26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Адолатли Қозоғистон: қонун ва интизом, иқтисодий тараққиёт, ижтимоий некбинлик

Ҳурматли депутатлар!

Барчангизни навбатдаги сессиянинг очилиши билан табриклайман! Мамлакатимизнинг равнақи йўлидаги фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман.

Ўтган сессияда самарали ишлар олиб борилди. Хусусан, Парламентнинг иккинчи сессиясида 102та қонун қабул қилинди. Жамоат назорати, одам савдосига қарши курашга оид қонунлар шулар жумласидан. Шунингдек, фан ва технология сиёсати, иссиқлик энергетикаси ва бошқа масалаларни созловчи қонунлар кучга кирди.

Ижтимоий соҳага, айниқса, болаларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Миллий жамғармадан болаларнинг ҳисоб-рақамларига пул ўтказишга оид қонун қабул қилинди. Болаларни қимор ўйинларга жалб этганлар маъмурий қонун асосида жазога тортиладиган бўлди. Балоғат ёшига етмаган болаларга зўравонлик кўрсатганлик учун бериладиган жазо кучайтирилди. Болалар хавфсизлигини таъминлашга, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан жиноятларнинг олдини олишга қаратилган қонун қабул қилинди.

Ҳозир кўплаб фуқароларнинг зиммасида бир неча кредит борлиги сир эмас. Бу жамиятимиз учун хавф туғдирадиган жуда долзарб муаммо. Шунинг учун ушбу йўналишда махсус қонунлар қабул қилинди.

Халқнинг фаровонлигини оширишга қаратилган бошқа кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилди. Сизлар бу ишларда бевосита иштирок этиб, фуқаролар билан доимий алоқада бўлдингиз.

Бунинг барчаси “Халқ овозини тинглайдиган давлат” тамойилини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.

Фидойи меҳнатингиз учун миннатдорчилик билдираман. Аммо эришилган натижалар билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Ҳали бажариладиган ишлар кўп.

Қозоғистон халқи ҳозир мутлақо янги сиёсий вазиятда яшамоқда. Сўнгги 5 йилда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Мамлакатимиз сиёсий тизими тубдан ўзгарди. Жамоатчилик онгида туб ўзгаришлар рўй бермоқда. Аҳолининг ҳуқуқий маданияти юксалмоқда. Фуқароларда янги одат ва кўникмалар шаклланмоқда, янги қадриятлар қарор топмоқда. Сиёсий ва ижтимоий ўзлигимиз, ўзига хослигимиз, маданий кодимиз ўзгара бошлади. Бир сўз билан айтганда, Адолатли Қозоғистон яратилмоқда. Буларнинг барчаси, аввало, халқнинг иродаси билан амалга оширилмоқда. Шунинг учун ҳам биз ортга қайтмаймиз, йўналишимиздан оғишмаймиз. Бугун режамизни ишлаб чиқамиз, мақсадларимизни белгилаймиз.

Жаҳонда геосиёсий зиддиятлар авж олмоқда. Шунга қарамай, Қозоғистон тинч ва эволюцион йўл билан ривожланмоқда. Биз тараққиётнинг янги йўналишини белгиладик. Иқтисодиётни ҳар томонлама ривожлантиришга янги жўшқинлик бердик. Пулнинг қадрсизланишини камайтирдик, яъни ўтган йилнинг энг юқори даражасидан 2,5 баравар пасайди. Давлатимизнинг халқаро захиралари 100 миллиард доллардан ошди. Қайта ишлаш саноати тоғ-кон соҳасига нисбатан жадал ривожланмоқда.

Биз бу суръатни йўқотмаслигимиз керак. Янги сармоявий имкониятларни ишга тушириш, яратилган захирадан самарали фойдаланиш зарур.

Ҳукумат ва ҳокимлар иқтисодиёт тизимини ўзгартиришга алоҳида эътибор қаратишлари зарур. Давлатимизнинг барқарор ривожланишини таъминлайдиган янги дастакларни кўриб чиқиш керак. Асосий мақсад – фуқароларнинг даромадларини ошириш. Агар ишни тўғри мувофиқлаштирсак, бу масала ечимини топиши аниқ.

Иқтисодиёт ўсган сари ижтимоий тенгсизлик камайиб, ўрта синф мустаҳкамланиши керак. Фақат шундагина биз мамлакатимизнинг салоҳиятини кучайтиришимиз мумкин. Бунинг учун ҳар қандай ишнинг асосий мезони самарадорлик бўлиши керак. Яъни, ҳар бир қарор, ҳар бир лойиҳа аввало, давлатга фойда келтириши керак.

Энди яқин келажакда амалга ошириладиган ишларимиздаги аниқ йўналишларга тўхталсак.

Биринчи. Молия-кредит сиёсати ва фискал сиёсат ўртасидаги тафовутни бартараф этиш зарур.

Очиқ айтишимиз керак, ҳозир аниқ шўъбага насиялар кутилган даражада берилмаяпти. Кичик ва ўрта бизнесни етарлича молиялаштириш масаласи ҳам ҳал этилмади. Бу ҳолат мамлакатимиздаги тадбиркорлик соҳасининг фаолиятига, иқтисодиётнинг барқарорлиги ва изчил тараққиётига жиддий тўсиқ бўлмоқда. Ҳукумат ва Миллий Банк биргаликда бу масала юзасидан самарали қарорларни ишлаб чиқишлари керак. Банкларнинг иқтисодиётга кўпроқ маблағ ажратишлари учун имконият яратиш жоиз.

Халқаро экспертлар Қозоғистон банкларини имкониятларга бой давлатлар орасида энг даромадли банклар тоифасига киритмоқда. Шунинг учун бу соҳада солиқ миқдори адолатли белгиланиши керак. Банк ҳиссадорлари ўзларининг дивидендларига мувофиқ солиқ тўлашлари керак.

Давлатнинг банкларга кўрсатаётган ёрдамига назар ташлайдиган бўлсак, бу жуда ўринли нуқтаи-назар. Рақамли активларнинг айланимини таъминлаш ва хавфсизлик талабига мувофиқ банк соҳасига инновацияларни жорий этиш учун барқарор тартибга солиш дастакларига эга бўлиш муҳим аҳамиятга эга. Бизга янги банк қонуни керак. Ушбу ҳужжатда иқтисодий фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва финтех соҳасини жадал ривожлантириш каби долзарб масалалар ҳал этилиши керак. Амалдаги қонун бундан 30 йил аввал қабул қилинган. Ўшанда давр бутунлай бошқача эди. Очиғини айтишимиз керак, республика бюджетининг даромад қисми бажарилмаяпти. Бу аввалги ва амалдаги Ҳукумат фаолиятидаги катта камчилик. Бундай ҳолат тез-тез такрорланса, бу охир-оқибатда мамлакат тараққиётига тўсқинлик қилади. Шунинг учун бунга йўл қўймаслик керак. Бюджет маблағларидан унумли фойдаланиш, унинг сарфланишини чеклаш ва қатъий назоратда ушлаб туриш зарур. Ҳукумат Миллий банк билан ҳамкорликда аниқ чора-тадбирлар кўриши керак. 

Рақамли активларнинг айланимини таъминлаш ва банк соҳасига инновацияларни хавфсизлик талабларига мос равишда киритиш учун буни тартибга солувчи дастакларнинг барқарорлиги муҳим.

Мамлакатимиз молиявий барқарорлигини сақлашнинг ягона йўли – маблағлардан оқилона фойдаланишдир. Шунинг учун дастлабки ва стратегик бўлмаган масалалар учун ортиқча харажатлар ажратишни тўхтатиш зарур. Бюджетлараро муносабатларни ҳам созлаш даркор. Кичик ва ўрта бизнесдан тушадиган солиқ тўловларини минтақаларнинг ўзида қолдириш тўғри ва ўз вақтида қилинган қарор бўлди. 

Бу қадам тадбиркорликни ривожлантиришга улкан туртки берди, ҳокимларнинг мустақиллигини оширди. Аммо баъзи ҳокимлар қўшимча даромад манбаига эга бўлгач, уни элга фойдасиз тадбирларга сарфлаб, самарасиз ишламоқда. Бесамара вазифа ва лойиҳаларга маблағ ажрата бошлади.

Бюджет танқислиги шароитида янги даромад манбаларини топиш мақсадида Ҳукумат самарали дастакларни ишлаб чиқиши лозим.

Миллий жамғарманинг фаолиятига алоҳида тўхталаман. Миллий жамғарма маблағлари авваламбор давлатимиз манфаатларига хизмат қилиши ва стратегик мақсадларга эришиш учун ишлатилиши керак, ташқи молиявий институтларнинг манфаатларини таъминлаши керак эмас. Миллий жамғарма узоқ муддатли макроиқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим восита бўлиб, уни самарали бошқариш талаб қилинади.

Иқтисодий юксалишни таъминлаш учун фақат давлат молияларига таяниш етарли эмас. Иқтисодиётга хусусий сармояларни жалб қилиш орқали бизнес фаолиятини ошириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш керак. Бунинг учун, аввало, барқарор солиқ сиёсати зарур. Шундагина бизнес соҳаси ривожланишдан манфаатдор бўлади ва масъулият билан ишга киришади.

Янги Солиқ кодекси амалдаги тизимни янгилаш учун ишлаб чиқилган. Ушбу ҳужжат солиқ тўловчиларга ишончга асосланган янги солиқ маъмурчилигини яратишга йўналтирилган бўлиши керак. Кодексни соддалаштириш, уни иқтисодий фаол барча фуқаролар учун тушунарли этиш муҳимдир, шу орқали меъёрларнинг турлича талқинини чиқариб ташлаш мумкин.

