26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Баҳор келиб, ёзлар ўтди...

Туркистон вилоят ва Шимкент шаҳар ўзбекларининг ишончи ва ифтихори бўлган ўзбек этномаданият бирлашмаси 35 йиллик юбилей тўйи яқинлашиб келаётганини инобатга олиб, ушбу жамоат ташкилотининг асосчилари, мақсади, аҳамияти, вазифалари ва бошқа жиҳатларини газетамиз муштарийларига таништирамиз. 

Ўтган асрнинг 80-йилларида М. Горбачевнинг ташаббуси билан “қайта қуриш” сиёсати амалга оширила бошлади Бу даврда республикамизда сони жиҳатидан жуда озчиликни ташкил этадиган бошқа миллатлар ўртасида маҳаллий ўзбеклар ўз ҳақ-ҳуқуқларидан тўлиқ фойдалана олмасдилар. Яъни маҳаллий идораларда, юқори ташкилотларда фаолият юритадиган лавозим соҳиблари ўртасида миллатдошларимиз деярли йўқ эди. Бундай вазиятда ўзбек халқининг маънавияти ва маданиятини тиклаш, сиёсий онгини юксалтириб, уни республика даражасигача кўтариш шу пайтдаги долзарб муаммолар сифатида тўпланиб қолганди. Бу ҳолат ҳаёти ва меҳнат фаолияти кўпларга ибрат бўлишга арзийдиган бир гуруҳ илғор фикрловчи зиёлилар қалбини тинч қўймасди. Уларнинг асосий мақсади мутассади ташкилотларга бориб, халқи дардини тинглатиш ва улар билан амалий ишларни жонлантириш, бунинг учун узоқни кўзловчи режалар тузиб, тадбирлар юритиш, бунда давлатимизнинг қонун-қоидаларига таянган ҳолда фаолият юритиб, кенг жамоатчиликни улуғвор вазифаларга сафарбар этиш мақсадида жамоат ташкилоти тузиш учун ёш олим Собиржон Нурматов шаҳардаги эътиборли ва таниқли инсонларни жалб этиш зарурлигини инобатга олиб, шаҳар имоми Шукрулло Муҳаммаджонов, маҳалла қўмиталари раислари ва зиёлиларидан Турдали Усмонов, Талъат Маҳмудов, Икром Ниёзов, Эргаш Йўлдошев, Эшпўлат Қирғизбоев, Муборакхон Имомсаидов, Мурод Каримбоев, Фарҳод Асилов, Абубакир Қорахўжаев, Абдулла Абдуқодировлар билан бамаслаҳат миллий жамоат ташкилотини тузиш тўғрисидаги фикрини баён этади.

Миллий этномаданият марказнинг тузилишида бош-қош бўлиб, жонини хатарга тиккан миллатимиз дарғалари халқимизни бирлаштирган, миллатнинг нуфузини мустаҳкамлаб, ўзлигини англашига чорлашган. Уларнинг сафига кейинчалик ижодкор-шоир Ирисмат Юнусматов (Сарварий), Ҳайдарқул Мирзақулов, Маҳаммад Саидов, Мираҳмад Мирхолдоров, шоир Эрназар Рўзиматов ва бошқалар киради. Бўлажак марказнинг Низоми ишлаб чиқилиб, ҳужжатлар расмийлаштирилгач, шаҳар ва вилоят раҳбарлари қурултой ўтказишга рухсат беради.

1989 йил 17 декабрь куни вилоят филармонияси биносида 500дан зиёд делегатлар иштирокида ўтган қурултойда С. Нурматов мажлисни очиб, “Чимкент шаҳри ва вилоятимиздаги ўзбек миллатининг тили, маданияти ва анъаналарининг ҳозирги аҳволи, этномаданият марказининг мақсад ва вазифалари” мавзуида маъруза учун сўзни Ирисмат Юнусматовга беради. Нотиқнинг маърузаси қатнашчилар томонидан қизғин қарши олинади. Ва ниҳоят ўзбек этномаданият маркази ташкил этилади. Қурултой сўнгги концертга уланиб, қарийб 3,5 соат давом этади. Концерт ўз мазмуни ва моҳияти билан тадбир иштирокчилари қалбида бир умрга ўчмас из қолдириб, кўпларнинг кўзларида беихтиёр қувонч ёшлари қалқиганини кўрганман. Қурултойда Собиржон Нурматов – раис, муовини этиб Фарҳод Асилов ва Абубакир Қорахўжаевлар сайланади.

