26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев: ''Порлоқ келажакни биргаликда барпо этамиз!''

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 5-6 декабрь кунлари ҚР Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Қозоғистонга келди. Қуйида Ўзбекистон Президентининг «Егемен Қазақстан» газетаси бошқармаси раиси Дархан Қидиралига берган мусоҳабасини тақдим этамиз.
– Муҳтарам Шавкат Миромонович, бугун Ўзбекистон барча соҳаларда юксак тараққиёт суръатларини намойиш этмоқда. Беш йил давомида янги сиёсат туфайли Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга муваффақ бўлди. Улуғлаш маросимидаги нутқингизда ушбу минтақа мамлакатингиз учун устувор аҳамиятга эга эканлигини яна бир бор таъкидладингиз. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида Қозоғистоннинг ўрни қандай?
– Аввало, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида жадал ривожланаётганини юксак баҳолаганингиз учун миннатдорчилик билдираман. Президентлик фаолиятимнинг илк кунлариданоқ биз ўз олдимизга мамлакатни ислоҳ қилиш, унинг тараққиёти учун қулай шарт-шароит яратиш вазифасини қўйганмиз. Шу мақсадда 2017-2021 йилларда давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳа, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик, шунингдек, ўзаро манфаатли, самарали ва конструктив ташқи сиёсатни амалга ошириш каби бешта устувор йўналиш бўйича ҳаракатлар стратегиясини амалга оширдик.
 Бугунги кунда амалга оширилаётган кенг кўламли, изчил ва тизимли демократик ислоҳотлар ўзига хос хусусиятга эга. Бугун биз ушбу йўналишнинг мантиқий давоми сифатида Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқдик. Унинг марказий ўрни – миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг қонуний манфаатлари ва фаровонлигини таъминлайдиган халқ ва инсонпарвар давлат барпо этиш, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш, бир сўз билан айтганда, “инсон виждони ва қадр-қиммати устувор” қоидасини ҳаётга татбиқ этишни ўз зиммасига олади. Эндиликда биз ўз фаолиятимизни янги «инсон – жамият – давлат» парадигмаси доирасида ташкил этмоқдамиз. Миллий иқтисодиётнинг ўсиш суръатларини ошириш, хусусий шўъбани рағбатлантириш ва унинг улушини ошириш, шунингдек, бевосита хорижий сармояларни жалб қилиш орқали иқтисодиёт таркибида аҳоли жон бошига ички ялпи маҳсулотнинг барқарор ўсишини таъминлаймиз. Шу билан бирга, «Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият» концепцияси мамлакатимизда тинчлик ва хавфсизликни, қонун устуворлигини таъминлаш, адолатли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, шунингдек, ислоҳотларни кучайтириш борасидаги ишларимизнинг бош мезони бўлиб қолади. «Ҳаракатлар стратегияси – Тараққиёт стратегияси» ғоясини амалга ошириш доирасида биз Марказий Осиё минтақасида ўзаро англашув ҳамда эҳтиром, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муҳитини бундан буён ҳам мустаҳкамлаш ниятидамиз. Албатта, энг яқин қўшниларимиз – Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик қилмасдан туриб, бу мақсадларга эришиш мумкин эмас. Қозоғистон бу йўналишда жуда муҳим ўрин тутади, жиддий сиёсий, молиявий, иқтисодий, демографик салоҳиятга эга, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ва халқларини бирлаштиришдан манфаатдор. Бу тарихий жараёнларга замонамизнинг буюк давлат ва сиёсат арбоби, Қозоғистоннинг Тўнғич Президенти – Элбоши Нурсултан Назарбаевнинг хизматлари катта эканини алоҳида таъкидламоқчиман. Ҳамкасбим, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жўмарт Кемелули Тўқаев билан суҳбат ва музокараларимизда нафақат халқимиз, балки бутун минтақамиз фаровонлиги йўлида фаол ва амалий ишлаш истагини доимо ҳис қиламан. Қозоғистон биринчи бўлиб Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини ўтказишни қўллаб-қувватлади, беш томонлама қўшничилик шартномасини имзолаш ташаббуси билан чиқди ва ХХI асрда Марказий Осиёнинг барқарор тараққиёти соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолади. Албатта, минтақамиз келажаги, минтақавий хавфсизликни чуқурлаштириш истиқболлари, шунингдек, Марказий Осиёнинг ривожланиши, фаровонлиги ва барқарорлиги Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларининг мустаҳкамланишига боғлиқ.