Солиқ тартиблари тадбиркорлар учун яратилган қулай шарт-шароитларга салбий таъсир кўрсатмаслиги керак. Чакана солиқнинг жорий этилишини мисол тариқасида келтириш мумкин. Тадбиркорлар ушбу меъёрнинг самарали эканлигига амин бўлишди, “соя”дан чиқиб, фаолиятини очиқ юрита бошлади. Лекин ушбу тартиб асосан бевосита аҳоли билан ишлаётган тадбиркорларга тегишли бўлиши керак.

Истеъмолчилар учун кўрсатилаётган хизматлар ва савдо-сотиқнинг салоҳиятидан тўлақонли фойдаланилса, иқтисодиётнинг тараққиёти, солиқ тушумларини ошириш ва аҳолини иш ўринлари билан таъминлаш чоралари тезроқ натижа беради.

Фискал ислоҳотлар самарали бўлиши учун солиқ маъмурчилигини тўлиқ рақамлаштириш керак. Уюшган жиноятчилик хатарларини камайтириш ва шаффофликни таъминлаш учун солиқ соҳасидаги жараёнларни электрон шаклга ўтказишни тезлаштириш керак. Солиқ сиёсатини бутунлай муттасил ўзгариб турадиган фискал шарт-шароитларга мослаштириш керак, шу жумладан, солиқ ставкаларини қайта кўриб чиқиш керак.

Хусусий даромад солиғи ставкасини фуқароларнинг даромадига қараб мувозанатлаштириш зарурати туғилди. Солиқ маъмурчилигида жазолаш усулидан воз кечиш керак. Мажбурий ижро чораларини қўллаш ўрнига хабарномаларни йўллаш мумкин, деб ҳисоблайман. Солиқ қарзи белгиланган чегарасидан ошса, фақат қарзнинг қиймати миқдорида чеклов қўйилиши керак. 

Яъни, бутун банк ҳисоб-рақами муҳосара қилинмаслиги керак. Солиқ қарзи кўпайиб кетса, гаровга мулк талаб қилмай, тўлов режаси тақдим этилиши керак. Режа асосидаги солиқ текширувларидан тўлиқ воз кечишга ҳаракат қилиш керак. Бунинг учун хатарларни бошқариш тизимини такомиллаштириш зарур.

Солиқ имтиёзларининг самарадорлигини ошириш муҳим вазифага айланди. Тадбиркорлар ўзлари фойдаланаётган барча имтиёзлар учун солиқ ҳисоботи тақдим этиши жоиз. Бизнесни ривожлантиришга хизмат қиладиган имтиёзларни сақлаб қолган маъқул. Масалан, ишлаб чиқаришни ривожлантиришга бел боғлаган сармоядорларга имтиёзлар бериш мақсадга мувофиқ. Яъни, иншоотлар қуришга, активларни харид қилиш, янгилаш ва қайта қуришга бир марталик солиқ имтиёзларини бериш мақсадга мувофиқ. Маҳсулотни чуқур қайта ишлаб, экспортга чиқарадиган тадбиркорлар учун имтиёзларни кўзда тутиш муҳим, улар бошқа бизнесга қараганда кўпроқ қўллаб-қувватланиши керак.

Ҳукумат ва Парламентга Янги Солиқ кодекси лойиҳасига оид ҳар томонлама муҳокама юритишни топшираман. Қийин бўлса ҳам тўғри қарорлар қабул қилиниши керак. Бу масалада шошма-шошарликка йўл қўйиб бўлмайди. Янги Кодексни сифатли ишлаб чиқиш учун уни қабул қилиш муддатини келгуси йилга қолдиришни керак деб ҳисоблайман. 

“Хуфёна иқтисодиёт” даражасининг ошиши молия соҳасидаги аҳволни янада оғирлаштирмоқда. Уни сезиларли даражада камайтириш учун мукаммал чоралар қабул қилиш зарур. Жумладан, чегарадаги божхона бекатларига оид барча ишларни қисқа муддатда якунлаш жоиз. Шунингдек, ташқи савдо операцияларидан тушган даромадларни бошқа юрисдикцияларга ўтказишга йўл қўймаслик зарур.

ИККИНЧИ. Сармоявий вазият ва бизнес юритиш учун зарур шарт-шароитларни яхшилаш йўлида муттасил иш олиб бориш муҳим. 

Жаҳонда сармоявий рақобат кучайган пайтда мамлакатга сармоя жалб этиш учун тезкор қарорлар қабул қилиш биринчи даражали эҳтиёждир. Шу боис, Ҳукумат қошидаги Сармоя штабига кенг қамровли ваколатлар берилди. Бу қадам металларни чуқур қайта ишлаш, нефть-газ ва углерод кимёси, сайёҳлик, энергетика ва машинасозлик каби устувор соҳаларда лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш имконини берди.

Иқтисодиётга солинган бевосита сармоя ҳажмини камайтириб олмаслик учун ушбу йўналишдаги ишни кучайтириш керак. Баъзи ҳокимлар ва вазирлар сармоядорларни жалб қилиш ишларига етарли эътибор қаратмаётганини айтмоқчиман. Ҳукумат бу ишни ҳам тартибга солишлари керак.

Давлат-хусусий шерикчилиги орқали амалга ошириладиган лойиҳаларни сифатли ишлаб чиқиш зарур. Айниқса, халқаро молия институтлари иштирок этадиган лойиҳаларга эътибор қаратиш керак. Ҳукуматга халқаро молия ташкилотлари давлат-хусусий шерикчилик усули билан молиялаштириб, тўлиқ амалга оширадиган кенг кўламли лойиҳалар рўйхатини тузишни топшираман.

Мен бу йил май ойида “Иқтисодиётни эркинлаштириш чоралари тўғрисида”ги Фармонни имзоладим. Бу ҳужжатда кўрсатилган талаблар мукаммал бажарилиши керак.

Давлатнинг иқтисодиётдаги бевосита улуши ҳали ҳам юқори даражада сақланиб қолмоқда. Бу ҳолат бозордаги тенглик шартларини бузади ва хусусий ташаббусларга тўсиқ бўлади.

Мамлакатимизда давлат корхоналарини бошқариш сиёсати ҳали ҳам самарасиз эканини тан олиш керак. Уларнинг мақсад ва вазифаларини, хизмат доираси, молиялаштириш усуллари ва фаолиятининг бошқа жиҳатларини тегишли қонунлар асосида тартибга солиш зарур. Шунингдек, холдинглар ва Ҳукумат ўртасидаги молия масалаларига оид муносабатлар барқарор ва тизимли бўлиши керак.

Мен 2022 йилги Мактубимда барча ишларни  бошидан бошлашни топширган эдим. Ислоҳотларнинг биринчи босқичида 10 мингдан зиёд талаб бекор қилинди. Уларнинг барчаси вақтида тадбиркорлар фаолиятига тўсиқ бўлган эди.

Бош прокуратура йирик сармоявий лойиҳаларни қўллаб-қувватлай бошлади. Сармоядорларга “яшил даҳлиз” қоидаси бўйича имтиёзлар берилди. Иқтисодий жиноятларнинг анчаси жиноят деб ҳисобланмайдиган бўлди.

Аммо тадбиркорлардан давлат органларининг назоратни ҳаддан зиёд кучайтириб, ваколатларини суиистеъмол қилаётгани ҳақида шикоятлар келиб турибди. Ҳукумат Бош прокуратура билан ҳамкорликда, сармоявий аҳволга салбий таъсир кўрсатадиган ҳаракатларни бартараф этиши керак.

Ўтган йили бизнес вакиллари билан бўлган учрашувда ушбу масалага доир аниқ фикримни билдирдим. Биз тадбиркорлар билан ўзаро битимга келдик, яъни “капитални қонунийлаштириш” учун мажбурий равишда Қозоғистон иқтисодиётига маблағ киритишлари зарур.

Энг муҳими, йўналтирилган маблағ эл фаровонлигига сарфланиши керак. Ушбу талабни меъёрий жиҳатдан тасдиқлаб олиш керак.

Тегишли тизимга киритилган тадбиркорлар билан шартнома тузган пайтда давлатга қайтариладиган активларни “ноқонуний” деб ҳисобламаслик тўғрисидаги меъёрни тасдиқлаш мумкин. Бу – чин маънода, йирик тадбиркорларнинг манфаатларига мос келадиган муҳим қадам. Бироқ, тадбиркорлар ҳам маблағни республика бюджетига ўтказиш масаласига келганда Ҳукумат ҳамда Бош Прокуратура билан тиғиз алоқада иш олиб боришлари лозим. Буни – ўз хоҳиши билан ҳар бир тенге учун савдолашмай, амалга ошириши керак. Улар мамлакатимизнинг фуқароси сифатида мактаб, касалхона, ўйингоҳ, музей ҳамда бошқа ижтимоий-маданий иншоотлар қуришга улкан маблағ ажратишга мажбур. Бундай тадбиркорларнинг номлари саховатли инсонларнинг “олтин рўйхати”да қолиши мумкин. Бундан бош тортган ёки пайсалга солган тадбиркорлар билан бошқача гаплашамиз.

2029 йилгача ўрта бизнеснинг давлат иқтисодиётидаги улуши 15 фоизга етиши керак. Бу – Ҳукуматнинг олдида турган муҳим вазифа. Ҳозир бу кўрсаткич – 7 фоиз атрофида. Йил бошида мен ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган қарорлар қабул қилиш юзасидан топшириқ бердим. Яъни, ҳар томонлама тадбирлар йўлга қўйилиши керак. Аммо, амалда бу иш ҳали тайёр эмас.

Ҳар бир тадбиркор имтиёзларнинг қандай тури бор эканлигини ҳамда ундан қандай фойдаланиш мумкинлигини билиши керак. Шунда кичик ва ўрта бизнес тоифасига ўтишдан манфаатдор бўлади. Бизда ҳозир қўллаб-қувватлаш чораларининг 100дан зиёд тури мавжуд. Лекин бундан фойдаланишда малакали мутахассиснинг ўзи ҳам адашиб кетиши мумкин. Шунинг учун, давлат имтиёзларининг нечоғли самарали эканлигини қунт билан текшириб чиқиш керак.