“Ўзбек маданият маркази” номи билан асос солинган жамоат ташкилоти кейинчалик 1992 йил 26 февралдаги қурултойда вилоят ўзбек маданият маркази мақомини олди ва Маҳаммадрасул Исоқов раис этиб сайланади...

Ўзбек маданият маркази ташкил этилгач ...

17 декабрь куни ўтказилган қурултойда ўзбек тилида газета ва театр йўқлиги ҳақида ҳам сўз юритилганди. 1990 йилда КПСС МКнинг Бош котиби М. Горбачев номига бир гуруҳ фаол-ижодкорлар томонидан 405 нафар киши имзоси билан хат йўлланади. Давлат раҳбари хатга жавоб бериб, “иложи бўлса, ўзбек тилида вилоят газетаси чиқарилсин”, деб имзо қўяди. Шундан сўнг, 1990 йил декабрда илк бор “Дўстлик байроғи” (ҳозирги “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси)нинг нишона сонини тайёрлашда журналистлардан Мираҳмад Мирхолдоров, Абдували Рўзиметов, Юсуфжон Сайдалиев, Абдуманноп Алесов, Муроджон Абубакиров, Иброҳим Туркий, устоз-мураббийлар Бегмат Турдиқулов, Фарҳод Асилов ҳамда Шукрулло ҳожи Муҳаммаджоновларнинг ҳиссалари салмоқли бўлган эди.

Мана салкам ўттиз беш йилдирки, ушбу газета республика ва вилоятимизда эришилаётган муваффақиятларни ёритиш билан биргаликда халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, миллат тарихи, тили, маданияти, санъати, урф-одатларини тарғиб этиш ҳамда буюк истеъдод соҳибларини элга таништиришда фаоллик кўрсатмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, ҚР Парламенти ва Сенатига сайланган тўрт нафар депутатларимиздан уч нафари, 2003 йилда очилган ўзбек драма театрининг икки нафар директори халқ кўзгуси бўлмиш “Жанубий Қозоғистон” рўзномаси бешигида вояга етиб, улғайганлар. Ўзбек маданият маркази 1992 йилда вилоят мақомига эга бўлгач, 1993 йилдан 1996 йилга қадар 67 талаба Ўзбекистонда ўз она тилларида олий ўқув юртлари ҳамда ўрта махсус ўқув юртларида таълим олишди.

Сўнгги йилларда Туркистон вилоят ЎЭМБ раиси Бадриддин Нишонқуловнинг саъй-ҳаракати ва ғамхўрлигида кўпгина ёшларимиз чет элларда ва ўзимизнинг нуфузли ОТМларида таълим олишди. Лекин уларнинг бирортаси бугунги кунда юқори ташкилотлар, маҳаллий идораларда фаолият юритяптими ёки йўқми, бу томони бизга қоронғу.

Жамоат ташкилотининг ўзбек тўйларини тартибга келтириш (пул сочишлар, ҳаводор) борасида салмоқли ишларни амалга оширганлигининг гувоҳимиз. 

Бундан 35 йил муқаддам қалтис даврда “юрак ютиб”, халқни бириктириб, эл қалбига йўл топган миллатпарвар отахонларнинг амалга оширган хизматини эслаб, ҳурматини жойига қўядиган шаҳар, вилоят ўзбек этномаданият бирлашмалари раҳбарлари 2024 йилнинг 17 декабрида бирор тадбир ўтказишармикин?!

Ҳайитмат МУҲИДДИНОВ, фахрий қурувчи, тарихий қурултой иштирокчиси, 2024-09-21, 03:01 397
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.