– Шубҳасиз, минтақавий ҳамкорликнинг стратегик йўналишларини белгилашда бевосита иштирок этаётган мамлакатларимиз раҳбарларининг бу борадаги ўрни жуда муҳим. Ушбу ташрифдан нимани кутмоқдасиз? Режалаштирилган аниқ қарорлар борми?
– Ўзбекистон ва Қозоғистон нафақат муштарак тарих, маданият ва анъаналарга эга бўлган яхши қўшнилар, балки кўп асрлик дўстлик ришталари, балки жуда яқин, қардош давлатлардир. Халқларимизни ажралмас маънавий ва оилавий ришталар, интилишлар бирлаштириб туради, муштарак ташвиш ва умидлар билан яшайди. Биз тилга олган минтақадаги ўша тарихий ижобий ўзгаришлар Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларида ҳам яққол намоён бўлди. Сўнгги беш йил мобайнида стратегик мулоқотимиз ва муттасил ривожланаётган мамлакатлар­аро ҳамкорлигимиз минтақадаги аҳил қўшничиликнинг намунасига айланди.
Унинг самаралари мамлакатларимиз аҳолисининг барча даражаларида, хусусан, савдо ва бизнес, фан ва таълим, маданият ва спорт соҳаларида янада эркин мулоқот қилиш имконияти яратилганида ўз ифодасини топмоқда.
Тошкент ва Нур-Султан ўртасидаги муносабатларни ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва чуқурлаштириш борасида олиб бораётган йўналиш фуқароларимизда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу ҳақда менга яқинда ўтган сайловолди ташвиқотида кўплаб ўзбекистонликлар айтиб беришди. Халқ биздан дўстлик ва яхши қўшничилик сиёсатини фаол олиб боришимизни, Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан ҳар томонлама алоқалар ўрнатишимизни кутмоқда.
Бу менга ва Президент Қасим-Жўмарт Тўқаевга юксак масъулият юклайди. Биз ҳамкорликнинг қандай жиҳатларини, бу икки давлат ва минтақа халқлари манфаатларига мос бўлишлари учун биринчи навбатда қандай режаларни амалга ошириш зарурлигини яхши биламиз ва масаланинг ҳанузгача очилмаган қирраларини доимо ошкора муҳокама қиламиз. Албатта, бу сафар Қозоғистон Президенти билан мен икки томонлама ва минтақавий кун тартибининг кўплаб долзарб масалаларини кўриб чиқишни, Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларини янги ва янада юқори босқичга олиб чиқиш учун амалий қадамлар ташлашни режалаштирганмиз. Ташриф кун тартибидан сиёсий мулоқотни янада чуқурлаштириш, ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, икки мамлакат ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларида ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари ўрин олган. Хусусан, пандемия оқибатларини бартараф этиш масалалари. Икки мамлакат фуқароларининг таълим ва соғликни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорлигини ошириш, ўзаро ҳамжиҳатлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш чоралари кўрилмоқда. Бундан ташқари, умумий даъват ва таҳдидларга қарши курашда ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир муҳим ҳужжатлар қабул қилинади.
– Бугунги кунда Қозоғистон-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлиги тараққиётининг юқори жўшқинлиги барча соҳаларда кузатилмоқда. Бундай натижаларга эришиш учун қандай дастаклар ва воситалар ёрдам берди?
– Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари юксак амалий мазмун касб этмоқда. Муштарак саъй-ҳаракатлар ёрдамида ишонч ва амалий ҳамкорликнинг янги муҳити шаклланмоқда. Натижада, йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларнинг ечими топилмоқда. Буларнинг барчаси икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, савдо ва сармоя, транспорт-коммуникация, кооперация ва саноат алоқаларини изчил кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратмоқда. Чегаравий алоқалар кенгайиб, чуқурлашиб бормоқда, иқтисодий муносабатларни ривожлантиришнинг янги дастаклари шакллантирилмоқда. Шу кунларда Нур-Султан шаҳрида қўшма бизнес-форуми ўтади, унда ўзбек ва қозоқ тадбиркорлари учрашади. Ўзбекистон ва Қозоғистон яқин иқтисодий ҳамкорлар эканини, иқтисодиётларимиз бир-бирини тўлдиришини алоҳида таъкидламоқчиман. Мамлакатларимиз салоҳияти ўзаро маҳсулот етказиб бериш, уларнинг тури ва ҳажмини сезиларли даражада кенгайтириш учун етарли даражада талабга эга. Хусусан, жорий йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми қарийб 40 фоизга ўсиши ва йил охирига қадар 4 миллиард долларга етиши кутилмоқда – бу савдо алоқаларимиз учун рекорд кўрсаткич. Лекин бу сўнгги марра эмас. Иқтисодиётларимизнинг салоҳияти келажакда 10 миллиардли маррани дадил мақсад қилиб қўйишимизга имкон беради.