Тавсия қилинадиган имтиёзларнинг бизнес вакилларига тушунарли ягона тизимини ишлаб чиқиш даркор. Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун финтех усулларидан фойдаланиш мумкин, бу масалага доир тегишли тавсиялар мавжуд.

Агросаноат мажмуасига сармоя жалб қилиш – жуда муҳим вазифа. Сув тошқини қийинчиликларига қарамай, деҳқонларимиз экин экиш ишларини вақтида якунлади. Уларга миннатдорчилик билдираман.

Жорий йил экиш мавсумига икки баравар кўп маблағ ажратилди. Аммо, агросаноатга ажратиладиган пулнинг 70 фоизи – давлат маблағи. Ушбу соҳага тижоравий банкларнинг маблағини жалб қилиш лозим. Деҳқонларга кам фоизли насия бериш учун давлат молия институтларини субсидиялаш тадбирлари йўлга қўйилди. Банклар шундай тажрибадан фойдаланиши керак. Буларнинг барчаси хўжаликларни айланим учун зарур маблағ билан тезкор таъминлаш, уюшган жиноятчилик хатарларини камайтириш ҳамда насия олишни соддалаштириш имконини беради.

Агросаноат мажмуасини бевосита субсидиялаш усулидан арзон насия бериш усулига аста-секин кўчиш – ўта муҳим вазифа.

Ажратилган маблағнинг барчаси самарали сарфланиши лозим. Аммо нотўғри ахборот бериш, бошқача айтганда, маълумотларни хато кўрсатиш қишлоқ хўжалигидаги ҳақиқий аҳволни баҳолашга халақит бермоқда.

Махсус комиссия 2 миллион бош йирик қорамол ҳамда 3 миллиондан зиёд майда молнинг сонда бор, саноқда йўқ эканини аниқлади. Деҳқончилик соҳасида ҳам шундай ҳолатлар қайд этилди. Дарҳақиқат, буларнинг барчаси – давлатдан субсидия олиш учун амалга оширилаётган кўзбўямачилик. Бундай жиноий хатти-ҳаракатларни бартараф этиш даркор. Бу ишлар билан шуғулланаётган одамларни жавобгарликка тортиш керак.

Ер – қишлоқ хўжалиги соҳасига сармоя тортишнинг асосий кафолати.

Ер участкаларини қайтариш бўйича махсус комиссия ҳокимликларнинг қишлоқ хўжалиги майдонларини танлов ўтказмасдан бериш тўғрисида икки мингдан зиёд ноқонуний қарор қабул қилинганини аниқлади. Ушбу масалага доир ҳеч қандай ноаниқлик бўлмаслиги керак.

Ноқонуний берилиб, фойдаланилмаётган ерлар мақбул усулда давлатга қайтарилиши керак. Ердан фойдаланувчи унга сармоя сарфлаб, ҳалол меҳнат қилса, унга халақит бермаслик керак. Шунингдек, унинг қишлоқ фаровонлиги, ҳамқишлоқларини доимий иш билан таъминлаётганини эътиборга олиш керак.

Кўплаб мулк эгалари фойда кўриб ўтирган ердан минглаб чақирим олисда туради, у ердаги қишлоқ аҳолисига ғамхўрлик кўрсатиш хаёлига кириб чиқмайди. Бизга бундай ер соҳибларининг кераги йўқ. Ҳукумат ва Бош прокуратура уларга доир масалани назоратга олишлари керак.

Фуқаролар, айниқса, қишлоқ аҳолиси қонуний равишда сердаромад иш топиб, келажагини ўзлари ўйлаши керак. Уларни рағбатлантириш – давлатнинг бош вазифаларидан бири.

Ўтган йили “Қишлоқ омонати” лойиҳаси бошланди. Умуман, натижаси ёмон эмас. Энди ушбу лойиҳа доирасида яна бир янги усул, яъни “товар насияси”ни бериш масаласини кўриб чиқиш керак.

Қишлоқ аҳолисига ўз маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда сотиш имконини берадиган инфратузилма барпо этиш муҳим.

Ҳар бир туманда фуқароларга турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни ўргатадиган марказ очиш лозим. Бундай лойиҳа “AMANAT” партияси ташаббуси билан Жамбил вилоятининг Мерки туманида амалга оширилди. Ҳукумат ва ҳокимлар ушбу тажрибани бошқа минтақаларга тарқатишни йўлга қўйиши керак.

Умуман, маҳаллий бизнесга ҳамда хориж сармояларига йўл очиш – Ҳукумат ва барча давлат органларининг вазифаси. Уларнинг, яъни бизнес ҳамда сармоядорларнинг қонуний хизматига тўсқинлик қилиш ўта оғир ҳуқуқбузарлик тоифасига киритилиши лозим. Демак, бундай ҳараката йўл қўйганлар тегишли жазосини олади. Мен бу ҳақда доим айтиб келаман.

Тадбиркорлар ва сармоядорлар ўз фаолиятини виждонан олиб бориб, қонунга амал қилиб, солиқ тўлашдан бўйин товламаслиги керак.

УЧИНЧИ. Элимизнинг саноат салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш учун ҳар томонлама чоралар қабул қилиш жоиз.

Ҳукумат 17та йирик лойиҳанинг рўйхатини тайёрлади. Унда чуқур қайта ишлаш усулини ўзлаштиришга устувор аҳамият қаратилган.

Ўз хомашёмиз ва қурол-аслаҳаларимиздан кенг фойдаланиш, йирик корхоналар билан чамбарчас боғлиқ корхоналар очиш муҳим.

Мен яқинда Қарағанди вилоятидаги “Qarmet” металлургия комбинатида бўлдим. Маҳаллий сармоядор келгач, у ердаги аҳвол ҳаминқадар барқарорлашди. Корхона янгилана бошлади. Ушбу қадам ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажмини атрофлича оширишга хизмат қилиши керак.

Саран шаҳрининг иқтисодиёти ранг-баранглаштирилмоқда. Унда автомашина баллони ҳамда маиший техника ишлаб чиқарадиган корхоналар ишга туширилди. Натижада мазкур аҳоли манзили моношаҳар тоифасидан чиқарилди. Бошқа моношаҳарларга жўшқинлик бериш учун ушбу тажрибани қўллаш даркор.

Умуман, минтақаларнинг тараққиётига йўл очадиган янги ишлаб чиқариш корхоналарини имкон қадар ривожлантириш керак.

Маълумки, бу йил махсус Фармон билан Олатов шаҳри ташкил этилди. Бу шаҳар жадал ривожланадиган, инновация кенг қўлланиладиган ва малакали мутахассислар ишлайдиган ҳудудга айланиши керак. Ҳукумат у ерда инсонлар учун қулай ҳаёт кечириш, самарали меҳнат қилиш ва сармоя жалб этиш учун зарур шароит яратиши лозим. Автомобилсозлик соҳасида яхши натижаларга эришилмоқда. Бу суръатни сақлаб, маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажмини мунтазам ошириб бориш керак. Давлатнинг автомобилсозлик саноатига кўрсатаётган ҳар томонлама ёрдами охир-оқибат тўлақонли автомобилсозлик кластери сифатида даромадли соҳага  айланиши зарур.

Нефть-газ-кимё соҳасини янада ривожлантириш – муҳим вазифа.

Биз полипропилен ҳамда полиэтилен ишлаб чиқарадиган йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишни бошладик. Бутадиен, карбамид, терефтал ишқори ишлаб чиқаришга мўлжалланган қатор истиқболли лойиҳалар йўлга қўйилмоқда.

“Марказий Осиё – Марказ” магистрал сув қувурининг элимизга тегишли 800 чақиримдан зиёд қисмини янгилаш ишлари жуда қисқа муддатда якунланди. Газ ташиш йўналишларини ранг-баранглаштириш ҳамда унинг қувватини ошириш лозим. Фуқаролар ҳамда иқтисодиётни газ билан таъминлаш – Ҳукуматнинг бош мақсадларидан бири. Ўтган йили қатор газ конлари ўзлаштирила бошланди. Шунингдек, йилига умумий ҳажми бир миллиард квадрат метр газ ишлаб чиқарадиган янги конларни ўзлаштириш режаланмоқда. Ҳозирча ушбу лойиҳалар тўлиқ ишга туширилгани йўқ. Шу боис газни ички бозорда самарали тақсимлаш зарур. Иссиқлик электр марказлари ҳамда оддий истеъмолчиларни кўмир ўрнига газ ёқишга кўчириш ишини жиддий амалга оширган маъқул.

Ҳукуматга Жанаўзен, Қашаған ҳамда Қарашиғанақдаги газни қайта ишлаш корхоналарининг қурилишини тезлатишни топшираман. Бу – бош вазифа.

Ушбу соҳани даромадли ривожлантириш учун сармоянинг қайтаримини таъминлайдиган самарали рағбатлантириш чораларини қисқа муддатда қабул қилиш, шу жумладан, мақбул тарифлар ва улгуржи нархларни белгилаш керак.

Газ конларида геологик қидирув ишлари олиб бориш учун янги сармоя жалб қилишни эътиборга олганда, ушбу чоралар жуда муҳим. Акс ҳолда, иқтисодиётни зарур ҳажмда газ билан таъминлаш имкони бўлмайди.

ТЎРТИНЧИ. Инфратузилмага оид муҳим масалаларни ҳал қилиш керак. Бу иш, дастлаб, энергетика ҳамда коммунал хўжалик соҳасида олиб борилиши лозим.

Ҳозир энергия ишлаб чиқарадиган янги иншоотлар қуриш учун бериладиган насия шартларини мақбул деб айтолмаймиз. Шунинг учун Ҳукумат молия институтлари орқали узоқ муддатга мўлжалланган ҳамёнбоп насия бериш йўлларини кўриб чиқиши даркор.

