26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қозоғистон ва Ўзбекистон янги Иттифоқ тузади

Қозоғистон Ҳукумати ўзбекистонлик ҳамкасблари билан биргаликда тегишли келишув лойиҳасини ишлаб чиқди. 

Ташқи ишлар вазирлиги “Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида” деб номланган янги ҳужжатни аҳоли эътиборига тақдим қилди.

Икки томонлама шартнома лойиҳаси ҳақидаги тушунтириш хатида Қозоғистоннинг ташқи сиёсат идораси раҳбари Мухтар Тилеуберди ушбу шартномани имзолагандан сўнг кутиладиган натижа – “икки томонлама ҳамкорликни иттифоқчилик муносабатлари даражасига кўтариш”, эканини маълум қилди, деб ёзади inbusiness.kz мухбири. 

“Шартнома лойиҳасидан кўзланган мақсад – Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари даражасидаги ҳамкорликни ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштиришдан иборат.

Битим Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий, сармоявий, илмий-техник, маданий-маърифий ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган”, – деди Ташқи ишлар вазири Мухтар Бескенули. 

Икки қардош давлат бунга қадар иттифоқ тузмаган эди. Чунки, Ўзбекистон Евроосиё иттифоқига аъзо эмас. У Жамоавий хавфсизлик шартномаси ташкилотига ҳам кирмаган. Икки элни фақат Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари ташкилоти бирлаштиради. Бироқ бу ташкилотлар аъзо давлатлар раҳбарларини вақти-вақти билан саммитга тўплагани бўлмаса, барча иштирокчилар учун бажарилиши мажбурий ҳужжатларни мунтазам чиқармайди.

Ҳозирда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган шартномалардан иккитаси алоҳида аҳамиятга молик. Улардан биринчиси – 1998 йил 31 октябрда имзоланган “ҚР ва ЎР ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома”. Иккинчиси – 2013 йили 14 июнда имзоланган “ҚР ва ЎР ўртасидаги Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битим”.

Умуман олганда, икки давлатнинг иттифоқ қуриши ўтган йилнинг якунида маълум бўла бошлади. 2021 йилнинг 6 декабрида Тошкент шаҳрига ташриф буюрган Қ. Тўқаев Ўзбекистон Президенти Ш. Мирзиёев билан тор доирада ўтказган музокараларидан сўнг Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида декларация имзоланди. Бироқ бу оддий декларация эди.

Энди у махсус шартнома ва қонун лойиҳаси сифатида кучга киради. 

Шартномада қайд этилганидек, бу “қозоқ-ўзбек дўстлигини ривожлантириш ҳамда кўп томонлама ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг янги босқичи” бўлади.

Қозоқ-ўзбек иттифоқининг мақсади нима?

Икки давлат коинотни ҳам биргаликда ўзлаштиришни йўлга қўяди. Бу қатор экспертлар тавсия қилаётганидек, келажакда Россияни Бойқўнғир коинот ҳудудидан четлатиш имкониятини бериши зарур. Акс ҳолда, санкциялар остидаги РФнинг Бойқўнғирга эгалик қилиши у ерда халқаро лойиҳалар ва ташаббусларни ривожлантириш режасини тўхтатиб қўйиш эҳтимоли бор. Чунончи, араблар ушбу космодромга сармоя киритишдан манфаатдор.

Энг муҳими, Қозоғистон ва Ўзбекистон ташқи душманлардан биргаликда ҳимояланади.

Иттифоқчилик тўғрисидаги ушбу тарихий шартнома лойиҳасида икки давлатнинг “Қозоғистон ва Ўзбекистон Республикаларининг эгаменлиги ва хавфсизлигига таҳдид солган ҳар қандай тажовуз ва хавф-хатарларга биргаликда қарши туриш, шу орқали, бутун Марказий Осиёдаги тинчлик ва барқарорликни таъминлашга бирлашган саъй-ҳаракатларни йўналтириши” тасдиқланади.