Саноат кооперацияси соҳасидаги лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Хусусан, Қўстанайда Қозоғистонда етакчи ўринларга кўтарилган енгил автомобиллар, автобуслар ва қишлоқ хўжалиги техникаларини қўшма ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Туркистон ва Шимкентда замонавий тўқимачилик корхоналари ишга туширилиб, маиший техника воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Ва бундай мисоллар жуда кўп.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг деярли барча соҳаларини қамраб олган мингдан зиёд корхона фаолият юритмоқда. Қозоғистоннинг “Тенге банки” Ўзбекистонда икки йилдан буён ортиқ фаолият юритиб, мамлакат ҳудудларида ўз филиаллари тармоғини кенгайтирмоқда.
Кимё ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, инфратузилмани такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги кластерини барпо этиш, автомобиль ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш каби кўплаб истиқболли йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Мамлакатларимизнинг геостратегик ҳолатидан келиб чиққан ҳолда, транспорт-логистика соҳаси ҳамкорликнинг муҳим йўналиши ҳисобланади. Гап Ушқудуқ – Қизилўрда темир йўли қурилиши, шунингдек, Туркистон – Тошкент йўналиши бўйича тезюрар линияни ишга тушириш каби муҳим лойиҳалар ҳақида бормоқда. Кейинги йилларда темир йўл ва автомобиль транспортида юк ташиш ҳажми сезиларли даражада ошди. Эслатиб ўтамиз, ҳаво алоқаси тўлиқ тикланган.
Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, ҳамкорликнинг янги йўналишларини ривожлантириш Ўзбекистон ва Қозоғистон халқлари манфаатларига хизмат қилиши шубҳасиз.
– Қозоқлар ва ўзбеклар азалдан дўстлик ва аҳилликда яшаб келган. Бизни умумий тарих, маданият ва дин, ўхшаш анъаналар бирлаштиради. Маданий-гуманитар алмашинув мамлакатларимиз жамоатчилигида доимо улкан қизиқиш уйғотади. Икки халқ ўртасидаги бундай маънавий яқинлашувни қандай изоҳлайсиз?
– Фикрингизни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Бу ерда азалдан яшаб келаётган халқларимизнинг тарихи бир минг йиллик билан чекланмайди. Бизни доимо дўстлик ва ўзаро қўллов бирлаштириб туради. Муштарак тарих ва тамаддунимиз, тилдошлик, маънавий қадриятларимиз мамлакатларимиз ва халқларимизни янада яқинлаштириш, мустаҳкам тинчлик ва тотувлик, ўзаро ҳурмат-эҳтиром қарор топишида муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекларда «Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни афзал», қозоқларда «Қариндош яқин эмас, яқин қўшни яқин» деган нақл бор. Шу нуқтаи назардан қараганда, Аллоҳ таоло бизга бебаҳо неъмат – тинч-тотув яшаш, қўшни, яхши дўст, ишончли ҳамкор бўлишни ато этган. Ўзбекистонда биз Қозоғистон билан дўстлик ва қардошлик алоқаларини юксак қадрлаймиз, мулоқот ва икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга интиламиз. Мамлакатларимизда катта ўзбек ва қозоқ диаспоралари мавжуд. Бугунги кунда 620 мингдан зиёд этник ўзбек Қозоғистон фуқаролари бўлиб, улар ўз она тилида таълим олиш, миллий анъаналарни асраб-авайлаш имкониятига эга. Ўзбекистондаги этник қозоқлар сони 800 мингдан ошади. 400га яқин умумтаълим мактабларида, Сирдарё, Жиззах, Нукус ва Навоий педагогика институтлари кафедраларида қозоқ тили ўқитилмоқда, Ўзбекистондаги энг қадимий газеталардан бири – «Нурлы жол» рўзномаси нашр қилинмоқда, телевидение ва радио дастурлари мавжуд. Бизнинг фуқароларимиз – қозоқлар республика тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Уларнинг 700 нафарга яқини юксак давлат мукофотлари билан тақдирланганидан фахрланамиз. Улар орасида Ўзбекистон Қаҳрамонлари, сенатор ва депутатлар, вазир ва генераллар, йирик корхоналар раҳбарлари бор. Республика халқ рассоми Ўрол Тансиқбоев асли қозоқ, асли тошкентлик, ҳозир унинг мемориал музей-уйи фаолият юритмоқда, Ўзбекистонда яшаб ижод қилган. Истеъдодли ҳайкалтарош Жўлдасбек Қуттимуратовнинг ижоди ҳам минтақада жуда машҳур. Маданий-гуманитар алоқаларнинг кенгайиши халқларимизнинг қардошлик ришталарини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда. 2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили ва 2019 йил Ўзбекистонда Қозоғистон йили бунинг ёрқин мисолидир. Фан, таълим, маданият ва санъат, спорт соҳаларида умумий дастурлар амалга оширилмоқда. Бундан, албатта, улкан мамнуният ҳис қиламиз. Халқ дипломатияси ривожининг ёрқин намунаси сифатида биз бу жараёнда бор куч-ғайратимизни ишга солишимиз керак.