Мамлакатнинг узоқ вақтга мўлжаллаган аниқ тариф сиёсати, яъни тегишли лойиҳаси бўлиши керак. Бу – ушбу соҳага “узоқ муддатга сармоя жалб қилиш”нинг асосий шарти. Аммо истеъмолчиларга мўлжалланган тарифнинг асоссиз ўсишига йўл қўйилмайди.

Энергетика ҳамда коммунал хўжалик соҳасини янгилаш бўйича миллий лойиҳани йил якунига қадар тасдиқлаш керак. Коммунал захираларни тежаш маданиятини шакллантириш – ўта муҳим масала.

Келгуси йилдан эътиборан аниқ қоидалар жорий этилиши керак. “Кўп ишлатсанг – кўп тўлайсан” қоидасига амал қилиш даркор. Лекин истеъмолчилар якка ҳокимликлар чангалида ёлғиз қолмаслиги керак.

Қонунчиликка ижтимоий аҳамиятига молик хизматлар деган тушунча киритилиши жоиз. Уни давлат хизмат кўрсатиш тамойили каби тартибга солган маъқул.

Ҳозир дунёда энергия тақчиллиги  кучайиб бормоқда. Элимизга ишончли ҳамда экологик тоза қувват манбалари жуда зарур. Шу боис, биз атом энергетикасини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратишимиз керак, деб ўйлайман.

Сабаби, иқтисодиётимиз кун сайин кўпроқ энергия талаб қилмоқда. Бундай эҳтиёжни атом энергетикаси таъминлай олади. Ҳозир ривожланган ҳамда ривожланаётган 30 мамлакатда 200дан зиёд атом электр станциялари мавжуд.

Биз элимизнинг ўзига хослигини ҳамда узоқ муддатга мўлжалланган миллий манфаатларимизни эътиборга олган  ҳолда, фақат олға юришимиз керак. Бир сўз билан айтганда, келажакни ўйлашимиз лозим. Шунинг учун мен атом электр станциясини қуришга доир жиддий қарор қабул қилиш зарурлигини ҳар доим айтиб келаман.

Стратегик лойиҳаларни жамиятда кенг муҳокама қилиш зарур, деб ҳисоблайман.

Эл ҳаётидаги ҳар бир муҳим қадам кўпчилик билан биргаликда амалга оширилиши лозим. Атом электр станцияси тўғрисида референдумга доир ҳам шундай бўлиши керак. Ўтган йили мен ушбу масала бўйича фикримни билдирдим, яъни, референдум мавзуининг жамоат муҳокамасида эканлигига бир йил бўлди. Бу фуқароларимизнинг ҳар томонлама ўйланиб, бир қарорга келиши учун етарли муддат, деб ўйлайман. Шу боис, мен Ҳукуматнинг таклифини қўллаб-қувватлайман.

Атом электр станциясини қуриш бўйича умуммиллий референдум жорий йил 6 октябрь куни бўлиб ўтади. Мен бугун тегишли Фармонга имзо чекаман. 

Бўлажак референдум кенг кўламли умуммиллий мулоқотнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлади. Чин маънода, бу – “Халқ дардини тинглайдиган давлат”га хос сифатдир. Биз шундай қадамлар орқали янги ижтимоий-сиёсий маданиятнинг пойдеворини қалаймиз. Муҳим давлат қарорларини қабул қилишнинг янги намунасини ишлаб чиқамиз. 

Навбатдаги масала. Транспорт-логистика шўъбасини ривожлантириш – стратегик аҳамиятга эга устуворлик. 

Мамлакатимиз Евроосиё қитъасининг қоқ марказида жойлашган. Бу – бизга дунёвий рақобатда катта имкониятлар берадиган ўзига хос жиҳат. Шу боис транспорт инфратузилмасига сарфланаётган ҳар бир сармоя ўзини оқлаши муқаррар.

Биз келажак авлодга юқори сифатли автомашина ва темир йўлларни қолдиришимиз керак. Шунингдек, сифатли фаолият юритадиган ҳаво хаблари, темир йўл бекатлари ва денгиз портларини қуришимиз жоиз. Бу борада қатор мажмуавий масалаларни ҳал қилиш ўринли.

Темир йўл соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш учун нарх-наво тизими қайта кўриб чиқилиши керак. Бу – ойдек равшан жиҳат. Янги нархлар темир йўл тармоқлари ҳолати тегишли даражада бўлишига ва унинг ташиш қобилиятини оширишга ёрдам беради. 

“Қозоғистон темир йўли” компанияси учта йирик инфратузилмавий лойиҳани амалга оширишни бошлади, яъни темир йўл қурмоқда. Унинг умумий узунлиги минг чақиримдан ошади. Мазкур лойиҳалар ўз муддатида ва ниҳоятда сифатли амалга оширилиши даркор.

Автойўллар ҳолати – долзарб масала. Мен бу ҳақда шу пайтгача ҳам айтиб келдим. Жорий йилда мамлакатимизда 12 минг чақиримга яқин йўл қурилиб, таъмирланмоқда. Қозоғистонда бундай кенг кўламли ишлар  аввал бўлмаган. Астана–Алмати, Ақтўбе–Атиров–Астрахань, Талдиқўрған–Ўскемен йўналишидаги йўлларни янгилаш ишлари поёнига етмоқда.

 2,5 минг чақиримга чўзилган вилоятлараро ва туманлараро йўлларни ўртача таъмирлашга мўлжалланган дастурнинг аҳамияти залворли. Айнан мана шу йўллардан аҳоли кўпроқ қатнайди. Шунинг учун дастур кўламини кенгайтириб, унга камида 10 минг чақирим йўлни қамрашни топшираман. 

Албатта, бунда сонидан кўра сифати муҳимроқдир. Шунинг учун инновациявий ва замонавий илғор усуллардан кенг фойдаланиш зарур. Бу ишга жамоатчилик назоратини кучайтириш учун ягона рақамли дастурни ишга тушириш лозим. Унда барча йўллар, жумладан, шаҳар ҳудудидаги йўлларни қуриш ва таъмирлашга оид ахборотлар бўлиши жоиз.

Қозоғистон рақамлаштириш соҳасидаги ютуқларини икки баравар ошириши зарур. “Электрон ҳукумат” дастурига сунъий заковат технологиясини имкон қадар татбиқ этиш керак. Қозоғистон сунъий заковатдан кенг фойдаланадиган ва рақамли технологияларни ривожлантирадиган давлатга айланиши даркор. Бу – Ҳукуматнинг асосий вазифаларидан бири. Парламент депутатларини ҳам ушбу ишда иштирок этишга чақираман.

Келгуси йили Астанада "Сунъий заковат" миллий маркази ишга туширилиши керак. Ушбу марказ ўқувчилар, талабалар, олимлар ва тадбиркорлар учун ҳар доим очиқ бўлади.

Рақамли активлар ва майнингни қонун билан созлаб,  крипто биржаларини бундан кейин ҳам ривожлантиришни давом эттириш керак. Мамлакатимизда иқтисодиётга зарур электр энергиясидан режадан ортиқ фойдаланадиган, лекин шунга қарамасдан солиқни камроқ тўлайдиган тадбиркорлар йўқ эмас. Уларни йўлга солиш керак.

2025 йилда Каспий денгизи орқали оптик толали алоқа тармоғини ўтказиш лойиҳаси якунланади. Мамлакатимиз учун бу лойиҳанинг  аҳамияти залворли. Бу орқали биз маълумотларнинг халқаро канали ҳамда трансчегаравий оқимига уланган рақамли инфратузилмани яратишимиз мумкин. 

Умуман, телекоммуникация тармоқлари ва рақамли-марказларни такомиллаштириш, кибер-хавфсизликнинг жаҳон андазаларини татбиқ этиш ва мутахассисларимизнинг малакасини оширишга оид  ишларни давом эттириш зарур.

Ҳаво аэройўналишларини ривожлантириш – ўта муҳим вазифа. Қозоғистоннинг ҳаво сарҳадлари орқали йил сайин 150 минг тоннага яқин юк ташилади. Келгуси тўрт йилда бу кўрсаткични икки ҳиссага кўпайтириш мумкин. Аэропортларимизнинг юк ташиш имкониятини орттириш учун барча шарт-шароитларни яратиш керак.

Ички ҳаво йўналишларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бу, айниқса, асосий туризм иншоотлари инфратузилмасини яхшилаш учун муҳим.

Балхаш ва Алакўл дам олиш масканларидаги учиш-қўниш йўлаклари тўлиқ янгиланди. Қатўнқарағай, Зайсан ва Кендирли минтақаларининг ҳам сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш керак. Бундай дам олиш масканларида юқори сифатли йўл инфратузилмаси мавжуд бўлган ҳаво бекатлари ва аэропортлар қуриш зарур. 

Саноатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан кичик авиация самолётларини харид қилиш мумкин.

Сайёҳлик лойиҳаларини амалга оширганда табиатга зарар келтирмай,  экология мувозанатини таъминлаш ўта муҳим эканлигини алоҳида таъкидлагим келади.

Навбатдаги масала. Суғориш тизимлари ва умумий сув хўжалиги масаласи билан теран шуғулланиш зарур.

Баҳордаги ҳалокатли тошқин бутун мамлакатимиз учун улкан синов бўлди. Ўша оғир кунларда биз аҳиллиги ярашган эл эканлигимизни намоён қилдик. Қозоғистоннинг турли минтақаларидан келган кўнгиллилар ва жонкуяр фуқаролар жабрланганларга ёрдам қўлини чўздилар. Менинг юрт ишидан четдан қолмаслик ҳақидаги мурожаатимга йирик бизнес вакиллари ҳам ижобий жавоб беришди. Давлатнинг дадил саъй-ҳаракатлари ҳамда халқнинг ўзаро ҳамкорлиги туфайли биз қийин вазиятдан омон-эсон ўтдик. Лекин шунга қарамай, марказий ва маҳаллий ҳокимлик вакиллари мазкур воқеадан сабоқ олишлари даркор. 

