахрланишини айтиб, уларни дуо қилди.
Дарҳақиқат, 10 йилдан буён фаолият юритаётган “Дилбаржон” хусусий тадбиркорлик корхонасида меҳнат қилаётган хотин-қизларда чеварликка меҳр-муҳаббат уйғотган устоз Дилбар Мирёқубовадан ходимлар миннатдор. Биз ҳам бахт хазинасини меҳнат калити билан очган оилага фаровонлик тилаймиз.

Мухтабар УСМОНОВА. Муаллиф тасвирлари, 2021-07-10, 02:26 1123
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.