– Марказий Осиё давлатлари БМТ, МДҲ, ШҲТ, ОҲИЧК, ЕХҲТ каби кўплаб минтақавий ва халқаро ташкилотларда иштирок этади. 2018 йилда сизнинг ташаббусингиз билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларининг мутлақо янги дастаги ишга туширилди, биринчи саммит Қозоғистон пойтахтида ўтди. Сизнингча, ушбу платформанинг бошқа шакллардан асосий фарқи нимада ва у қанчалик машҳур?
– Дарҳақиқат, кейинги йилларда Марказий Осиёда давлатлараро муносабатларни мустаҳкамлаб бораётган саммитларимиз замонавий халқаро муносабатларнинг асосий иштирокчилари бўлган кўплаб мамлакатлар сиёсатчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Маслаҳатлашув учрашувларининг мақсад ва вазифалари атрофлича муҳокама қилинди. Бу ҳақда менинг ҳамкасбларим, Марказий Осиё давлатлари президентлари кўп бора айтишган. Ташаббус Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирларининг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги баёноти ва 2019 йил ноябрь ойида Тошкентда ўтган йиғилиш якунида Марказий Осиё давлатлари Маслаҳат кенгаши томонидан имзоланган Қўшма баёнотда ўз аксини топган. Яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчиманки, биз янги халқаро ташкилот ёки ўзининг низоми ва миллий олий органи бўлган бирон бир интеграция тузилмасини яратишга интилмаяпмиз.
Ушбу минтақавий музокаралар платформасининг ҳаракати савдо-иқтисодий, гуманитар ва сиёсий соҳалардаги кўп қиррали минтақавий тараққиётнинг асосий масалалари бўйича «соатни белгилаш»га қаратилган. Биз ўзаро манфаатдорлик, эҳтиром ва қўллаб-қувватлашга асосланган муштарак саъй-ҳаракатлар орқали минтақавий муаммоларни самарали ҳал қилишимиз мумкинлигини тушунамиз. Бизнинг асосий мақсадимиз – Марказий Осиёни барқарор, шаффоф ва жадал ривожланаётган минтақа, ишончли ва истиқболли халқаро ҳамкор сифатида шакллантириш. Марказий Осиёда сиёсий мулоқот ва давлатлараро яқинлашувнинг ижобий жараёнлари шаффоф, амалий ва учинчи давлатлар манфаатларига қарши қаратилмаган. Маслаҳат учрашувлари минтақадаги барча давлатлар вакиллари иштирок этадиган муҳим майдондир. Бу учрашувларнинг асосий тамойиллари – келишув ва тенгликдир. Саммитларимиз долзарблиги уларнинг барқарорлиги билан бир қаторда ўзаро ҳамкорлик дастаклари кенгайтирилганидан далолат беради. Шу тариқа Туркманистоннинг Аваза шаҳрида Марказий Осиё давлат раҳбарларининг сўнгги учрашуви доирасида етакчи хотин-қизлар мулоқоти, иқтисодий форум, миллий либослар кўргазмаси, миллий таомлар фестивали, мамлакат санъат усталарининг катта концерти ўтди. Ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун қўшимча рағбатлантириш, менинг фикримча, Минтақавий парламент форуми, шунингдек, Марказий Осиё ёшлар форуми минтақавий ҳамкорликни янада барқарорлаштиради.