Ҳозирги замонда биз ҳар қандай хавф-хатарга тайёр бўлишимиз керак. Шунинг учун  тошқин сувини тўплаб, уни деҳқонлар эҳтиёжига  ишлатиш учун  тўғри сақлай билиш муҳимдир. Гидрология станцияларини таъмирлаб, янгилаш керак. Сувни иложи борича тежаш тадбирларини уюштириш лозим. Бу – энг аввало, қишлоқ хўжалигига тегишли масала, яъни сувни тежайдиган технологиялардан, айниқса, қишлоқ хўжалигида кенг фойдаланиш зарур. 

Сув захираларини тўплаб, улардан самарали фойдалана олсак ҳамда суғориш тизимини оқилона ишлатсак, ушбу соҳага ҳам сармоя жалб этиш мумкин. Шунинг учун нарх-наво сиёсатини тартибга келтириб, сармоядорларга самарали қўллаб-қувватлаш чораларини тавсия қилиш керак. Бу – Ҳукумат олдида турган муҳим вазифа. Аниқ ишга киришиш лозим. 

БЕШИНЧИ. Юртимизнинг кадрлар салоҳиятини босқичма-босқич юксалтириш жуда муҳим.

Иқтисодиётни малакали мутахассислар билан таъминлаш – долзарб вазифадир. Энг аввало, сув, энергетика, қурилиш ва бошқа соҳаларда кузатилаётган кадрлар тақчиллигини бартараф этиш зарур. Шунингдек, келажакда талабга эга бўладиган касблар учун малакали мутахассисларни тайёрлаш керак. Бу йўналишда амалий ишлар бошланди.

Ҳукумат олий таълим соҳасини халқаро таълим кенглиги билан мувофиқлаштирмоқда. Ҳозирнинг ўзида юртимизда хорижнинг нуфузли 23та олий ўқув юртлари фаолиятини бошлади. 

Уларни имкон қадар қўллаб-қувватлашимиз керак. Хусусан, мутахассис тайёрлашга бериладиган давлат буюртмасини аста-секин ошириб бориш мақсадга мувофиқ. Ушбу ёндашувни таълим дастури замонавий талабларга мос келадиган маҳаллий таълим муассасаларимизда ҳам қўллаш мумкин. 

Бу борада грант қиймати ёшларни сифатли ўқитишга имкон бериши керак. Давлат маблағини университетларнинг ҳаммасига тарқатиб беравериш нотўғри. 

Илғор университетларнинг алоқаларини иқтисодиётнинг аниқ шўъбаси билан ривожлантириш зарур.

Инновациявий сиёсатни мамлакатимизнинг илмий-технологиявий устуворликлари билан мувофиқлаштириш керак. Бундай қадам ҳар соҳада инновацияга туртки беради. Шунингдек, у олий ўқув юртларидаги амалий илмлар салоҳиятини оширади. Бундан ташқари, олимларнинг хориждаги амалиётини шунчаки синекура ва “академик туризм”га айлантирмаслик керак.

Нафақат олий ўқув юртлари, балки техник ва касб-ҳунар таълими муассасалари ҳам малакали мутахассислар тайёрлашлари зарур. Ҳукумат коллежда яхши ўқиган битирувчиларни мутахассислиги бўйича давлат хизматига олиш имкониятини кўриб чиқиши керак. 

Касб-ҳунар таълими соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш – ўта долзарб масала.

Бу – иқтисодиёт ўсимини таъминлаш ва сармоявий жозибадорликни ошириш учун зарур қадам. 

Мен 2025 йилни “Ишчи касблари йили” деб эълон қиламан. Ушбу вақт мобайнида техник ва касб-ҳунар таълими тизимини ислоҳ қилиш зарур. Шунингдек, биз ишчи ихтисосликларини тарғиб қилиш орқали жамиятда меҳнаткаш ва ҳақиқий мутахассис бўлиш ғоясини ташвиқот қиламиз. 

Адолатпарварлиги ва меҳнатсеварлиги билан муваффақиятга эришган одамлар ҳамиша ҳурматга сазовор, эътирофда бўлишлари керак. Бу биз таклиф қилган “Адолатпарвар фуқаро –  адолатли меҳнат – адолатли даромад” тамойилига тўлиқ мос келади. 

Бир сўз билан айтганда, бизнинг жамиятда меҳнатсеварлик ва касбга муҳаббат каби фазилатлар юксак баҳоланиши керак. Ўз касбини яхши ўзлаштирган мутахассислар миллат сифатини юксалтиради. Шунинг учун биз меҳнат одамининг мақомини кўтармоқдамиз. Бу йўналишдаги ишлар тўхтамайди, давом этади.

Ишнинг ёмони йўқ, ҳар қандай меҳнат – қадрли. Асосийси, ҳар ким  масъулиятни чуқур англаб, ўз вазифасини сифатли бажарса, кифоя. Шундагина юртимиз тараққиётнинг асл йўлидан боради.

Халқимизда: “Меҳнатдан келса бойлик – турмуш бўлар чиройлик” деган нақл бор. Ўз касбига ҳалол ва масъулиятли одам ҳамиша муносиб баҳосини олади. Бу тушунчани жамият онгига сингдириш керак. Фуқароларга фахрий унвон беришдаги асосий мақсадимиз ҳам – шу.  Бунгача бундай унвонлар ўқитувчиларга, шифокорлар ва маданият арбобларига берила бошлади. Бу – жуда яхши ташаббус, унинг кўламини кенгайтириш керак. 

Биз турли соҳалардаги мутахассисларга, оддий ходимларга ҳурмат кўрсатишимиз керак. Рақобатбардош, иқтисодиёти илғор мамлакат бўламиз десак, аввало, ҳалол меҳнатни баҳолаш зарур. Шунинг учун муҳандислар, геологлар, кончиларга, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва сув соҳаси ходимлари, олимлар ва ихтирочиларга бериладиган фахрий унвонлар давлат мукофотлари тоифасига киритилади. 

Меҳнатининг давлат даражасида баҳоланиши барча касб-ҳунар соҳибларига алоҳида илҳом бағишлайди, меҳнат одамининг қадр-қиммати ва обрўсини оширади.

Мамлакатимизнинг кадрлар салоҳиятини юксалтириш ишида ўрта таълим тизими  жуда муҳим аҳамият касб этади. 

Менинг топшириғимга кўра  “Бадастир мактаб” миллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. 2025 йилнинг охиригача 217та замонавий  мактаб фойдаланишга топширилиши режаланмоқда. Бу ниҳоятда муҳим вазифани “Самұрық-Қазына” жамғармаси назорат қилмоқда. Ҳукумат ва ҳокимлар бу масалада фаол иштирок этишлари шарт. Депутатлар ҳам бу умумий ишдан четда қолмайди, деб ўйлайман.

Ҳукумат бадастир мактабларни махсус бошқариш тизимини жорий этиш масаласини кўриб чиқиши керак. 

Шу билан бирга, мамлакатимиздаги 1300 мактабда тубдан таъмирлаш ишларини амалга ошириш зарур. Ҳукумат ҳокимлар билан биргаликда уни молиялаштириш манбаларини аниқлаб, шунингдек, ҳомийлардан ҳам маблағ жалб этиб, уч йил ичида уларни тўлиқ янгилаши керак.

Давлат кафолатли тўловлар учун йирик маблағ ажратади. Жумладан,  хусусий мактабларга ажратиладиган молия ҳам бор. Масалан, 250 мингдан зиёд бола ўқийдиган хусусий мактабларга  бу йилнинг ўзида бюджетдан 134 миллиард тенге ажратилди. 

Ота-оналар давлатнинг хусусий мактабларга аниқ ёрдам кўрсатаётганини билишлари керак. Шу муносабат билан ҳар бир болага меъёр бўйича ажратилган маблағ кўрсатилиб туриши керак. Шунда фуқароларимиз ижтимоий дастурларга ажратилаётган маблағ ҳақида ҳаққоний ахборотларга эга бўлишади.

Бундан ташқари, мактаблар фаолиятини яхшилаш чора-тадбирларини ҳам йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир.

Муаллимлар малакасини оширишга ва ижтимоий мақомини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Ўқитувчилар – миллатнинг ақл-заковати, куч-қудратидир. Улар билимли авлодни тарбиялаш орқали мамлакатимиз тараққиётига йўл очишади. Илғор ўқув дастури, замонавий мактаблар, илғор бошқарув тизими бўлса-да, муаллим малакали бўлмаса, буларнинг барчаси бефойда эканлиги равшан. Шунинг учун муаллимлар олий ўқув юртларига талабчан, қобилиятли ёшларни қабул қилишга устувор аҳамият қаратиш лозим.

Болани мактабга тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилиши керак. Давлатдан ташқари, ота-оналар ҳам мактабгача таълим ва тарбия учун масъулдирлар. Шунинг учун мактабгача таълим соҳасида ҳар бир болага ажратиладиган маблағ оиланинг ҳақиқий даромадига боғлиқ бўлиши керак. Шундай қилиб, таълим тизимини янада такомиллаштириш орқали ҳақиқий муҳтож фуқароларга ёрдам кўрсатамиз ва давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шаффофлигига эришамиз. Пировардида биз фуқароларимизнинг салоҳиятини оширамиз.

Олтинчи. Миллат саломатлигини мустаҳкамлаш учун мажмуавий чора-тадбирларни амалга ошириш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини замонавийлаштириш зарур.

Мажбурий ижтимоий тиббий суғурта тизимининг жорий этилиши соғликни сақлаш соҳасига қўшимча захиралар олиб келди ва хусусий тиббиётга катта фойда келтирди.

