26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Президент Қасим-Жўмарт Тўқаев Туркистон вилоятига ташрифи чоғида нималарга эътибор қаратди?

Аввал хабар қилганимиздек, Давлат раҳбари вилоятимизга сафари доирасида қатор ижтимоий, маданий иншоотлар, саноат корхоналари, агросаноат ташкилотлари ҳамда Туркистон шаҳрида янги қурилган “Дўстлик уйи”нинг фаолияти билан танишди. 

– Туркистон вилоятининг келажаги порлоқ. Ёшларимизга ибрат бўлаётган фахрийларга миннатдорчилик билдираман. Биз биринчи навбатда ёшларни қўллаб-қувватлашимиз керак. Барчамиз Ватанимизнинг равнақи йўлида ҳамкорликда ҳаракат қилишимиз жоиз. Кўп ташқи хавфлар мавжуд. Вазият барчангизга маълум. Туркистон вилоятида 50 миллат вакиллари истиқомат қилади. Ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, юртимиз равнақи йўлидаги меҳнатингиздан миннатдорман. Қозоғистонда ҳеч қачон келажакдан хавотирланишга асос бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Биз ҳамжиҳат, бағрикенг, вазмин, меҳнаткаш халқмиз. Бу – энг муҳим жиҳат. Шундай экан, биз бирлашган жамият асосларини мустаҳкамлашда давом этамиз, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев вилоят фаоллари билан учрашувда.

Давлат раҳбари Туркистон гўзал ва мусаффо шаҳарга айланганига эътибор қаратди. Бу Туркистонга вилоят маркази мақомини берган Қозоғистоннинг Тўнғич Президенти Нурсултан Назарбаевнинг хизматлари ҳосиласи эканлигини таъкидлади.

Йиғилишда Оқсоқоллар кенгаши раиси Сўзақбай Абдиқулов Туркистон вилоятга айланганидан буён амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларга алоҳида тўхталиб, аҳоли зич жойлашган минтақага кўрсатилаётган ғамхўрлик учун давлатимизга миннатдорчилик билдирди.

«SPK TURKISTAN» саноат паркида ташкил этилган кўргазмада гўшт, сут ва балиқ маҳсулотлари, ичимликлар, музқаймоқ, шоколад, шунингдек, йирик қишлоқ хўжалиги бирлашмалари томонидан етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотлари намойиш этилди.

Президентга вилоятда агросаноат мажмуасини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари таништирилди.

Хусусан, вилоятда қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш, сувни тежаш технологияларини жорий этиш, иссиқхоналар сонини кўпайтириш, сармоявий лойиҳаларни амалга оширишга эътибор қаратилади.

Қасим-Жўмарт Тўқаев тадбиркорлар билан мулоқотда қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашди.

– Иш муваффақиятли олиб борилмоқда. Ҳукумат минтақага ёрдам беради. Кейинги йилларда Туркистон вилоятида барча соҳаларда салмоқли натижаларга эришилаётгани ҳам алоҳида таҳсинга лойиқ. Ҳоким ишбилармон, яхши ишлаяпти. Шундай экан, минтақанинг келажаги ёрқин бўлади, деб ўйлайман. Барчангизга муваффақиятлар тилайман, – деди Президент.

Давлат раҳбари Ўрдабоши туманидаги Бадам қишлоғида жойлашган “Борте Милка” МЧБга қарашли сутчилик фермасида бўлди.

Хўжаликда кунига 25 тонна сут қайта ишланиб, 20 турдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. 

Президент ушбу тумандаги «JNRAY Group» МЧБ томонидан жорий йилда ишга туширилган тикувчилик корхонаси фаолияти билан ҳам танишди.

Саноатлаштириш давлат дастури доирасида майдони 6 минг квадрат метр бўлган енгил саноат иншоотини очиш учун 1,4 миллиард тенге миқдорида молиявий ёрдам кўрсатилди.

Бугунги кунда корхонада 300 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Келгусида маҳсулот турини кўпайтириш, тикувчилар сонини 500 нафарга етказиш режаланган.

Вилоят ҳокими Дархан Сатибалди маълум қилганидек, 2024-2027-йилларда умумий қиймати 2,5 триллион тенгега тенг 145та сармоявий лойиҳани ишга тушириш вазифаси белгиланди. Бу 20 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш имконини беради.

Президентга Хитой компанияси билан пахтанинг элита навларини етиштириш ва ҳудудда тўқимачилик кластерини барпо этиш юзасидан музокаралар олиб борилаётгани маълум қилинди.

 

Akoda.kz. маълумотлари асосида, 2024-10-01, 01:44 197
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.