Умуман олганда, Марказий Осиёдаги яқинлашиш жараёни узоқ кутилган самарали минтақавий ҳамкорлик, ишонч ва ўзаро англашувни тиклаш талабига, шунингдек, долзарб масалаларни зудлик билан ҳал этиш заруриятига тезкор жавобдир. Ушбу ёндашувнинг натижалари пандемия даврида, айниқса, ҳайратланарли эди.
– Шу муносабат билан Марказий Осиёнинг истиқболига тўхталсангиз.
– Маслаҳатлашув учрашувлари кун тартибига киритилган масалалар кўлами, ҳамкасбларим – Марказий Осиё давлатлари президентларининг ташаббуслари, шунингдек, мазкур саммитлар доирасида ташкил этилган тадбирлар Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор тараққиёт ва тинчликни таъминлаш асосий йўналиш эканини кўрсатади. Минтақадаги умумий ўзгаришлар, парчаланишдан бирлашишгача бўлган эволюция ижобий тенденция эканлигига шубҳа йўқ. Бугун баралла айтиш мумкинки, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, очиқ, истиқболли ва барқарордир. Ишончим комилки, минтақадаги барча давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш умумий вазифаларимизни изчил ҳал этиш орқали давом этади. Такрор айтаман, Марказий Осиёни фаровон ва барқарор минтақага, ишонч ва дўстлик маконига айлантириш – бизнинг асосий вазифамиздир. Минтақавий ҳамкорликни муваффақиятли ривожлантиришнинг жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, уларнинг замирида нафақат географик яқинлик, тарихий яхлитлик, савдо-иқтисодий, маданий ва тамаддуний алоқалар, балки яқин ҳамкорликнинг ўзаро манфаатдорлиги ортиб бораётган омиллар ҳам мужассам. Бундай концентрация аҳоли турмуш сифатини яхшилашга, дунёнинг бошқа давлатлари билан муносабатлар ва ўзаро алоқаларни яхшилашга ёрдам бериши аниқ.
– Марказий Осиёдаги жиддий муаммо – Орол денгизи экологик инқирози Қозоғистон ва Ўзбекистонга бевосита таъсир кўрсатмоқда. Унинг оқибатларини камайтириш учун нима қилинмоқда? Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликда экология ва иқлим ўзгариши қандай роль ўйнайди?
– Марказий Осиёда барқарор тараққиётни таъминлаш ҳақида гап кетганда, албатта, замонамизнинг энг ўткир экологик муаммоларидан бири – Орол фожиасини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак. Бир пайтлар йирик сув омборининг сув захираларидан исрофгарчилик билан фойдаланиш унинг йўқ бўлиб кетишига олиб келди, минглаб одамларга бахтсизлик ва ҳасрат олиб келди. Вазият мисли кўрилмаган иқлим ўзгариши туфайли янада оғирлашмоқда. Йиллик ўртача ҳарорат кўтарилиб, қурғоқчилик, чанг бўронлари, сув тошқинлари ва селлар тез-тез учраб, музликларнинг эриши кузатилмоқда. Биз Ўзбекистонда экологик муаммоларга алоҳида эътибор қаратамиз. Сўнгги тўрт йил давомида иқлим ўзгаришига мослашиш ва оқибатларини юмшатиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, 2030 йилгача атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси, Ўзбекистоннинг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси, Сув захираларини ривожлантириш концепцияси ва экологик вазиятни яхшилашга қаратилган бошқа муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш мақсадида институционал ислоҳотлар амалга оширилди. Мамлакатимизда иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш, углеводородлардан фойдаланишни қисқартириш, қайта тикланадиган энергия манбалари улушини ошириш юзасидан ҳам чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда Орол денгизининг қуриши оқибатларини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун унинг лалми ерларини кўкаламзорлаштириш доирасида катта дастур амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, Қорақалпоғистонни 2020-2023 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг мажмуавий дастури амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ушбу экологик ҳалокат оқибатларини бартараф этишда Марказий Осиё давлатларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш юзасидан фаол чоралар кўрмоқда. Ўн йиллик танаффусдан сўнг, 2018 йилда Туркманистонда Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг йиғилиши ўтди. Сўнг Ўзбекистон ташаббуси билан Оролбўйи минтақаси учун БМТнинг Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама “Траст” жамғармаси ташкил этилди. Минтақа давлатлари, жумладан, Қозоғистон кўмагида 2021 йил май ойида БМТ Бош Ассамблеяси Оролбўйи ҳудудини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияни қабул қилди. Маслаҳат учрашувлари доирасида бу масалаларнинг барчасига катта эътибор қаратмоқдамиз. Хусусан, сўнгги учрашувимизда Ўзбекистон «Марказий Осиё учун яшил кун тартиби» минтақавий дастурини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди, бу эса минтақа мамлакатларига иқлим ўзгаришига мослашишга ёрдам беради. Қардош Қозоғистон ҳам Орол денгизининг қолган қисмини тиклашда фаол иштирок этиб, сув захираларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган муҳим ва ўз вақтида амалга оширилаётган ташаббусларни юзага чиқармоқда. Ишончим комилки, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг келгусида хамкорликдаги саъй-ҳаракатлари минтақадаги кўплаб долзарб масалаларни ҳал этишга ижобий таъсир кўрсатади. Фақат биргаликда барча қийинчиликларни енгиб, фарзандларимизга порлоқ келажакни тақдим эта оламиз.