Жорий йилда соғликни сақлаш соҳасига бюджетдан 3,3 триллион тенге ажратилди. Аммо унинг натижалари ҳали кўринмаяпти. Тиббий суғурта тизими иштирокчилари ўртасида мажбуриятларнинг нотўғри тақсимланиши сохта маълумотларнинг кўпайишига олиб келди. Кўп ҳолларда беморларга давлат томонидан кафолатланган хизматларни пуллик асосда олиш ёки бир неча ой навбат кутишни таклиф этиш ҳолатлари мавжуд. Бу каби амалиётга йўл қўйиб бўлмайди. Бюджетнинг имкониятлари ва мажбуриятларини инобатга олган ҳолда, давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдамнинг ягона базавий мажмуасини яратиш зарур. Бундан ортиқ барча чиқимлар эса суғурта тизими орқали қопланиши керак. 

Бу каби жиддий кенг кўламли ўзгаришларни рақамлаштиришсиз муваффақиятли амалга ошириб бўлмайди. Бир-бирига алоқаси йўқ ўнлаб дастурлар ва маълумотлар базалари ўрнига ягона давлат тиббий ахборот тизимини яратиш керак.

Янги тизим, мулк шаклидан қатъиназар, давлат буюртмасини оладиган тиббий муассасаларнинг барчасини тўлиқ назорат қилиши ва маълумотлар ҳаққонийлигини таъминлаши зарур. Ҳукумат ушбу муҳим масалани жадал ҳал этишга зудлик билан киришиб, ушбу йўналишдаги тадбирларнинг бориши юзасидан менга ва депутатлик корпусига ҳисобот бериши даркор.

Юртимиз соғликни сақлаш тизимини ривожлантириш учун давлат-хусусий шериклиги дастаклари орқали захираларни фаол жалб этиши зарур. Афсуски, давлат-хусусий шериклиги бўйича хорижий давлатларнинг илғор иш тажрибалари қонунчилигимизда тўлиқ акс этмаяпти. Буларнинг барчаси лойиҳаларнинг бесамаралигига ва бюджетга ҳаддан зиёд юклама тушишига сабаб бўлмоқда. Ушбу ёндашувларни қайта кўриб чиқиш ва сармояларни жалб этиш учун мақбул шароитларни таклиф қилиш зарур. Ҳукумат соғликни сақлаш ва таълим соҳасида давлат-хусусий шериклиги бўйича янги меъёрий ҳужжатлар ва қоидалар ишлаб чиқиши керак.

Малакали тиббиёт мутахассисларининг тақчиллиги масаласи ҳамон долзарб муаммолигича қолмоқда.

Бу муаммони ҳал қилиш учун, биринчи навбатда, тиббий таълим сифатини сезиларли даражада яхшилаш зарур. Шунингдек, таълим жараёнларининг савиясига кўра табақалаштирилган грант қийматини аниқлаш ва самарали тақсимлаш зарур. 

Барчангизга маълум, мен оммавий спортни ривожлантиришга алоҳида  эътибор қаратаман. Ёшларимиз соғлом ва бақувват бўлиб вояга етиши керак. Шунинг учун ҳам халқ саломатлигини асрашда оммавий спорт алоҳида аҳамиятга эга. Яқинда Олимпиада иштирокчилари билан учрашиб, спорт соҳасига оид аниқ вазифалар ва устувор йўналишларга тўхталиб ўтдим.

Аслида бу борадаги қонунчиликни янгилаш вақти келди, деб ўйлайман. Қонунга киритиладиган ўзгартиришлар оммавий спорт ва болалар спортини ривожлантиришга салмоқли жўшқинлик беради. Бу, шунингдек, келажакда янги чемпионлар авлодини тайёрлашни таъминлайди. Депутатлар ушбу муҳим қонун лойиҳасига жиддий эътибор қаратишлари керак, деб ҳисоблайман. 

Навбатдаги масала. Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш жуда муҳим вазифадир. Шу сабабли, давлат ижтимоий тўловларни босқичма-босқич ошириб бормоқда. Ҳозир давлат бюджетининг ярмидан кўпи ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда. Фарзандли оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида чақалоқ парвариши учун нафақа тўлаш муддати бир йилдан бир ярим йилгача узайтирилди.

Жорий йилдан эътиборан зарарли меҳнат шароитларида машғул фуқароларга махсус тўловлар йўлга қўйила бошлади. “Миллий жамғарма – болаларга” кенг қамровли лойиҳа ишга туширилди. Унинг доирасида миллий жамғарма даромадидан 7 миллион нафар боланинг ҳисоб рақамига 300 миллиард тенгедан ортиқ маблағ ўтказилди. Бироқ, таъкидлаш жоиз, давлат томонидан қўллаб-қувватланаётган фуқароларнинг ҳаққоний даромадлари ҳисобга олингани йўқ. Бошқачароқ қилиб айтганда, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлмаган бадавлат оилалар ҳам давлатдан ёрдам олмоқда. Бундай ҳолатлар кўп. Мана шу жиҳатларни ҳисобга олиб, халқни қўллаб-қувватлаш йўлларини такомиллаштириш зарур. Шу боис Ҳукуматга келгуси йил бошидан “Ижтимоий ҳамён” лойиҳасини амалга оширишни топшираман. Ҳақиқий муҳтожларга давлат томонидан ёрдам кўрсатилиши жоиз. Бир сўз билан айтганда, ҳар қандай ижтимоий ёрдам адолатли, шаффоф ва самарали бўлиши керак.

Еттинчи масала. Экологик вазиятни яхшилаш олдимизда турган асосий вазифалардан бири. 

Биз жамиятда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш муҳимлигини кенг тарғиб қилишимиз даркор. Аҳолини экологик омилларнинг салбий таъсиридан муҳофаза қилиш зарур. Бизнес вакиллари табиатни муҳофаза қилиш масаласига юксак масъулият билан ёндашишлари керак. Ҳукумат ва “Атамекен” палатаси бу борада аниқ чора-тадбирлар кўриши жоиз. Бу соҳага илғор технологияларни кенгроқ жорий этиш ишларини давом эттириш зарур. Табиатни ифлослантирувчи чиқиндилар мониторингининг илғор тизими жорий этилмоғи керак.

Қозоғистоннинг ноёб ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини сақлаб қолиш масаласи ҳамиша долзарб. Келгусида бепоён далаларимиз, ўрмонларимизни ёнғиндан асраш учун давлатимиз томонидан барча имкониятлар кўрилади.

Қозоғистоннинг табиати жуда бой ва ранг-баранг. Ваҳоланки, ўрмонлар ҳудудимизнинг атиги 5 фоизини эгаллайди. 

Табиатнинг хилма-хиллигини сақлаб қолиш учун биз ўрмон майдонларини кенгайтиришимиз керак. Бу вазифа ҳам мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётида муҳим аҳамият касб этади. Президент этиб сайланган кундан эътиборан ушбу масалага алоҳида эътибор қаратяпман.

Мамлакатимизда ободонлаштириш ишларининг суръати ёмон эмас. Бу бетўхтов давом этиши керак. 

“Семей ўрмони” тасарруфида ўрмон уруғчилик ва кўчатчилик мажмуаси мавжуд. Бу Марказий Осиёда илғор халқаро талабларга мос кўчат етиштирувчи ягона мажмуадир. Ушбу лойиҳани бошқа ўрмон минтақаларида ҳам амалга ошириш даркор.

Ўрмон ва тўқайзорларни кўпайтириш масаласи бутун мамлакатни ҳаракатга келтирадиган ҳақиқий халқона ғояга айланиши керак. Шу мавзуда мамлакатимизда кенг кўламли ахборий-тарғибот тадбирларини юритиш зарур.

Маълумки, мамлакатимизда кўкламдан буён “Тоза Қозоғистон” миллий экологик тадбири давом этмоқда. Бу бунёдкорлик ташаббус халқни бирлаштирди.

Бир неча ой ичида “Тоза Қозоғистон” тадбирида 3 миллионга яқин фуқаро иштирок этди. Юз минглаб уйларнинг ҳовлилари тозаланди. 1 миллион тоннадан ортиқ чиқинди тўпланди. Ана шундай хайрли тадбирлар туфайли жамиятда янгича маданият, янгича ижтимоий ахлоқ шаклланмоқда. Буни ҳақиқий ватанпарварлик ва юртга ғамхўрлик деб аташ мумкин. Миллатнинг янги сифати ана шундай аниқ тадбирлар орқали шаклланади.

Бу муваққат тадбир эмас, ушбу муҳим лойиҳа йил бўйи давом этиши даркор. Очиғини айтсак, айрим масъулиятсиз фуқаролар ҳамон табиат, кўчаларни ифлослантиришмоқда. Бундай кимсаларнинг қилмишлари қонун доирасида бартараф этилиши жоиз. Бир сўз билан айтганда, атроф-муҳит тозалиги ҳар бир инсоннинг кундалик одатига айланмоғи жоиз.

Халқимизда ажойиб фазилатлар бисёр. Масалан, бошқа давлатлар бизни меҳмондўст, оқкўнгил халқ сифатида билишади. Худди шундай поклик ҳам халқимизнинг қон-қонига, қалбига сингиб кетган фазилатга айланиши керак.

“Тоза Қозоғистон” тадбирининг ҳудудларда сифатли амалга оширилиши учун бевосита ҳокимлар масъул. Улар вазифанинг моҳиятини халққа тўғри тушунтиришлари, мувофиқлаштиришлари зарур.

Минтақа раҳбари фақат хўжалик билан шуғулланмайди. Ҳоким ижтимоий-маънавий масалаларни ҳамиша эътиборида тутмоғи жоиз. Ҳар бир раҳбар фуқаролар билан ишончли муносабатлар ўрнатиши зарур. Шунда халқ унинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, юрт учун фойдали ишга жавлон уриб киришади. Бу ҳокимларнинг обрў-эътибори кўрсаткичидир.