Чунки, бир томондан, Ўзбекистон аҳолиси сони икки баравар кўп, иккинчидан, ЖХҲТга аъзолиги сабабли, россияликларнинг қурол-аслаҳаларини сотиб олишга мажбур бўлган Қозоғистонга қараганда Ўзбекистон Ғарбнинг қудратли қуролларига эгалик қила олади. 2006 йили АҚШнинг Ўзбекистондаги Қарши-Хонобод ҳарбий базаси ёпилганида, америкаликлар бирмунча қурол-аслаҳани ишониб топшириб кетгани айтилган эди.

Қолаверса, бултур Афғонистоннинг расмий ҳукумати хорижга қочиб, ўрнига толиблар келганида, Ғарб коалицияси армиясидан қолган ҳарбий техниканинг аксарияти бошпана излаб қочган афғон ҳарбийлари билан бирга Ўзбекистонга ўтган бўлиши эҳтимол. Американинг Politico ҳамда Ўзбекистоннинг “Фарғона” ахборот агентлиги жорий йил сентябрида ёзганидек, АҚШ собиқ афғон ҳукумати армиясининг Ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари олиб кетган 60дан зиёд ҳарбий самолёт ва вертолётларни Ўзбекистон ва Тожикистонда қолдиришга рухсат бермоқчи. Ҳозирда бу ҳақдаги музокаралар давом этаётганга ўхшайди. Пентагоннинг маълумотларига кўра, ўғирланган, яъни афғон аскарлари ўз оилаларини олиб чиқишга фойдаланган америка авиатехникасидан 46таси Ўзбекистонда, 18таси Тожикистонда қолган.

Ўзбекистон ва Қозоғистон биргаликда ҳарбий техника ишлаб чиқаришни ҳам ривожлантира олади: икки давлатда ҳам замонавий қурол-аслаҳа, ўқ-дорилар, ҳарбий техника ишлаб чиқариш учун зарур база мавжуд. Қолаверса, бу масалада Туркия ёрдам бериши мумкин. Масалан, Туркия яқинда ўзининг ҳаво ҳужумидан ҳимоя қилиш тизимини ишлаб чиқариб, синовдан ўтказмоқда. Яъни, Ўрта Осиёнинг ҳаво сарҳадларини рақиб ракеталаридан ўз кучи билан ҳимоя қилишга қодир бўладиган кун олис эмас.

Янги Иттифоқнинг олий органи бўлиши ҳам кутилмоқда. Иттифоқ доирасида икки давлат Олий давлатлараро Кенгаши тузилади. Уни икки мамлакатнинг давлат раҳбарлари бошқаради. Орган қозоқ-ўзбек иттифоқчилик муносабатларини ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини белгилайди ҳамда томонларнинг умумий манфаатларига дахлдор энг муҳим масалаларни кўриб чиқади.

Шу муносабат билан, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг Олий давлатлараро кенгаши тўғрисидаги низом ишлаб чиқилади. У шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланади. 

Олий органнинг таркибида икки давлатнинг Хавфсизлик котиблари кенгаши ва Ташқи ишлар вазирлари кенгаши ташкил этилади. Бу тузилмалар учун доимий учрашувлар дастакларини ишга тушириш тавсия қилинди.

Ушбу тузилмаларга бағишланган моддада: “Томонлар икки давлатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш мақсадида ҳарбий-техника соҳасидаги ҳамкорлик ва ўзаро хатти-ҳаракатни ривожлантиради”, дейилган. 

Бундан ташқари, иттифоқ доирасида икки давлат парламентлари, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилади. 

Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия, шунингдек, минтақалараро ҳамкорлик анжуманлари иттифоқчи давлатлар ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, транзит ва логистика соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Умуман олганда, икки давлат ўртасидаги ўзаро мулоқотни кенгайтириш борасида янги чора-тадбирлар қабул қилинади. Масалан, Ўзбекистон томонининг маълумотларига кўра, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги жорий ҳамда янги йўналишлар бўйича авиақатновлар сони кўпаяди, шунингдек, Қозоғистоннинг янги йўналишларига Фарғона, Бухоро, Қарши шаҳарларини қўшиш масаласи ўрганилмоқда.

2022-12-01, 02:50 292
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.