– Ўзбекистон 2019 йилда Қозоғистоннинг Тўнғич Президенти – Элбоши Нурсултан Назарбаев ташаббуси билан ташкил этилган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлди. Истанбулдаги сўнгги саммитда у Туркий давлатлар ташкилотига айланди. Ушбу тузилманинг имкониятларини қандай баҳолайсиз? Сизнингча, бу ташкилот туркий дунё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда қандай амалий аҳамият касб этиши мумкин?
– Туркий давлатлар ташкилотини биз ҳали фойдаланилмаган ва бирлаштирувчи салоҳиятга эга минтақавий ҳамкорликнинг самарали дастаги сифатида кўрамиз. Ташкилотнинг аҳамияти ҳақида гапирганда, аввало, муҳтарам оқсоқолимиз Нурсултан Назарбаевнинг туркий оламни бирлаштириш ғоясини концептуал ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги, шунингдек, ҳамкорликни институционаллаштиришдаги улкан, асосий аҳамиятини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу тузилма туркий давлатларнинг тил ва дин муштараклиги, тарихий-маданий алоқаларига асосланибгина қолмай, энг муҳими, уларнинг мулоқот ва ҳамкорликни, биринчи навбатда, иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш соҳаларида чуқурлаштиришдан манфаатдорлиги, замонавий муаммоларга биргаликда жавоб беришидир. Шу боис Ўзбекистон Туркий кенгашга тўлақонли аъзо сифатида қўшилди ва 12 ноябрь куни Истанбулда ўтган саккизинчи саммитда унинг Туркий давлатлар ташкилотига айланишини қўллаб-қувватлади. Бугунги кунда ташкилот олдида қатор муҳим вазифалар турибди. Бизнингча, бу, биринчи навбатда, иштирокчи давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашдир. Шу муносабат билан биз ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш учун туркий давлатлар ўртасида савдо ҳамкорлиги илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифини илгари сурдик. Иштирокчи давлатларнинг транспорт соҳасида ўзаро ҳамкорлик дастурининг қабул қилиниши ташкилотнинг интеграция салоҳиятини рўёбга чиқаришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Биз инновацион ва технологик ривожланишнинг янги моделига ўтишда, жумладан, яшил, экологик тоза, энергия тежовчи ва хавфсиз технологияларни жорий этиш, экологик инқирозлар оқибатларини юмшатиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш юзасидан ташаббусларни амалга оширишда, туризмдан барқарор ривожланиш омили сифатида фойдаланишда кучларни бирлаштиришимиз керак. Экологик офатлардан энг кўп жабр кўрган минтақа – Орол денгизи бўйидаги туркий давлатларнинг экологик тузилмасини шакллантириш борасида барқарор экспертлар ва IТ-мутахассислар платформаси, штаб-квартирасини яратиш ташаббуси ҳам шунга қаратилган. Мамлакатларимиз тараққиётида ёшларнинг ўрни ортиб бораётганини ҳисобга олиб, уларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш мақсадида 2022 йилни Туркий оламда «Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилишни таклиф қилдик.