Саккизинчи. Давлат бошқаруви самарадорлигини тубдан ошириш жоиз.

“Халқ овозини тинглайдиган давлат” дастурини илгари сурганимга беш йилдан ошди. Шу вақт мобайнида биз жамият ва давлат тузилмалари ўртасидаги муносабатлар маданиятини ўзгартира олдик. Бир қатор самарали алоқа дастаклари ва турли мулоқот дастурлари юзага келди. Давлат хизматчиларининг фуқаролар билан бевосита мулоқоти одатий ҳолга айланди. Ушбу дастур давлат хизматчиларининг хулқ-атворини шакллантирди. Улар масъулият билан фаол, шаффоф ва самарали ишлай бошладилар. Бироқ, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқот сифатини янада юксалтириш учун барчамиз ҳалол ва адолатли бўлишимиз, фақат қонун доирасида иш юритишимиз, берган ваъдамиз ва қилган ишимизга масъул бўлмоғимиз керак.

Кўриб турибмизки, муҳокама қилинаётган ижтимоий ташаббусларга оид масалаларни ҳақиқатни билмайдиган, бўрттириб юборишга мойил сафсатабозлар ўз манфаатлари йўлига буришга ҳаракат қилишаётир. Бунинг демократияга ҳеч даҳли йўқ.

Мурожаатларни кўриб чиқиш билан боғлиқ ягона экотизим шакллана бошлагани жуда муҳим. Бу аҳолининг эҳтиёж ва талабларини аниқ билиш имконини беради. Давлат органлари ўз фаолиятини яхшилаш бўйича фуқароларнинг мурожаатларини таҳлил қилишга кўпроқ эътибор қаратиши лозим. Фуқароларимизнинг сўнгги йиллардаги яна бир талаби – ҳокимларни бевосита сайлаш тизимини жорий этишдир. Бу талаб ҳам бажарилди.

2021 йилдан қишлоқ ҳокимларини бевосита сайлаш тизими йўлга қўйилган. Ўшандан буён 2500га яқин қишлоқ ҳокими сайланган. Бу барча қишлоқ ҳокимларининг деярли 90 фоизидир. Бошқа қишлоқларда ҳам ҳокимнинг ваколат муддати тугагач, худди шу тартибда сайланади. Янги ҳокимларнинг 60 фоизи муқаддам давлат хизматида ишламаган. Улар орасида тадбиркорлар, турли партиялар вакиллари мавжуд. Ўртача 46 ёшда. Бир сўз билан айтганда, халқ томонидан сайланадиган ҳокимлар таркиби сезиларли даражада янгиланди.

Ўтган йилнинг кузида илк бор вилоят миқёсидаги туман ва шаҳар ҳокимларини сайлашни бошладик. Барча минтақаларда 45 нафар ҳоким янги усулда сайланди.

Сайлов натижаларини, сайланган ҳокимлар ишини чуқур ўргандик. Натижада қатъий қарорга келдик. Келгуси йилдан бошлаб биз мунтазам равишда янги тизимга ўтамиз. Эндиликда вилоят аҳамиятига эга туман, шаҳарлар ҳокимлари фақат бевосита сайлов йўли билан сайланади.

Ҳокимларнинг ваколат муддати тугаши билан, яъни алмашиш муддати тугагач, сайловлар босқичма-босқич ўтказилади. Бу сиёсий тизимни ислоҳ қилиш жараёнидаги яна бир муҳим қадамдир. Сиёсий ислоҳотлар бир марталик жараён эмас. Давлат равнақи учун зарур ислоҳотлар шу йўсинда давом этади.

Давлат хизматчиларининг ваколатини ошириш масаласи ҳамон долзарблигича қолмоқда. Номзодни лавозимга тайинлашда унинг касбий ва ахлоқий фазилатларини қунт билан ўрганиб чиқиш зарур. У аввал ўз ишини қандай бажарганлиги ҳам эътиборга олиниши керак. Ҳеч ким зиёлийлик тамойилларини бекор қилмади. Бу борада ижобий жиҳатлар йўқ эмас. Барча давлат органлари кадрлар бўйича ягона ахборот тизимига кўчди.

Эндиликда ҳукумат ва Давлат хизмати ишлари агентлиги бюджетдан молиялаштириладиган муассасаларнинг кадрлар масаласига доир ишини тўлиқ автоматлаштириши лозим.

Тўққизинчи. Жамиятда қонун ва интизом мафкурасини атрофлича қарор топтириш жоиз.

Рақамли технологияларнинг кундалик ҳаётимизга оммавий кириб келиши турли фирибгарликларнинг юзага келишига олиб келди. Бунга барчамиз гувоҳмиз. Шу ўринда ҳозирда молия ва иқтисод асосларини билиш, асосий рақамли кўникмаларни эгаллаш жуда муҳимдир.Шу ўринда, “AMANAT” партияси томонидан таклиф этилган “Қарзсиз жамият” лойиҳасини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Фуқароларнинг молиявий саводхонлигини оширишга қаратилган ушбу лойиҳада ўтган йили 65 минг киши иштирок этди. Бу йил эса ундан ҳам кўпроқ одам қатнашади.

Мактаблар ва олий таълим муассасаларида молиявий ва рақамли саводхонлик асосларини ўргатувчи таълим дастурини жорий этиш зарур. Бу ишни ҳукумат молия шўъбасини назорат қилувчи органлар билан ҳамкорликда амалга ошириши керак.

Буларнинг барчаси фуқароларимизнинг турли фирибгарлар тузоғига илиниб қолмаслигига имкон беради.

Барча ваколатли органлар қонунга бўйсинувчи жамоатчиликка таъсир кўрсатадиган фирибгарлик ва бошқа шунга ўхшаш ноқонуний хатти-ҳаракатларга қарши қатъий чоралар кўришлари керак.

Айни пайтда “Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Жамоатчилик ва давлат девони мазкур қонун талабларининг ижросини таъминлаш учун ўзаро саъй-ҳаракатларини умумлаштиришлари зарур. Шундагина биз вазиятни ўзгартириб, қонун устуворлиги ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлай оламиз.

Ҳар қандай жамиятда, шу жумладан, бизнинг жамиятимизда ҳам расмий тамойиллар бўлган адолат ва хавфсизликка талаблар мавжуд. Бу эҳтиёжларни тўлиқ қондириш давлатнинг самарали фаолият юритаётганлигининг ишончли кўрсаткичидир.

Мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилмоқда. Сиёсий янгиланишлар натижасида фуқароларимиз ўз фикр ва мулоҳазаларини очиқ айтишлари ва давлат қарорларини қабул қилиш жараёнларига аралашишлари учун йўл очилди. Шунингдек, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан чуқур ўзгаришлар кузатилмоқда. 

Фуқароларимизнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш борасида мажмуавий ишларни йўлга қўйдик. Асосий мақсад – адолатли жамиятни барпо этиш ва шу туфайли тараққиётнинг равон йўлига тушган илғор мамлакатга айланишдир. Шу боис биз бу борадаги муҳим ислоҳотларни давом эттирамиз ва тизимли ишларни тўхтатмаймиз. 

Яна бир масала – фуқароларнинг хавфсизлиги. Оддий фуқародан бошлаб бутун жамият хавфсизлигини таъминлаш давлат учун стратегик аҳамиятга молик устувор вазифадир.

Кўплаб мамлакатлар, ҳатто ривожланган мамлакатларда жиноятчилик ва тартибсизликларнинг авж олишига қарамай, биз сўнгги йилларда хавфсиз жамият қуришда сезиларли ютуқларга эришдик. Кўчаларимиз ва жамоат жойларида кенг тарқалган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар камаймоқда. Аммо бу ютуқларимиз билан чекланиб қололмаймиз.

Менинг асосий вазифаларимдан бири – Қозоғистонни хавфсиз ва қулай мамлакатга айлантиришдир. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ва тегишли давлат ташкилотлари зиммасига фуқароларнинг хавфсизлигини ҳар томонлама таъминлаш юкланади.

Ички ишлар вазирлиги барча ҳуқуқбузарликларга қарши, майда безорилик ва бузғунчиликдан тортиб, хорижликларнинг ноқонуний кўчиб келиши ва оғир жиноятларга қарши қатъий чоралар кўриши шарт: Қонун устуворлиги билан бошқариладиган давлатда жиноятчиликка ўрин йўқ, шу боис, босқинчилик барҳам топиши керак. Худди шу нарса турли экстремистлар, шу жумладан, диний оқимларнинг бузғунчилик фаолиятига ҳам тегишли. 

Ҳуқуқ-тартибот идоралари маҳорат, жасорат ва қатъиятлик кўрсатиши керак.

Йўл-транспорт ҳодисалари жамиятни жиддий ташвишга солмоқда. Йил бошидан буён йўл-транспорт ҳодисалари натижасида 1300дан зиёд одам ҳалок бўлди. 16 мингдан зиёд фуқаро жароҳатланди. Ҳар куни йўлларда одамлар ҳалок бўлмоқда, улар орасида бутун бошли оилалар ҳам бор.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини автотранспорт инфратузилмасини яхшилаш ва “Заковатли тизим”ни жорий этиш орқали таъминлаш мумкин. Бу нафақат маҳаллий йўллар, балки республика йўлларига ҳам тегишлидир.

Ушбу соҳа учун масъул муассаса автомобилларнинг техник ҳолати назоратини кучайтириши керак.

Ҳайдовчиларни тайёрлаш даражаси ҳам маромида эмас. Ҳайдовчилик гувоҳномаси ўқув машғулотларида иштирок этмаган фуқароларга берилган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Мен Ҳукумат, ҳокимлар ва Ички ишлар вазирлигидан янада қатъий ҳаракатларни кутмоқдаман. Бу муаммо депутатларнинг ҳам диққат марказида бўлиши керак.

Армияда қонун ва тартибни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.

Ёшлар ҳарбий хизматга Ватан олдидаги бурчини бажариш учун боришади. Аскарларимиз ўз вазифаларини муносиб даражада бажаришлари учун армияда, биринчи навбатда, қатъий интизом бўлиши керак. Қуролли кучлар ва бошқа куч ишлатар тузилмалари ушбу талабга қатъий риоя қилишлари керак. Ҳар бир ота-она ҳарбий хизматга кетган фарзандини давлатга ишониб топширади. Шу боис, аскарларнинг саломатлиги ва хавфсизлиги учун аввало, армия ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари масъулиятни ўз зиммаларига олишлари керак.

Яна бир муҳим вазифа – гиёҳванд моддалар савдоси ва гиёҳвандликка қарши кураш. Бу – миллатнинг ирсий захирасини сақлаб қолиш масаласидир. Биз бунга қадар Қонуний чора-тадбирларни қабул қилдик. Аммо аниқ натижаларга эришдик, дейишга ҳали эрта. Ҳар бир давлат тузилмаси, айниқса, ҳуқуқ-тартибот идоралари самарали ишлаяпти, деб айта олмаймиз. Гиёҳванд моддалар муаммоси тобора чигаллашиб бормоқда.

Биз қонун ва интизом, билим ва тафаккур ҳукмрон жамиятни барпо этишимиз керак. Миллат муваффақиятининг калити фуқароларнинг, айниқса, ёшларнинг маданияти, ҳамжиҳатлиги ва бунёдкорлигидадир. Дунёвий мамлакат бўлиш учун биз бузғунчилик хатти-ҳаракатлардан халос бўлишимиз керак.

Бу ҳақда мен Миллий Қурултой йиғилишида мамлакатимиз келажагига раҳна соладиган бешта ижтимоий иллатга тўхталдим. Бу вақт ичида бирқанча ишлар амалга оширилди. Бузғунчилик ва қиморбозликка қарши қонунлар қабул қилинди. Вейп, яъни электрон тамакилар тақиқланди. Қабул қилинган чора-тадбирлар натижа беряпти. Ижтимоий иллатга қарши курашда барча кучларни бирлаштириш керак.

Эзгулик ва қалб саховати том маънодаги бағрикенглик халқимизга хос фазилат. Бу фазилатлар энг оғир тарихий даврларда синовдан ўтди ва халқимиз иродасини мустаҳкамлади. Қозоғистонда тил, дин, миллат, ижтимоий мавқе ва бошқа сабабларга кўра ҳеч ким таъқиб қилинмайди ва бундай бўлиши мумкин эмас. Албатта, айрим ҳолатлар учраб туради. Лекин улар кўп ҳолларда фуқароларнинг саводсизлиги ва масъулиятсизлиги туфайли юз беради. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари доим қонун доирасида бундай воқеаларнинг олдини олади.

Бундан ташқари, бизга маълум бўлган тажовузкор кучлар, жумладан, чет элда юрганлар, жамоатчилик фикрига салбий таъсир кўрсатиб, мамлакатимизга кўз тикканлар ҳам бор.

Илгари жамиятда ҳам, Қозоғистон ҳукуматида ҳам ҳеч қандай жаҳолат бўлмаган, ҳозир ҳам йўқ, келажакда ҳам бўлмайди. Шу сабабли, пул учун мамлакат ичида нифоқ солишни кўзлайдиганларнинг ҳаракатларидан ҳеч нарса чиқмаслиги аниқ.

Биз осойишта, адолатли ва барқарор жамият барпо этишни давом эттирамиз.

Биз – тинчликсевар миллатмиз. Шу боис, биз узоқни кўра билишимиз, турли фитналардан сақланишимиз, том маънода идрокли эл эканлигимизни намоён этишимиз ва фақат қонунга таянишимиз керак.

Доим ортга назар солиб, ўтмиш билан яшаш, айбни эски тизим ёки айрим сиёсий шахслардан излашнинг ҳожати йўқ. Тарих ҳақиқатини қарор топтириш ва ўрганишингиз керак, лекин ундан тушкунликка тушиш ва айбдорларни излашнинг ҳожати йўқ. Ўтмиш воқеаларидан, улар қанчалик фожиали бўлмасин, фойдали сабоқларни олиш муҳим. Биз келажакка некбинлик билан кўз тикиб, мамлакатимизнинг равнақи ва тараққиёти ҳақида бош қотиришимиз керак. 

Яна такрор айтаман – жамиятимизда қонун ва интизом ҳукмронлик қилиши даркор. Бу – бутун жамият ва ҳар бир инсоннинг хавфсизлигини таъминлашнинг асосий талабидир. Шундагина биз Адолатли, Тоза ва Хавфсиз Қозоғистонни барпо эта оламиз. Ушбу стратегик мақсадга эришиш баробарида тинч-тотув яшашимиз ва мамлакатни осойишта ва барқарор ривожлантириш учун қулай ташқи шароитларни яратишимиз керак. Бу дипломатиянинг вазифаси бўлиб, ҳозирги мураккаб геосиёсий вазиятда жуда юксак касбий маҳоратни талаб қилади.

Қозоғистон тинчликпарвар ва мутаносиб ташқи сиёсатга қатъий амал қилади. Мамлакатимиз фаровонлиги ва мустақиллигини мустаҳкамлаш, хориждаги фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, миллий манфаатларимизни юксалтириш, иқтисодиётга сармоя жалб этиш дипломатиямизнинг асосий вазифаси. Қозоғистон доим БМТнинг Низомига қатъий риоя қилган ҳолда кўп томонлама ҳамкорликка тайёр. Элимиз халқаро хавфсизлик ва барқарорлик масалаларини ҳал этишда фаол иштирок этмоқда. 

БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг терроризм, экстремизм, ноқонуний миграция, иқлим ўзгариши ва бошқа таҳдидларга қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз. Шунингдек, БМТнинг тинчликпарвар фаолиятини, қуролсизланиш ташаббусларини ҳам қўллаб-қувватлаймиз ва қуролли можароларни дипломатик йўл билан ҳал этиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Қозоғистон раислигида Астана шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича Кенгаш, МДҲ, ШХТ, ТДТга аъзо давлат раҳбарларининг саммитлари каби қатор муҳим халқаро тадбирлар ўтди. Биз иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимизга қўллаб-қувватлаётгани учун чин дилдан миннатдорчилик билдирамиз.

Ҳурматли юртдошлар!

Сиз дунёда қандай кескин ўзгаришлар рўй бераётганидан воқифсиз. Иқтисодий, сиёсий, иқлим ва яна бошқа дунёвий, минтақавий миқёсдаги даъватлар ҳам оз эмас. Бундай шароитларда биз кундалик ишлар билан бир қаторда стратегик аҳамиятга молик бўлган кўплаб масалаларни ҳал қилишимизга тўғри келмоқда. Албатта, уларни бир вақтда ҳал қилиш учун захираларимиз етмаслиги аниқ.

Ҳеч ким буларнинг барчасини бир зумда ўзгартира олмайди. Йиллар давомида тўпланиб келаётган муаммолар мавжуд. Биз ҳеч нарсани яширмай очиқ айтамиз. Қанчалик чигал бўлмасин, барча масалаларни тизимли ва дадил ҳал қилиб келяпмиз.

Галдаги вазифаларимиз кенг қамровли. Барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш, фуқароларнинг бунёдкорлик салоҳиятини тўлиқ очиб бериш ва аҳоли фаровонлигини ошириш давлатнинг энг муҳим вазифасидир.

Ҳукумат аъзолари, ҳокимлар, депутатлар ва жамиятнинг барча вакиллари ватанпарварлик ғоясига содиқ бўлишлари шарт. Ҳар бир ташаббусимиз бунёдкорликка интилишга қаратилган бўлиб, ҳар бир қадамимиз мамлакатга фойда келтириши зарур. Биз мамлакатимиз бойликларидан тежамкорлик билан фойдалансак, фидокорона меҳнат қилсак, солиқ тўласак, мамлакат маҳсулотларини харид қилсак, турли лойиҳаларга сармоя жалб этсак, давлатимиз салоҳиятини оширамиз. Демак, Ватанимизга ҳам, оиламизга ҳам фойда келтирамиз.

Олдимизда турган муаммоларни босқичма-босқич, тизимли равишда ҳал қилишимиз керак. Буларнинг барчаси нафақат аҳолининг турмуш тарзига, балки оғир даврдаги мамлакатимиз тақдирига ҳам бевосита таъсир кўрсатади.

Бизнинг узоқ муддатли тараққиёт йўлимиз аниқ. Мақсадимиз юксак. Бунга эришиш учун, аввало, эл бирлигини сақлашимиз керак. Бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз ва ҳурмат-эҳтиром кўрсатишимиз керак.

Биз баракали бирлигимиз туфайли турли синовлардан суринмай ўтган халқмиз. Келгусида шундай давом этади. Барчамиз ягона халқ сифатида, биргаликда адолатли ва тараққий этган Қозоғистонни барпо этайлик. Ҳар ким кўзлаган мақсадига етиш ва орзуларини ҳаётга татбиқ эта оладиган давлатга айлантиришга эришайлик.

Ҳар бир инсонга ва барчага тенг имкониятлар берадиган мамлакатни, яъни Адолатли Қозоғистонни бирга барпо этайлик.

Мен Давлат раҳбари сифатида бу вазифани амалга ошириш учун бор куч-ғайратимни ишга соламан. Сиз ҳам умумий мақсадга эришиш учун астойдил ҳаракат қилишингизга ишончим комил.

Жаннатмакон Ватанимиз – Қозоғистон юксалаверсин!

Халқимиз омон бўлсин!

2024-09-05, 02:19 659
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.