Ишончим комилки, туркий давлатлар улкан захиралар – тарихий, маданий ва маънавий меросга энг бой, улкан заковат ва иқтисодий салоҳият, бағрикенглик ва маърифат анъаналарига эга – инсоният олдида турган дунёвий муаммоларни ҳал этишда тобора муҳим роль ўйнайди.
– Афғонистондаги ҳозирги вазият барча Марказий Осиё давлатларини хавотирга солмоқда. Қозоғистон ва Ўзбекистон Афғонистон бўйича ягона нуқтаи назарга эга. Сизнингча, бу инқироздан чиқиш учун асосий қадамлар қандай бўлиши керак?
– Мувофиқлаштирилган ва самарали чора-тадбирлар кўрилмаса, Афғонистон узоқ вақт давомида минтақа хавфсизлигига янги хавф ва таҳдидлар манбаи бўлиб қолади. Бу мамлакатда тинчлик ва барқарорликка жадал эришиш унинг ривожланишига кенг йўл очади, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик йирик иқтисодий ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш учун янги стратегик имкониятлар яратади.
 Афғонистоннинг Евроосиё ва Жанубий Осиё, Шарқий ва Ғарбий Осиё ўртасидаги табиий континентал кўприк сифатидаги қулай географик жойлашуви унинг трансминтақавий алоқаларни ривожлантиришдаги аҳамиятини таъкидлайди. Афғонистон иқтисодиётини тиклаш барқарор ва мустаҳкам тинчликнинг асосий шарти бўлади. Шу нуқтаи назардан, вазиятнинг кескинлашувига йўл қўймаслик учун янги ҳокимият билан мулоқотни ривожлантириш, афғон халқига ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш зарур, деб ҳисоблайман. Бу дунёвий гуманитар инқироз ва унинг халқаро яккаланиб қолишининг олдини олишда жуда муҳим.
– Муҳтарам Шавкат Миромон ўғли, мамлакатимиз Мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида Қозоғистон халқига тилакларингиз?
 – Давлат мустақиллигига эришиш ҳар бир халқ тарихидаги ўта муҳим ва ҳал қилувчи воқеадир. Мамлакатларимиз бундан 30 йил муқаддам оғир вазиятда ўз суверенитетига эришган эди. Ўтган йиллар давомида биз барча синовлардан муносиб ўтиб, янги ҳаёт, янги жамият қуриш йўлида салмоқли натижаларга эришдик. Бугун буни бутун дунё тан олади. Биз қардош Қозоғистоннинг ўтган ўттиз йилликда эришган улкан ютуқларидан, унинг замонавий жадал тараққиётидан чин дилдан хурсандмиз. Меҳнат ва истеъдод, халқнинг мақсадли ва ҳамжиҳатлиги, Қозоғистон раҳбариятининг оқилона ва узоқни кўзлаган сиёсати туфайли мамлакат барча соҳаларда улкан муваффақиятларга эришди. «Қозоғистон – 2050» стратегияси, «100 аниқ қадам», «Нурли йўл» мажбурий индустриявий-инновациявий тараққиёт дастури каби йирик лойиҳаларнинг самарали амалга оширилиши Қозоғистонга халқаро миқёсда рақобатбардош иқтисодиёт яратиш имконини берди. Замонавий Қозоғистон давлат ва жамият қурилишида эришилган ҳайратланарли ютуқлар, турмуш даражаси ва сифати муттасил ошиб бораётганини дунёга намойиш этмоқда. Яна бир бор таъкидламоқчиманки, ўзбек ва қозоқ халқлари ҳамиша бир-бирини қўллаб-қувватлаб, қийинчиликларни биргаликда енгиб келган ва бугун биз ёруғ келажакни биргаликда барпо этяпмиз. Улуғ шоир ва мутафаккирлар Алишер Навоий, Абай Қунанбайули халқларимиз дўстлигини асраш ва мустаҳкамлашни энг катта бойлик сифатида кўрсатиб берганлар. Бугун биз қардош мамлакатлармиз ва халқлармиз, фарзандларимиз ва набираларимизнинг тинчлиги ва фаровонлиги йўлида куч-ғайратимизни аямаймиз. Қозоғистон Республикаси халқини ажойиб байрам – Мустақилликнинг 30 йиллиги билан чин қалбимдан табриклаб, барча қозоғистонликларга янги ютуқлар, фаровонлик ва муваффақиятлар тилайман.

Дархан ҚИДИРАЛИ, “Егемен Қазақстан” газетаси, 2021-12-07, 03:44 108
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.